Карвонсарой
Таҳлил

Янги ИД етакчисининг ким эканлиги махфийлигича қолмоқда

AFP

Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг асл шахси сир тутилаётган бир вақтда гуруҳ стратегияси ҳам номаълумлигича қолмоқда. (Файл)

Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг асл шахси сир тутилаётган бир вақтда гуруҳ стратегияси ҳам номаълумлигича қолмоқда. (Файл)

«Ислом давлати» (ИД) етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий АҚШ махсус кучларининг октябрь ойидаги операцияси давомида ўлдирилиши ортидан гуруҳ етакчи сифатида унинг ўрнига келган одамнинг исмини эълон қилди.

Аммо Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайшийнинг асл шахси гуруҳнинг стратегияси билан бирга махфийлигича қолмоқда.

«У ИДнинг етакчи қозиси ва гуруҳнинг «шариат қўмитасини» бошқаришидан ташқари ҳеч қандай қўшимча маълумот йўқ», дейди ироқлик ИД таҳлилчиси Ҳишом ал-Ҳошимий.

Ҳатто бу одам ҳақиқатан ҳам мавжуд эканлигига шубҳа бор.

Айрим тахминларга кўра, кутилмаган воқеадан шошиб қолган гуруҳ ўзини ҳамма нарсани назорат остида ушлаб тургандек кўрсатиш учун янги етакчининг исмини эълон қилган.

«Ал-Бағдодийнинг шафқатсиз йўқ қилиниши гуруҳ учун кутилмаган ҳодиса бўлди», деди Париждаги Sciences-Po университетининг араб давлатлари бўйича мутахассиси Жан-Пьер Филю.

«Шундан сўнг вориснинг номи эълон қилинган, лекин, бу ҳақиқатми ёки Сурия ва Ироқда ҳақиқий ворисни тайинлаш жараёни кетаётганини яшириш мақсадида қилинганми – буни билмаймиз», деди у.

Стратегик йўлбошчилик

«Бу дунёда етакчи ким эканлигини сир сақлаб бўлмайди, бугунги кун ёки яқин ўтмишдаги ҳеч қандай террорчилик гуруҳи ўз бошқарув тузилмасини сир сақлай олмаган. Буни ҳеч ким уддалай олмайди», деди Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази вакили Сет Джонс.

Унинг бор ёки йўқлигидан қатъи назар, етакчи ўзини етарли даражада намоён қилмаган.

Эътибордан четда юрган ал-Бағдодий раҳбарлиги даврида ҳам ИД тажриба тариқасида прото-давлат тузишга уринган – у мактаб дарсликларини ишлаб чиққан ва ўз валютасини яратган.

Экстремистик гуруҳ март ойида Сурияда қўл остидаги сўнгги ҳудуд – Боғуздан сиқиб чиқарилганидан кейин асосан партизанлик тактикасига ўтиб олган.

Ал-Қурайший етакчиликка оид ички муаммоларини ҳал қилишни истаса, соядан чиқиши лозим, дейди таҳлилчилар.

«Унинг ўз мавқеини намоён қилиш, салоҳиятини кўрсатиш ва хавфсизликка интилиш истаги ўртасида кескинлик юзага келади», деди Вашингтондаги Жоржтаун университети тадқиқотчиси Даниель Байман.

Охиргисини танлаш унга қимматга тушиши мукин, чунки бу етакчилик учун курашаётган экстремистик гуруҳлар учун бўшлиқ пайдо қилади.

«Биз бошқа экстремистларнинг кескин танқидига гувоҳ бўляпмиз. Улар халифалик бўлмаса халифа бўлиш имконсиз эканлигини иддао қиляптилар», деди Байман. «Бу шахснинг етакчиликни барпо қилиши қийин бўлади.»

Филюнинг сўзларига кўра, Мисрнинг Синай ва катта Саҳрои Кабирдаги ИД бўлинмалари томонидан олиб борилаётган шиддатли ҳужумлар марказий раҳбариятга қайта тикланиш учун вақтдан ютишга ёрдам бермоқда.

«Бурилиш нуқтаси»

Қўшма Штатлардаги «Heritage» фонди тадқиқотчиси Робин Симкоксга кўра, заифлашган ИД яқин келажакда йўқотган ерларни қайта қўлга олиши даргумон, яъни улар сояга ўтиб, «исёнчилик» тактикасини олиб боришади.

«Бу уларни янада мураккаброқ рақибга айлантирса-да, аввалгидек одам ёллаш имкониятларини ҳам камайтиради, чунки чет элликлар бориши мумкин бўлган «халифалик» энди йўқ», деди у.

«Шунингдек, маблағ йиғиш ҳам қийинлашади. Авваллари ИД «халифалик» назорати остидагилардан солиқ тўплаш ва товламачилик йўли билан катта даромад олган», деб қўшимча қилди у.

Байманнинг сўзларига кўра, бу гуруҳ учун «бурилиш нуқтаси»дир.

«Аммо етакчи ҳақида етарли маълумот йўқлиги сабаб улар қайси томонга бурилишини айтиш мушкул», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500