Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россия Марказий осиёлик экспортчиларга нисбатан протекционизм сиёсатини давом эттирмоқда

Канат Алтинбаев

«Becker & K» супермаркети, 29 октябрь куни Олмаотада олинган сурат. Компания Россияда уч йилдан бери маъмурий тўсиқларга дуч келмоқда, дейди «Becker & K» бош директори Алмаз Тубеков. [Канат Алтинбаев]

«Becker & K» супермаркети, 29 октябрь куни Олмаотада олинган сурат. Компания Россияда уч йилдан бери маъмурий тўсиқларга дуч келмоқда, дейди «Becker & K» бош директори Алмаз Тубеков. [Канат Алтинбаев]

ОЛМАОТА – Марказий Осиёлик экспортчилар Россиянинг тобора кучайиб бораётган протекционизм сиёсатидан шикоят қилмоқдалар – бу Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фақат Москва учун манфаатли эканининг яна бир исботидир, деб огоҳлантиради кузатувчилар.

Аслида ЕОИИ аъзо давлатларга муаммосиз импорт-экспорт билан шуғулланишга ёрдам бериши керак эди, лекин ЕОИИга қўшилиш, аксинча, Марказий Осиё давлатлари учун бир қатор иқтисодий, геосиёсий ва ҳатто ижтимоий муаммоларни пайдо қилди.

Ана шундай ҳолатларнинг бирида Россиянинг озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш ташкилоти – «Россельхознадзор» Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигига «Becker & K» компанияси етказиб берган гўшт маҳсулотларида «рўйхатга олинмаган ДНК белгилари» мавжудлиги ҳақида хат йўллаган. Бу ҳақда сентябрь ойида Қозоғистоннинг «Информбюро» янгиликлар сайти хабар берган.

«Becker & K» бош директори Алмаз Тубеков ЕОИИ ижрочи органи – Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИК) аъзолари билан учрашувида унинг компанияси техник талабларга жавоб беришини таъкидлаган.

«Шу билан бирга, бегона ДНК «излари» мавжудлигининг минимал рухсат этилган кўрсаткичлари белгилаб берилмаган», деди у.

Гап маҳсулот таркибида «жуда оз миқдордаги бегона ДНК белгилари» мавжудлиги ҳақида кетмоқда, деди Тубеков. У турли гўшт маҳсулотларини биргаликда ташиш ёки қайта ишлаш заводларида ишчиларнинг қўли гўштга тегишидан келиб чиқиши туфайли шундай ҳолатлар юз беришини қўшимча қилган.

Бу ҳаво-томчи йўли билан ҳам ўтиши мумкин, деди у. «Ҳодиса молекуляр даражада юз беради.»

«Becker & K» уч йилдан бери Россияда маъмурий тўсиқларга учраб келмоқда, дейди Тубеков. Россия ҳукумати «ЕОИИ мамлакатларидан келаётган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам чегарада, ҳам дўконлардаги текширувлар вақтида ниҳоятда қатъийлик билан назорат қилади».

«Биз Россельхознадзор томонидан протекционизмни ҳис қилмоқдамиз», деди у.

Бошқа давлатларга экспорт қилиш осонроқ, у ерда аниқ қоидалар бор ва чексиз бюрократик текширувлар йўқ, деди Тубеков. Россия маҳсулотлари ҳам техник талабларга мувофиқ эмас, лекин Қозоғистон уларга қарши жавоб чораларини кўрмади, деб қўшимча қилди у.

Адолатсиз рақобат

Бундай ҳолат Россия ҳукуматининг ЕОИИдаги шерикларига нисбатан маъмурий воситаларни суистеъмол қилиши билан боғлиқ кўплаб мисоллардан биридир.

Февраль ойида Олмаотада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қозоғистоннинг етакчи қандолат ишлаб чиқарувчиси бўлган «Рахат» компанияси раҳбари Константин Федорец мухбирларга Россия компаниялари «Рахат»ни мунтазам равишда юридик можароларга жалб қилиши ва тартибга солувчи органлар доимий тарзда компания маҳсулотларини мусодара қилишини айтган эди.

Федорецнинг сўзларига кўра, Россия компаниялари хорижий рақобатчиларни жиловлаш учун ҳукумат идораларидаги танишларига мурожаат қилади.

Федорецнинг сўзларига кўра, Россия қандолатчилик компаниялари ҳукумат идораларига нисбатан таъсир кучига ва маҳаллий ҳокимият органлари: вазирликлар, божхона, солиқ идоралари раҳбарлари билан яхши алоқаларга эга.

