Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой Шинжондаги зўрлаш ва таҳқирлаш ҳолатларини тараққиётнинг «ёрқин намунаси» деб ҳисобламоқда

Карвонсарой ва AFP

Шинжонда бедарак йўқолган ёки қамоққа олинган қариндошларининг тақдиридан хавотирда бўлган уйғур миллатига мансуб мусулмон озчилик вакиллари 30 декабр куни Истанбулдаги Хитой консуллиги олдида намойиш ўтказмоқда. [Bulent Kilic/AFP]

Шинжонда бедарак йўқолган ёки қамоққа олинган қариндошларининг тақдиридан хавотирда бўлган уйғур миллатига мансуб мусулмон озчилик вакиллари 30 декабр куни Истанбулдаги Хитой консуллиги олдида намойиш ўтказмоқда. [Bulent Kilic/AFP]

ПЕКИН – Хитойнинг Шинжон ва Тибетдаги этник озчиликларга нисбатан муносабати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари тараққиётининг «ёрқин намунасидир», деб баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Ван И душанба (22 феврал) куни.

Бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизлар «даҳшатли ва мунтазам ҳуқуқбузарликлар» содир этиладиган Шинжон лагерларида ҳибсда сақланмоқда.

Аввалига лагерларнинг мавжудлигини рад этган Пекин энди уларни террорчиликка барҳам бериш ва иш билан таъминлаш имкониятларини яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар марказлари» дея оқлашга уринмоқда.

BuzzFeed News нашрининг август ойида ўтказган текшируви давомида Шинжон минтақасида қамоқхона ёки ҳибсхонага хос белгиларга эга юзлаб бинолар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги уч йил ичида барпо этилган.

Хитой-АҚШ муносабатларига бағишланган Лантинг форумининг очилиш маросимидан сўнг Хитой ташқи ишлар вазири Ван И меҳмонлардан бири билан суҳбатламоқда, 22 феврал, Пекин. [Greg Baker/AFP]

Хитой-АҚШ муносабатларига бағишланган Лантинг форумининг очилиш маросимидан сўнг Хитой ташқи ишлар вазири Ван И меҳмонлардан бири билан суҳбатламоқда, 22 феврал, Пекин. [Greg Baker/AFP]

Декабр ойидаги яна бир терговга кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлди.

Яқин ҳибсхоналарнинг собиқ маҳбуслари ва қўриқчиси мазкур лагерлардаги мусулмон аёллар мунтазам равишда зўрланиши, қийноққа солиниши ва жинсий зўравонликларга дуч келишини сўзлаб берган эдилар.

Гувоҳлар ва собиқ маҳбуслар электр токи, жумладан электрошокерлар билан зўрлаш, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби қийноқларни тасвирлаб беришган.

Январ ойида Хитой расмийлари Шинжонда аҳоли сонинг кескин камайганини аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасидаги ютуқ деб иддао қилган ва мажбурий стерилизация ҳолатларини исботлаган ишончли мустақил тадқиқотларни рад этган эдилар.

«Шинжондаги уйғур аёллари ҳурфикрликка эришдилар, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик тарғиботи туфайли улар «бола ишлаб чиқарадиган машина» мақомидан халос бўлдилар», деб ёзган Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси ўз твиттерида Шинжондаги тадқиқот марказининг 2018 йилдан бери вилоятдаги аҳоли сонининг ўзгариши ҳақида шу вақтга қадар эълон қилинмаган ҳисоботидан иқтибос келтириб.

«Ёрқин намуналар»

Бошқа мамлакатлар Хитойнинг мусулмонларга тазйиқига қарши қандай чоралар қабул қилишни ўйлаётган бир пайтда, Хитой режими ўз ҳатти-ҳаракатлари ҳимоясини икки карра кучайтирган.

«Шинжон ва Тибет сингари этник озчиликлар яшайдиган жойлар Хитойнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги тараққиётига оид ёрқин намуна ўлароқ ажралиб туради», деди Ван Пекиндаги АҚШ-Хитой муносабатлари форумида.

АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги сиёсатчилар Шинжондаги озчиликларнинг қамоққа олинаётганини қоралаётган бир пайтда, Ван БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг йиллик сессиясида видео-алоқа орқали иштирокидан бир неча соат олдин шундай баёнот берган.

Ван Кенгаш олдидаги нутқида «Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фалсафаси, амалиёти ва тажрибаси билан ўртоқлашади», деб айтган мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Аммо, АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг Шинжондаги хатти-ҳаракатлари геноцид деб ҳисобланишини айтган, Канада ҳам шунга ўхшаш декларация қабул қилишни режаламоқда.

Ҳуқуқбонлар ва фаолларга кўра, тибетликлар Хитой ҳукмронлиги остида бир қатор диний ва маданий чекловлар, жумладан монастирларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келишган, натижада сўнгги йилларда бир қанча тибетлик бунга норозилик сифатида ўз-ўзига ўт қўйган.

Мухбирларга Тибет мавзусида мустақил лавҳалар тайёрлаш тақиқланган, зеро Пекин илгари қолоқ бўлган бу минтақага тараққиёт олиб келганини таъкидлаб келади.

Душанба куни Ван Хитой «доим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлиб келганини» айтиб, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмининг ўсгани ва минтақаларда умр кўриш давомийлигининг ошганини бунга далил ўлароқ келтирган.

«Биз яшаш ва ривожланиш ҳуқуқларини инсоннинг бирламчи аҳамиятга эга асосий ҳуқуқлари деб ҳисоблаймиз», деди Ван.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойдаги озчиликларни ҳимоя қилиш ва бу жиноятларни чуқур тергов қилиш зарур. Ушбу мақола бўйича фикрим шундай.

Жавоб бериш

Мусулмонларга ачинаман. «Ёмон миллат» ёки «ёвуз дин» деган тушунча йўқ; ёмон «ОДАМЛАР» бор. Бу одамлар (мусулмонлар), бу аёллар нима ёмонлик қилдилар?! Хитой инсон ҳуқуқларини бузаётгани аён-ку. Ишончим комилки, бунга чек қўйиш учун ҳеч ким ҳеч нарса қилмайди.

Жавоб бериш

Агар мустақил тергов тақиқланган бўлса, хорижлик алоқаси ҳар қандай одам халқ душмани бўлса қандай қилиб аёллар «бола ишлаб чиқарувчи машина эмас», балки гендер тенг жамият вакили эканлигини билишимиз мумкин? Агар гапингиз рост бўлса чегарани очинг, ҳар қандай ташкилот ва журналист исталган вақтда қамоқхоналарни кўришига ва суратга олишига рухсат беринг!

Жавоб бериш