Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон глобал ҳамкорликни кўзда тутувчи ташқи сиёсат концепциясини қабул қилди

Айдар Ашимов

Қозоғистонлик аскарлар АҚШда «Энг яхши жангчи-2020» мусобақасида иштирок этмоқда, Аризона штати, 7 март. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

Қозоғистонлик аскарлар АҚШда «Энг яхши жангчи-2020» мусобақасида иштирок этмоқда, Аризона штати, 7 март. (Қозоғистон мудофаа вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон 2020-2030 йилларга мўлжалланган ташқи сиёсат концепциясини қабул қилди, унда узоқ муддатли фундаментал мақсад сифатида Евроосиё интеграциясига эмас, балки глобал ҳамкорликка асосий эътибор қаратиш кўзда тутилган.

Ҳужжат матни 9 март куни Қозоғистон президентининг веб-сайтида чоп этилган.

10 йилга мўлжалланган концепцияни амалга оширишга замин яратиш учун ҳукуматга уч ой муҳлат берилган.

Ҳужжатда белгиланган мақсад-вазифалар ва устувор йўналишларда мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, глобал ва минтақавий хавфсизлик тизими самарадорлигини ошириш ва кенг миқёсли халқаро аксилтеррор коалициясини яратиш алоҳида урғуланган.

Европа Кенгашининг ўша вақтдаги президенти Дональд Туск 31 май куни Нур-Султонда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

Европа Кенгашининг ўша вақтдаги президенти Дональд Туск 31 май куни Нур-Султонда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

«Замонавий халқаро муносабатлар тизими мураккаб ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу ўзгаришлар терроризм, экстремизм, қуролланиш пойгаси каби хавфсизликка анъанавий таҳдид ва чақириқларининг кучайиши, геосиёсат ва геоиқтисодиётга таъсир этувчи янги омилларнинг пайдо бўлиши, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши, гибрид ва кибер-уруш ҳодисаларида ўз аксини топмоқда», дейилади ҳужжатда.

Замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш учун глобал ҳамжамият билан кучларни бирлаштириш муҳим, деб қўшимча қилинади унда.

Айни вақтда Қозоғистон ўзини Марказий Осиёнинг етакчи давлати ўлароқ кўрмоқда.

Янги концепция Қозоғистоннинг «минтақавий ва глобал энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, энергия манбалари ишлаб чиқарувчи, уни етказиб берувчи ва истеъмол қилувчи давлатлар манфаатларининг мувозанатини таъминлаш, уларнинг экспорти учун диверсификацияланган, барқарор ва хавфсиз маршрутларни ишлаб чиқиш»га оид мақсадларини белгилайди.

Концепция Қозоғистоннинг бир қатор сиёсий ҳужжатлари, жумладан, мамлакатнинг 2050 йилгача бўлган узоқ муддатли ва барқарор ривожланиш Стратегияси, «Беш институционал ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги 100 та аниқ қадам» миллий режаси ва бошқа ҳужжатларда акс этган мақсад ва вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Тинчлик йўлидаги шериклик

Нур-султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиевнинг сўзларига кўра, янги концепция кўп жиҳатдан 2014–2019 йилларга мўлжалланган ташқи сиёсат концепцияси билан бир хил.

«Унда худди ўша кўп қиррали сиёсат, миллий хавфсизлик масалалари, шу жумладан ҳудудий яхлитлик, терроризм таҳдиди ҳамда террорчилик ва миллатлараро жиноятчиликка қарши курашда бошқа давлатлар билан биргаликда ҳаракат қилиш зарурлиги бирдек таъкидланган», деди у.

Янги стратегиянинг аввалгисидан фарқи – унда Евроосиё интеграцияси узоқ муддатли бош мақсад сифатида белгиланмаган, дейди Бейсалиев.

«Шунингдек, яқин ўн йилга мўлжалланган Концепцияда кибержиноятчилик каби янги таҳдидларга кўпроқ эътибор қаратилган. Қозоғистон глобал хавфсизлик масалалари бўйича воситачи ўлароқ майдонга чиқар экан, ядро қуролидан холи ҳудудлар яратилишини қўллаб-қувватлаб, гибрид урушлар юзасидан хавотир билдирган», деди Бейсалиев.

Янги концепция «АҚШ билан кенгайтирилган стратегик шериклик, Марказий Осиё давлатлари билан стратегик муносабатлар, Европа Иттифоқи (ЕИ) ва унга аъзо давлатлар билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорликни» кўзда тутади.

Янги ҳужжатда Қозоғистон Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашни «хавфсизлик ва тараққиёт бўйича минтақавий ташкилотга» айлантиришни таклиф қилган.

«Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш – илк бор 2002 йилда ташкил этилган, Осиё давлатларини бирлаштирувчи халқаро форумдир. Ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлик ва тараққиёт муаммоларига қарши реал чораларни амалга оширса, таклиф этилаётган ўзгариш ўз самарасини бериши мумкин», деди Бейсалиев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500