https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/08/21/feature-01
| Жиноят ва адолат

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистондаги машъум қамоқхонанинг ёпилганини олқишлади

Максим Енисеев

image

Ички ишлар вазирлиги Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилишини Ўзбекистон учун тарихий воқеа деб атади. Суратда: қўлга олинган гумондор. (Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги)

ТОШКЕНТ – Август ойи бошида мунтазам қийноқлари билан танилган машъум Жаслиқ колониясини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон ҳукуматининг қарори халқаро ҳамжамият ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан олқишга сазовор бўлди.

2 август куни президент Шавкат Мирзиёев қамоқхонани тугатиш ҳақидаги қарорни имзолаган бўлса-да, маҳбусларни бошқа жойга кўчириш ва бошқа зарурий ишларни амалга ошириш учун қанча вақт керак бўлиши ноаниқ.

Ушбу воқеа Ўзбекистон Мирзиёевнинг ўтмишдоши, марҳум Ислом Каримов ҳумкронлиги давридагидан фарқли равишда инсон ҳуқуқларини поймол қилмасдан экстремизмга қарши курашга интилаётган бир вақтга тўғри келди.

Жаслиқ қамоқхонаси 1999 йилда Тошкентда юз берган қонли портлашлардан сўнг, Қорақалпоғистон автоном республикасида ташкил этилган эди, деб хабар берган Озод Европа / Озодлик радиоси.

image

Жаслиқ қамоқхонасининг Google харитасидаги кўриниши.

image

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 5 август куни Ўзбекистон телевидениеси орқали Жаслиқ қамоқхонасининг ёпилиши ҳақида баёнот бермоқда.

Ҳукумат портлашлар учун масъулиятни экстремистлар зиммасига юклар экан, ўн минглаб одамлар ҳибсга олиниб, уларга нисбатан тазйиқлар бошланган.

Ўшандан бери қамоқхонада кўп бор инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва қийноқлар қўлланганига оид айбловлар янграган. Жумладан, Human Rights Watch ташкилотининг 2000 йилги ҳисоботида Жаслиқ ва бошқа қамоқхоналардаги оғир шароит, маҳбусларга нисбатан шафқатсизликлар ва қийноқлар қўлланиши айтилган эди.

Унинг ёпилиши «мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди», деди 5 август куни ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистон телевидениесидаги чиқишида.

Қамоқхонани тугатишдан кўзланган мақсадлардан бири – «халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш эди», дейилади колониянинг тугатилишига оид ИИВ баёнотида.

«Аҳоли билан олиб борилган тўғридан-тўғри мулоқот маҳкумларнинг ҳибсдаги шароитлари яхшиланиши кераклигини кўрсатмоқда», деб қўшимча қилди ИИВ.

Июль ойида қамоқхонадаги 395 маҳбуснинг 10 фоизигина экстремизмда айбланганлардан иборат бўлган, деди Бобожонов. Унга кўра, иншоот 1100 маҳбус учун мўлжалланган.

«Турли вақтларда журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари бу ерда терроризм ва экстремизмда айбланган бир неча минг одам ҳибсда сақлангани ҳақида хабар беришган», дейди тошкентлик сиёсий таҳлилчи Валерий Хан нашр билан суҳбатда. «Уларга кўра, рақамлар 1000 дан 10000 гача бўлган.»

Ханга кўра, Ўзбекистон ҳукумати қамоқхона ҳақида шу вақтгача ҳеч қандай маълумот бермай келган.

«Рақамлар номаълум, қамоқхона ичига киришга ҳеч кимга рухсат берилмаган. Шу сабабли турли миш-мишлар тарқаган эди», деди у.

ИИВ хабарига кўра, Жаслиқ маҳбуслари ўз жазо муддатларини энди бошқа қамоқхоналарда ўтайдилар.

Зулм рамзининг тугатилиши

Ўзбекистон ўз обрўсини ҳимоя қилиш йўлида «Жаслиққа ўхшаш жойни қайта яратмаслиги керак», деди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов 6 август куни Kun.uz нашрига берган интервьюсида.

«Биз Жаслиқ билан боғлиқ салбий ўтмишдан сабоқ чиқаришимиз лозим», деди у.

Қўшма Штатлар Жаслиқни ёпиш қарорини олқишлаган.

«Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш бўйича яна кўп ишлар қилиниши зарур, аммо бу каби зулм рамзининг тугатилиши ислоҳот йўлидаги муҳим қадамдир», дейилади 15 август куни АҚШ элчихонасининг Facebook саҳифасида чоп этилган баёнотда.

Май ойида АҚШнинг диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси ўзининг йиллик ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматига «кўплаб диний маҳбуслар ҳибсда сақланадиган машъум Жаслиқ қамоқхонасини ёпишни ва қамоқхоналарнинг мустақил кузатувига рухсат беришни» тавсия қилган эди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ) ва Европа Иттифоқи (ЕИ) ҳам қамоқхона ёпилишини олқишлаганлар.

«Бу қарор БМТ инсон ҳуқуқлари механизмининг узоқ муддатли тавсияларига мос келади», деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер 7 август кунги баёнотида.

БМТ вакиллари Жаслиқни тугатишни 2002 йилдан бери тавсия қилиб келганлар, дея таъкидлади у.

«Олиб борилаётган ислоҳотларга хорижий ва ички операторларнинг ишончи ҳамда уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритишга тайёрлиги бу соҳанинг (қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига риоя этилиши) доимий тараққиётига боғлиқ», дейилади ЕИнинг Жаслиқни ёпиш қарори бўйича эълон қилган баёнотида.

Реабилитация чоралари

Қамоқхонанинг ёпилиши Ўзбекистоннинг экстремистларни реабилитация қилиш ва уларни жамиятга мослаштириш чоралари билан бир вақтга тўғри келди.

Май ойида Ўзбекистон Яқин Шарқдаги «Ислом давлати» (ИД) таъсирига тушиб қолган 156 нафар ўзбекистонликни эвакуация қилди ва уларнинг осуда ҳаётга қайтиб, иш ва уй-жойга эга бўлишлари ҳамда таълим дастурларида иштирок этиши учун шароит яратди.

«2017 йилдан бери президент 4 мингта маҳбусни авф этган. Эркинликка чиққанларни давлат ва жамият эътибордан четда қолдирмади», деди Бобожонов 5 август куни телевидениедаги чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, афв этилганларга тиббий, моддий ва ишга жойлашиш бўйича ёрдам кўрсатилади.

2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати 18 минг фуқарони экстремистларнинг қора рўйхатидан чиқарган эди.

Сизга мақола ёқдими?
0
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha