Карвонсарой
Дипломатия

Нью-Йоркдаги «С5+1» учрашуви «янги шериклик муҳитини» намоён этди

Айдар Ашимов

Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Девид Хейл 21 август куни Нур-Султонда бўлиб ўтган «C5+1» вазирлар йиғилишида суратга тушмоқда. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котибининг ўринбосари Девид Хейл 21 август куни Нур-Султонда бўлиб ўтган «C5+1» вазирлар йиғилишида суратга тушмоқда. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – АҚШ ва Марказий Осиёнинг беш мамлакати расмийлари Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Бош ассамблеяси доирасида ҳамкорликни муҳокама қилиш учун учрашдилар.

22 сентябрь кунги учрашув «C5+1» форматида бўлиб ўтди, бу турдаги илк мулоқот 2015 йил сентябрь ойида ўтказилган.

«C5+1 – бу умумий муаммоларни муҳокама қилиш ва улар устида ишлаш учун Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШни бирлаштирувчи платформадир», дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Бу йилги музокараларда АҚШ давлат котиби Майк Помпео, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари ва Туркманистоннинг АҚШдаги элчиси иштирок этди.

22 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган «C5+1» вазирлар йиғилишида иштирок этган расмийлар. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

22 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган «C5+1» вазирлар йиғилишида иштирок этган расмийлар. (Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги)

Томонлар савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш йўлларини, шунингдек, интеграция жараёнлари ва Марказий Осиёдаги таҳдидларга қарши кураш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилдилар, деб хабар берган Қозоғистон ТИВ.

«C5+1» платформаси Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва минтақанинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун АҚШ ресурсларини жалб қилишнинг самарали усулидир, деб таъкидлади Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди.

«Биз терроризмга қарши кураш, айниқса хориждаги жангарилар ва уларнинг оилаларини қайтариш, жавобгарликка тортиш ва жамиятга мослашдек қийин, аммо жуда муҳим вазифани бажаришда биргаликда ишлашимиз зарур», деб айтган Помпео АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

У, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди.

Бу воқеадан аввалроқ, Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби муовини Девид Хейл 21 август куни Нур-Султонда учрашиб, савдо, минтақадаги кўп томонлама иқтисодий лойиҳалар, шунингдек, Марказий Осиё инфратузилмаси ҳамда транзит ва транспорт имкониятларини муҳокама қилган эдилар.

Умумий нуқталар

«Иштирокчилар ҳамкорликнинг янги муҳитини қайд этиб, ушбу форматнинг муҳимлигини яна бир карра тасдиқладилар ҳамда доимий мулоқот ва қўшма саъй-ҳаракатлар орқали ҳамкорлик, минтақавий барқарорлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга келишиб олдилар», дейилади 24 сентябрь кунги қўшма баёнотда.

Баёнотда «ҳар бир мамлакат суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши, шунингдек, Марказий Осиёнинг кучли, мустақил, гуллаб-яшнаган ва барқарор минтақа бўлишга интилаётгани» таъкидланган.

Томонлар «C5+1» дипломатик платформасини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Марказий Осиёнинг экспорт салоҳиятини ошириш, терроризм ва жанговар экстремизмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш, Афғонистондаги низони тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳаларда биргаликдаги фаолият олиб боришга келишиб олдилар.

Ҳужжатда «мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш каби умумий йўналишлар» баён этилган, дейди Нур-султонлик сиёсатшунос Ернар Бейсалиев.

«Минтақавий шериклик тўғрисидаги «C5+1» қўшма баёноти шериклик ва ҳамкорлик декларацияси бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШнинг ушбу ҳамкорлик форматида биргаликда ишлашни давом эттириш ниятини тасдиқлайди», деди у.

«C5+1» ўз самарадорлигини исботлаб бўлган, дейди Бейсалиев.

«Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва Қўшма Штатлар билан алоқаларни ривожлантириш Қозоғистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишидир. Нур-Султон «C5+1» форматини сақлаб қолиш ва кенгайтириш чораларини кўрмоқда», деди у.

«Бунга қадар, Россия иштирокида «Марказий Осиё ҳамкорлиги» деб номланган ягона платформани яратишга уриниш бўлган ва фикримча, у умидларни оқламади», деди Беисалиев.

Бейсалиев қўшма ҳаракатлар «C5+1» форматида муваффақиятли бўлишига ва «эълон қилинган барча режалар муваффақиятли амалга ошишига» ишонч билдирди.

«Глобаллашув шароитида ушбу ҳамкорлик барча иштирокчи давлатлар учун манфаатли бўлади. Америка Қўшма Штатлари таклиф қилган стратегия Марказий Осиё мамлакатлари манфаатларига тўла жавоб беради», деди Беисалиев.

«Умид қиламизки, ушбу баёнот Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик ривожига муайян даражада таъсир қилади», дейди Daryo.uz интернет-нашри бош муҳаррири ўринбосари ва Тошкентдаги «Турон24» ахборот агентлигининг бўлим бошлиғи Элдор Асанов

Баёнотда Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиши ва жаҳон иқтисодиётига интеграцияси ҳақида сўз юритилган, деди у АҚШ сармоядорлари ва ишлаб чиқарувчилари уч йилдан бери (ислоҳотчи Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан буён) Ўзбекистондаги воқеалар ривожини кузатиб боришаётганини қўшимча қилар экан.

«Марказий Осиё минтақаси истиқболда АҚШ ишбилармонларида катта қизиқиш уйғотиши мумкин», деди Асанов.

Минтақавий хавфсизлик, ва фуқаролик жамияти

Қўшма баёнотда минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашда аҳамиятли бўлган бошқа масалалар ҳам тилга олинган, дейди Асанов.

«C5+1 вазирларининг қўшма баёноти АҚШнинг амалдаги раҳбарияти минтақа мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва улар билан биргаликда долзарб минтақавий муаммоларни, жумладан, C5+1 форматини янада кучайтириш ва терроризмга қарши курашда ҳамкорликка умид қилаётганини тасдиқлади», деб қайд этди у.

«Терроризм чегара билмайди, террорчилар хориждан туриб молиялаштирилади, интернетда бошқа мамлакат мафкурачилари ёшларимиз онгини заҳарлайди. Бу умумий муаммо, умумий бало, унга фақат биргаликда барҳам бера оламиз», деди Чимкентда жойлашган «Алтын карлыгаш» (Олтин қалдирғоч) нодавлат ташкилоти раҳбари Лейла Байманова.

Байманова қўшма баёнотда тилга олинган фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Мамлакатлар фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, БМТ низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги декларация каби халқаро стандартларга риоя қилиш ниятларини очиқладилар. Бу биз каби жамоатчилик фаоллари учун жуда муҳим», деди у.

Марказий Осиёдаги фуқаролик ташкилотларини қўллаб-қувватлашга АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва АҚШ жамғармалари ҳам катта ҳисса қўшган, дейди у.

«Мамлакатларимиздаги фуқаролик жамиятининг шаклланишида хорижий фондларнинг кўмаги ва сўнгги йилларда ҳукуматлар томонидан билдирилган англашув муҳим роль ўйнади», деди Байманова. «Бугунги кунда кўплаб ННТлар мустаҳкам оёққа турган ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш имконига эга.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500