ОЛМАОТА – Қозоғистон Россиянинг сиёсати ва Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) адолатсиз ҳаракатларига жавобан бир қатор протекцион чоралар қўллашни кўзламоқда.
Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги 2021-2025 йилларга мўлжалланган савдони ривожлантиришга оид давлат дастури концепциясини тайёрлади, деб хабар беради Nur.kz 12 феврал куни.
«ЕОИИ бозорларида Қозоғистон товар ва хизматларининг эркин ҳаракатланишини чеклайдиган тўсиқларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича ишлар жадаллаштирилади», дейилади ҳужжатда.
Нур-Султоннинг янги савдо концепцияси «бошқа давлатларнинг ички бозорларни ҳимоя қилишга оид тажрибаси»ни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, маҳаллий компанияларга давлат томонидан дипломатик ёрдам кўрсатилишини назарда тутади.
«Чет эл давлатлари томонидан кенг миқёсда чеклов чораларининг қўлланиши ва протекционизмнинг кучайиши шароитида, Қозоғистондан келадиган товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк бу каби чоралар объектига айланиши хавфи мавжуд», дейилади вазирлик ҳужжатида.
Ҳужжат бизнес ҳамжамияти ва давлат идораларини янги савдо сиёсатини биргаликда амалга ошириш ва «ички бозорни ҳимоя қилиш учун таклифларни ишлаб чиқиш ва воситаларни қўллашга» йўналтиради.
Шу муносабат билан Савдо ва интеграция вазирлиги иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи барча давлат идораларидан таркиб топган оператив штабни ишга туширади. Штаб давлат номидан ечимлар ишлаб чиқади ва уларни амалга оширади.
«Қабул қилинган» жавоб чоралари «халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига, Қозоғистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ тарзда ва Қозоғистоннинг иқтисодий манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун зарур бўлган (етказилган зарар ҳажмига тенг) даражада амалиётга татбиқ этилади», дейилади ҳужжатда.
Қозоғистон ўз қонунларини ташқи савдодаги таҳдид ва хатарларга тезда жавоб бера оладиган қилиб ислоҳ қилмоқчи.
Россия протекционизмига қарши жавоб чоралари
Янги сиёсат Россиянинг адоватли ҳатти-ҳаракатларига нисбатан очиқ жавобдир, дейди кузатувчилар.
Қозоғистонлик экспортчилар Россияда ўз маҳсулотларини сотишда сунъий тўсиқлар ва ҳатто тартибга солиш органларининг босимига дуч келаётганликларидан мунтазам шикоят қилиб келишган. Бошқа давлатлар ЕОИИ комиссиясининг йиғилишларида доимий равишда бу муаммоларни кўтарадилар, аммо улар ҳал қилинмайди.
Олмаотада яшовчи собиқ қозоқ дипломати ва «Марказий Осиёдаги геосиёсат» китобининг муаллифи Расул Жумалининг сўзларига кўра, ЕОИИ Россия ишбилармонлари, инвестициялари ва маҳсулотлари учунгина қулай шарт-шароитлар яратган, ташкилотга аъзо бошқа мамлакатдаги рақобатчилар эса оғир ва тенг бўлмаган шароитларда ишлашга мажбур.
Россия «рақобатчиларни йўқ қилиш» учун нобозор механизмлар ва назорат ташкилотларни ишга солмоқда, дейди у.
Олмаоталик иқтисодий таҳлилчи Денис Кривошеев ЕОИИ доирасидаги тажовузкор ҳаракатларга нисбатан Қозоғистоннинг «жавоб» чоралари қўллаш сиёсатини қўллаб-қувватламоқда.
«Биз кўп ҳолларда протекционистик сиёсат қандай шакллантирилишини англамай, анча вақт орқага чекиниб келдик», деди у.
«Ички тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш, янада мураккаб ва ношаффоф бўлмаган тўсиқлар ҳосил қилиш – бу нафақат истеъмолчи, балки ишлаб чиқарувчи ҳам ғалаба қозониши керак бўлган ҳақиқий савдо урушидир», дея қўшимча қилди у.
Қирғизистонда норозилик кучаймоқда
ЕОИИ фаолиятидан норозилик ташкилотга 2015 йил августдан бери аъзо бўлган Қирғизистонда ҳам кучайиб бормоқда.
Халқаро республика институти (IRI) нодавлат ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, сўнгги икки йил ичида Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзолиги мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони 10 фоизга ошган.
IRI 2019 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида мамлакат бўйлаб 1500 га яқин қирғизистонликлар иштирокида сўровнома ўтказган.
2017 йили ўтказилган тадқиқотда 7 фоиз респондент ЕОИИга аъзолик мамлакатга «салбий таъсир» кўрсатганини билдирган эди. Сўралганларнинг уч фоизи эса бу таъсирнинг «ўта салбий» бўлганини айтган.
2019 йилдаги рақамлар сезиларли даражада ўзгарди. Респондентлар орасида ЕОИИга аъзоликнинг самараси ҳақида берилган саволга 13 фоиз одам «салбий» ва 4 фоиз «ўта салбий», деб жавоб берган.
Шу билан бирга, Евроосиё интеграциясига ўта хайрихоҳ бўлганлар сони кескин қисқарган.
Икки йил ичида уларнинг улуши 29 фоиздан 19 фоизга камайди.
Ҳукмронлик доираси
Бундай муносабатни йил бошида ЕОИИга қўшилишдан бош тортган Ўзбекистонда ҳам кузатиш мумкин.
20 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россия етакчилигидаги ЕОИИга аъзо бўлмаслигини, балки кузатувчи мақомида бўлишини эълон қилган эди.
«Биз бу иттифоққа аъзо бўлиб кирмаймиз», деб айтган Мирзиёев яқинда бўлиб ўтган сайловлардан сўнг парламент юқори палатасига қилган мурожаатида.
«Бир нарсани билиб қўйинглар. Ҳеч ким мустақилликни ҳеч кимга бериб қўймайди. Мустақиллик халқ ишонган президентнинг қўлида», деб айтган эди у.
Ўзбекистоннинг асосий принципи ўз мустақиллигини сақлаб қолиш, деган эди ўшанда Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов.
«Таҳлилчилар Россия постсовет ҳудудини яна ўз таъсир доираси ва назоратига қайтаришга уринаётганини таъкидламоқда, бу эса Марказий Осиё давлатлари суверенитетига раҳна солади», деди Толипов ЕОИИни назарда тутиб.
Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиш таклифи «ЕОИИга аъзо бошқа кичик давлатлар билан бўлгани каби Россияга қарамликнинг ўзига хос замонавий кўриниши сифатида баҳоланиши мумкин», деди Толипов.
Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши тарафдорлари келажакдаги иқтисодий манфаатлар ҳақида гапирса-да, ҳозирга қадар ҳеч ким бу қарорни қўллаб-қувватлайдиган ишончли далил келтирмаган, деди Толипов.
Қозоғистон, бу иттифоқни тарк эт! Халқинг бу ердан қочиб кетмасидан!
Жавоб беришФикрлар 4
Москва вилояти Подолск шаҳридаги 5-полиция участкаси навбатчиси билан суҳбатнинг аудиоёзуви https://www.youtube.com/watch?v=cdvDEwwjKVA
Жавоб беришФикрлар 4
Москвада мигрантлар «ови»: https://www.youtube.com/watch?v=7B9kd-X4THY
Жавоб беришФикрлар 4
Божхона иттифоқи жуда самарасиз ташкилот эканини исботлади.
Жавоб беришФикрлар 4