«Россия ҳамма ерда куч ишлатишни маъқул кўради, шу жумладан чакана савдода ҳам», деб таъкидлади у.

ЕОИИ Россия тадбиркорлари, инвестициялари ва маҳсулотлари учун қулай шарт-шароитларни яратди, аммо қолган аъзо давлатлардан бўлган рақобатчи компаниялар оғир, тенг бўлмаган шароитларда ишлашга мажбур, дейди Олмаотада яшовчи қозоғистонлик собиқ дипломат ва «Марказий Осиёдаги геосиёсат» китоби муаллифи Расул Жумали.

«Россия нобозор механизмлари ва тартибга солувчи идоралардан фойдаланмоқда, улар гўёки санитария меъёрлари бузилганини аниқласа-да, аслида рақобатчиларни йўқ қилмоқда», деди у.

Жумалининг таъкидлашича, ЕОИИ аслида ҳеч қандай иқтисодий миссияга эга эмас, у постсовет маконда Россиянинг аввалги мавқеини тиклашга қаратилган сиёсий лойиҳадир.

Россиянинг протекционистик сиёсати олий даражадаги расмийларнинг ҳам танқидига учраган.

«Россиянинг ўз ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш истаги туфайли ... минтақавий даражадаги турли экспертизалар, қўшимча талаблар, норасмий буйруқлар ва бошқалар жорий этилмоқда», деди Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 1 октябрь куни.

Бу ҳақда у Ереванда ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Евроосий олий иқтисодий кенгашининг мажлисида маълум қилган.

«Бундай амалиёт номақбул ва интеграциялашувимиз тамойилларига зид», деди Тўқаев.

Таъсирнинг кучайиши

Россиянинг ўз таъсирини сақлаб қолиш йўлидаги сўнгги чораларидан бири Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш учун Ўзбекистонга босим ўтказиш билан боғлиқ.

Россияниг Қримни ноқонуний аннексия қилиш ортидан Ғарб давлатларининг санкцияларидан азият чеккан Москва Ўзбекистоннинг 33 миллион фуқаросига янги имкониятлар марраси деб қараётган кўринади.

Россия федерацияси Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко 2 октябрь куни Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «қарор қабул қилгани ва Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи кўриб чиқилаётганини» айтган. Бу ҳақда Кремль назоратидаги «РИА Новости» янгиликлар сайти хабар берган.

У «Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиши кечиктирмасдан амалга оширилишига» умид билдирган.

Лекин расмий Тошкент россиялик амалдор хулоса чиқаришга шошилганини билдирди.

Тошкент ЕОИИга аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилмаган, деди 4 октябрь куни Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

«Ўзбекистон босим ўтказиш мумкин бўлган давлат эмас», деди Сафоев ва ЕОИИга аъзолик масаласи Ўзбекистонда уч йилдан бери ўрганилаётганини маълум қилди.

Марказий Осиё расмийлари ЕОИИга қўшилиш билан боғлиқ потенциал таҳдидларни кўриб, айрим йўналишлар устидан назорат Иттифоққа топширилишига қаршилик қилганлар.

Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган минтақавий тараққиёт банки – Евроосиё Тараққиёт банки (ЕОТБ) ЕОИИнинг бўлажак марказий банки учун намуна бўлади, деган эди ЕОТБ бошқаруви раиси Андрей Бельянинов 25 сентябрь кунги баёнотида.

Қозоғистон расмийлари Бельяниновнинг баёнотига эътироз билдирганлар

Орадан икки кун ўтиб, Қозоғистон миллий банки «Пул-кредит сиёсати ва валютани тартибга солиш тўлиқ ЕОИИга аъзо давлатлар марказий банклари ваколатида қолади» деб баёнот берди.

Баёнотда, шунингдек, «Валюта иттифоқини шакллантириш ва ягона валютани жорий этиш кўзда тутилмагани» ва «ягона марказий банкни яратиш кўзда тутилмагани ва режалаштирилмаётгани» таъкидланган.

«ЕОТБ раҳбариятининг баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди ва ЕОИИ доирасида қабул қилинган келишувларга зид», дейилади баёнотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбекистон ҳеч қачон ЕОИИга аъзо бўлмайди

Жавоб бериш

Чиқиш керак у ердан, тамом-вассалом.

Жавоб бериш

Фақат Россияга манфаат олиб келувчи Тайга иттифоқидан чиқишимиз керак

Жавоб бериш

«Беккер» ҳам, «Рахат» ҳам ноқонуний равишда тортиб олинган

Жавоб бериш

Россия маҳсулотлари савдосини ҳам тақиқлаш керак

Жавоб бериш