Карвонсарой
Сиёсат

Беларус воқеаларидан уч йил ўтиб, Ғарб мамлакатлари янги санкцияларни жорий қилмоқда

AFP

Белоруслар ва кўпчилиги тарихий Беларус байроқларини кўтариб олган тарафдорлар 9 август куни, Беларусдаги баҳсли сайлов ва унинг ортидан бошланган норозилик намойишларидан уч йил ўтиб, Литванинг Вильнюс шаҳрида ўтказилган юришда иштирок этмоқдалар. [Петрас Малукас/AFP]

Белоруслар ва кўпчилиги тарихий Беларус байроқларини кўтариб олган тарафдорлар 9 август куни, Беларусдаги баҳсли сайлов ва унинг ортидан бошланган норозилик намойишларидан уч йил ўтиб, Литванинг Вильнюс шаҳрида ўтказилган юришда иштирок этмоқдалар. [Петрас Малукас/AFP]

ВАШИНГТОН – Чоршанба (9 август) куни Ғарб мамлакатлари Беларусдаги демократик намойишларнинг диктатор Александр Лукашенко томонидан бостирилганига уч йил тўлиши муносабати билан янги санкцияларни жорий қилишди. Минск танқидга нисбатан ўз норозилигини билдирган.

Москванинг иттифоқчиси бўлган Лукашенко 1994 йилдан бери иқтидорда бўлиб, 2020 йил 9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижаларини сохталаштирганликда айбланган эди. Бу сайловлар унга олтинчи муддат ҳукмронлик қилиш имконини берган.

Оқибатлар Беларуснинг яқин тарихидаги энг катта намойишларни келтириб чиқарган ва улар куч билан бостирилган эди. Бу воқеадан уч йил ўтиб, 1500 га яқин киши ҳибсда қолмоқда, бир неча ўн минглаб одамлар мамлакатни тарк этган.

Беларусга қарши кенг қамровли санкцияларни жорий қилган Қўшма Штатлар давлат авиакомпанияси бўлмиш «Белавиа» билан ҳамкорликни жиноятга тенглаштириш орқали қўшимча чораларни жорий қилди.

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко (чапда) Санкт-Петербург яқинидаги авлиё Николай денгиз соборига ташриф буюришди, 23 июл. [Александр Демянчук/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) ва Беларус раҳбари Александр Лукашенко (чапда) Санкт-Петербург яқинидаги авлиё Николай денгиз соборига ташриф буюришди, 23 июл. [Александр Демянчук/Sputnik/AFP]

Шунингдек, саккиз нафар шахс санкцияга тушган, улар қаторида Беларус пўлат заводи директори, Беларусдаги тамаки маҳсулотлари ва транспорт секторини назорат қилувчи оила аъзолари бор.

Давлат департаменти беларуслик расмийлар, судялар ва демократияга тўсқинлик қилган жами 101 кишига виза беришни тақиқлаган.

«Қўшма Штатлар Қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари риояси ва масъулиятли, демократик йўл билан сайланган ҳукуматга асосланган давлатга интилишда жасур Беларус халқини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», деб айтган давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида.

«Қўшма Штатлар Беларус халқини инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган озод Беларусда демократик келажакка интилишларини қўллаб-қувватлайди», деб қўшимча қилган у.

Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер қувғиндаги Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ҳамда «эркин ва адолатли сайловлар, тинч ва суверен Беларус» учун курашаётган фаолларни ҳамон қўллаб-қувватлашини айтган.

Канада мувофиқлаштирилган чоралар доирасида янги санкцияларни эълон қилди. Европа Иттифоқи (ЕИ), Британия ва Янги Зеландия ҳам параллел чораларни режалаётгани ҳақида хабар берган.

«Инсон ҳуқуқларини поймол қилганлар жазосиз қолмайди, Россия раҳбариятининг шафқатсиз ҳаракатларининг Беларус режими тарафидан қўллаб-қувватланиши бундан буёғига жазосиз қолмайди», деб айтган Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли.

Лукашенко Украинага ҳужум қилиш учун Россияга Беларус ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган.

«Сийқаси чиққан сохта айбловлар»

Орадан уч йил ўтиб ҳам Минск итоат қилишни истамаяпти.

«Ноқонуний санкциялар, ҳаво ҳудуди ва чегараларнинг ёпилиши, ахборот босими, айрим ЕИ давлатларининг провокацияларига қарамай, Беларус ўз давлатчилигини сақлаб қолди ва мустаҳкамлади», деб хабар берган Беларус ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида.

У ЕИни «тажовузкор сиёсат» юритаётганликда айблаб, Лукашенкони 2020 йилги сайловлар ғолиби сифатида тан олишга чақирди.

ЕИ расмийлари сайлов юбилейидан Беларусга қарши сийқаси чиққан сохта айбловлар тарқатиш учун фойдаланмоқда, деб айтган расмий Минск.

Аввалроқ ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел «ўта шафқатсизлик» билан бостирилган намойишларни ёдга олган эди.

«Бугун, уч йил ўтиб, тизимга нисбатан ҳар қандай танқидни айтишга журъат этганлар учун вазият ҳар қачонгидан ҳам ёмонроқ», деди у ўз баёнотида.

«Весна» ҳуқуқбон гуруҳи маълумотларига кўра, Беларусда 1494 нафар сиёсий маҳбус бор.

Минск «минтақавий ва халқаро хавфсизликка таҳдид» ва Россиянинг Украинадаги урушига «шерик» бўлиб қолди, деб қўшимча қилди Боррел.

«Бундай шериклик Россияга украиналик болаларни Беларус ҳудудига ноқонуний депортация қилишга имкон берди», деди Боррел.

Европа Иттифоқи Беларусда Россия ҳарбий раҳбариятига қарши қисқа муддатли исён кўтарган Вагнер гуруҳи ёлланма аскарларининг қабул қилинганидан «хавотирда», деди у.

У Европа Иттифоқи «Беларус режимига қанча керак бўлса, шунча муддат босим ўтказишда давом этишини» ва «Беларус демократик ҳаракатининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини» қўшимча қилган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ия, сюрпризку бу! Беларус яна жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида. Ўз ютуқлари ёки маданий тадбир сабабли эмас, балки Лукашенконинг навбатдаги «доҳиёна» қарори билан. Сайловларни сохталаштириш, намойишчиларни бостириш, энди эса Россия агрессиясига кўмаклашишми? Кейингиси нима? Эҳтимол, тарихни қайта ёзиш ёки буларнинг барчасини «Ғарбнинг фитнаси» деб кўрсатишга уринишми? Табриклайман, Беларус, сиз, шубҳасиз, мамлакатни қандай бошқармаслик кераклигига мисол сифатида тарих китобларидан жой олишга лойиқсиз. Умид қиламанки, беларус халқи қачонлардир ўзи муносиб нарсани олади: эркинлик, демократия ва бутун дунё ҳурматини.

Жавоб бериш