ТОШКЕНТ – Ўтган йили Ўзбекистон мамлакат ёшлари ва таълимга қаратилган янгича ёндашув билан экстремизмга қарши кураш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни давом эттирди.
2019 йил май ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев диний-маърифий ишларни янада фаоллаштириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши ва мафкуравий иммунитетини ривожлантиришга қаратилган чораларни тасдиқлади.
Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида давлат таълимга эътиборни кучайтирди, деди «Шарҳ ва Тавсия» маркази раҳбари, тошкентлик социолог Саур Якупов.
Ҳар йили Ўзбекистон университетлари ўқишга қабул қилинадиган талабалар сонини оширмоқда, янги ўқув муассасалари, жумладан хорижий ОТМлар очилмоқда.
2017-2019 йилларда 35 та олий ва ўрта таълим масканлари, жумладан 13 та чет эл мактаблари очилган. 2019 йилда миллиондан ортиқ ўзбекистонлик давлат университетларига ҳужжат топширган ва 102 минг абитуриент талаба бўлган, деб хабар берган маҳаллий ОАВ.
Бу таълим масканларида экстремизмга қарши кураш бўйича фаол иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшлар маънавиятини ривожлантириш ва уларни тарбиялашга қаратилган тадбирларни ўтказиб келмоқда.
Шу билан бирга, ёшларга мўлжалланган лойиҳалар ҳам ўзбек ҳукуматининг доимий эътиборида.
Ҳукумат 2017 йилдан бошлаб ёш томошабинлар учун энг мақбул вақт – соат кечки 5 дан 8 га қадар экстремизмга қарши ахборот урушлари бўйича маърифий кўрсатувларни эфирга узата бошлади.
Ўша йилнинг ўзида «Маданият ва маърифат» телеканали ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари «Зиё» ва «Ҳидоят сари» кўрсатувлари намойишини йўлга қўйди.
Дастурлар диний тоқатсизликнинг хато эканини кўрсатади ва асл Исломга оид фундаментал билимларни беради.
Реабилитация
Шу билан бирга, ҳукумат экстремистик алдов қурбонларининг реабилитациясини устувор масала сифатида белгилаган.
2017 йилда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси қошида махсус аксилтеррор маркази очилди. Якуповга кўра, марказнинг ўзига хослиги шундаки, у ерда нафақат ҳуқуқ муҳофазачилари, балки керакли билимга эга диний мутахассислар, шарқшунослар, оилавий руҳшунослар ва социологлар ҳам ишлайди.
Шунингдек, 2016-2019 йилларда 6300 нафар собиқ экстремист авф этилди ёки уларга нисбатан амнистия қўлланилди, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси.
2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати 18 минг фуқарони экстремистлар рўйхатидан чиқарди. Бу уларга оиласига қайтиш ва яқинлари бағрида реабилитациядан ўтишга имкон беради, деди Якупов.
2019 йилда Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши ўтган йили Ўзбекистонда юз берган энг муҳим 10 воқеанинг бири сифатида эътироф этилди. Кузатувчилар буни экстремизмга қарши ҳуқуқбузарликларсиз кураш чораларининг рамзи дея олқишладилар.
Якуповнинг таъкидлашича, бу воқеа кучли ўнликка киритилгани бежиз эмас, чунки у бешта устувор йўналиш бўйича мамлакатнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида энг юқори кўрсаткичга эга эди.
Ушбу вазифалардан бири мутаассиблик ва экстремизмни инкор қиладиган бағрикенг жамиятни барпо этиш эди, деди Якупов.
«Бу мақсадга эришиш учун Ўзбекистон ... экстремизмга қарши курашда стандарт ёндашувдан воз кеча олди, муаммони ўрганиш методологиясини ишлаб чиқди ва динни бошқариш сиёсати учун илмий асос яратиб, бир қатор муҳим чораларни кўрди», деди у.
Меҳнат мигрантлари билан ишлаш
Якуповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ичкарисидаги ишлар давом этаётган бир пайтда, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган.
Меҳнат миграцияси 2006 йилдан бери оммавий тус олди. «Sharh va Tavsiya» ижтимоий маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 21-36 ёшдаги эркакларнинг 40 фоизи меҳнат мигрантига айланган.
Бу ёшларнинг энг заиф қатламидир. Улар илк марта ўзлари яшаган маҳаллий шароит таъсиридан чиқиб, бегона муҳитда нотаниш маданиятга дуч келадилар, дейди Якупов.
Якуповга кўра, ўзбек ёшлари бундай вазиятларда ўзлари учун яхши таниш ва одатий қоидалар амал қиладиган уйдаги шароитга ўхшаш ижтимоий муҳитни яратишга интиладилар,.
Уйда улар учун дин урф-одатларга бўйсуниш бўлган бўлса, бегона юртда у нажот ва сўнгги бошпанага айланади. Шу сабабли, масжидга бориш – таскин берувчи мажбурий ҳафталик маросим бўлиб қолади», деди у.
Бу босқичда уларни «экстремизм даъватчилари» пойлаб туради. Уларнинг Исломга бегона, аммо мусулмонлар тилида янграйдиган нутқлари бамисоли унумдор ерга қадалгандек бўлади», дейди Якупов.
Хориждаги ўзбекларнинг кўпчилиги ноқонуний мигрантлар бўлгани сабабли, Якупов давлат идораларига фуқаролик гуруҳлари билан биргаликда уларга қонуний ишлашга кўмаклашиш режасини ишлаб чиқишни тавсия қилган.
«Мигрантларни ватандошлар уюшмаларига бирлаштириш, улар учун бўш вақтини чоғ ўтказиш ва ўзлари учун одатий бўлган муҳитда мулоқот қилишга имкон берадиган жойларни ташкил қилиш лозим», деди у.
Якуповга кўра, бу муаммо ёш йигитнинг экстремистлар таъсирида бўлган ҳолатида унга таъсир қилувчи бир нечта омилларни ўз ичига олади.
Шу боис, ечимга ёндашув ҳам шу каби кўп ўлчовли ва мураккаб бўлиши керак, деб қўшимча қилди у.