Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ Ўзбекистонга 1000 та COVID-19 тестларини топширди, Қозоғистонга қўшимча ёрдам берди

Айдар Ашимов

22 апрель куни Қўшма Штатлар Қозоғистонга тиббий маҳсулотлар, жумладан қайта ишлатиш мумкин бўлган шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берди. (Қозоғистон ташки ишлар вазирлиги)

22 апрель куни Қўшма Штатлар Қозоғистонга тиббий маҳсулотлар, жумладан қайта ишлатиш мумкин бўлган шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берди. (Қозоғистон ташки ишлар вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – АҚШ COVID-19 тарқалишига қарши кураш чораларини қўллаб-қувватлашда Марказий Осиё давлатларига кўмаклашишда давом этмоқда.

АҚШ мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги (DTRA) яқинда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1000 та коронавирус тестини топширди, дея хабар беради душанба (27 апрел) куни Тошкентдаги АҚШ элчихонаси.

Ушбу хайрия ёрдами DTRAнинг Тошкентдаги бош пудратчиси TMC Global Professional Services мутахассислари томонидан ўтказилган амалий машғулотлар билан ҳамоҳанг равишда ташкил этилди. Машғулотлар давомида ўзбекистонликлар вазирлик диагностика лабораторияларининг синов салоҳиятини кучайтиришни ўргандилар.

Тренинг давомида вазирликнинг беш нафар тажрибали мутахассиси малака оширди, улар 17 та лаборатория мутахассисларига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирусни аниқлаш учун тавсия этилган ягона усул – ПЗР (полимераза занжир реакцияси) диагностикасининг замонавий усулларини ўргатдилар.

20 март куни USAID Қирғизистонга шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берди. [АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси]

20 март куни USAID Қирғизистонга шахсий ҳимоя воситаларини етказиб берди. [АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси]

Тренинг 7 апрел куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институти (ТВМОИ) бошланиб, Республика ўлат, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофазаси марказининг Тошкент, Бухоро ва Нукусдаги лабораторияларини ҳам қамраб олди.

Тошкентдан ташқаридаги лабораторияларда DTRA томонидан ТВМОИга тақдим этилган масофавий таълим видеожиҳозлари ёрдамида қўшимча тренинглар ташкил этилди.

Шу ой бошида АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 35,000 дан зиёд ўзбекистонликлар, жумладан, пандемия вақтида қийин аҳволда қолганларга ёрдам тариқасида Ўзбекистонга умумий қиймати 400.000 АҚШ долларига (4 млрд. сўм) тенг 131 минг кг. озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берган, деб хабар беради 16 апрел куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Қутқарув ёрдами

22 апрел куни DTRA Қозоғистонга тиббий маҳсулотлар, жумладан кўп марта ишлатиладиган шахсий ҳимоя воситалари тўпламлари – комбинезонлар, ниқоблар, қўлқоплар ва кўзойнаклар етказиб берган, дейилади Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси хабарига кўра, шу куннинг ўзида USAID Қозоғистонда COVID-19га қарши кураш учун қўшимча 800 минг АҚШ доллари (343,8 млн. тенге) ажратган.

Қўшма Штатлар Қозоғистон ҳукумати, халқаро гуманитар ҳамкорлар ва маҳаллий манфаатдор томонлар билан ҳамжиҳатликда ҳаётий муҳим ёрдам кўрсатмоқда, дейилади баёнотда.

«Қозоғистон вирус тарқалишини тўхтатиш учун қатъий чоралар кўрмоқда. АҚШ ҳукумати COVID-19га қарши курашда Қозоғистон ва дунёдаги бошқа ҳамкорларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Биз халқаро ҳамжамият сифатида кучларни бирлаштиришимиз керак», деди АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уилям Мозер ўз баёнотида.

Апрел ойи бошида USAID коронавирус эпидемиясига қарши кураш учун Қозоғистонга 800 минг доллар ажратган эди.

Ушбу маблағ лаборатория ишлари ва кенг кўламли синовларни ташкил қилиш, тиббий муассасаларда инфекция тарқалишининг олдини олиш ва вирус ҳақида нотўғри маълумотларга қарши курашиш учун сафарбар этилган.

Аввалроқ, 17 март куни Америка Қўшма Штатлари Қозоғистонга шахсий ҳимоя воситалари, жумладан 21000 дона тиббий қўлқоп, ниқоблар, халат ва ҳимоя кўзойнаклари етказиб берган эди.

«Ҳозирда қозоғистонлик шифокорлар коронавирусга қарши илғор ўринларда кураш олиб бормоқдалар. Улар инсонлар ҳаёти учун курашмоқдалар», дейди чимкентлик шифокор Меруерт Абдуалиева.

«Бундай шароитларда уларнинг ўзи вирус юқтириш хавфи билан юзма-юз келмоқда. Ҳимоя ускуналари, сунъий нафас олдириш мосламалари ва бошқалар биз учун жуда зарур», деди у.

USAID Тожикистонга ҳам 56 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди. Умумий қиймати 171 минг АҚШ долларидан (1,8 миллион сомоний) ортиқ ёрдам 100 дан зиёд муассасалар, жумладан, пандемия муносабати билан беморларни карантинда сақлаётган ташкилотларга юборилади, дейилади Тожикистондаги АҚШ элчихонасининг 9 апрел кунги баёнотида.

Қирғизистондаги АҚШ элчихонасининг 20 март кунги хабарига кўра, USAID Қирғизистоннинг коронавирусга қарши курашаётган учта муассасасига 66 миллион сўмдан (840 минг доллар) ортиқ маблағ ажратган.

Шунингдек, Қирғизистонга АҚШдан юборилган шахсий ҳимоя воситалари – 10000 та ниқоб, 10000 та қўлқоп, 1400 дона халат ва 200 та ҳимоя кўзойнаклари ҳам етиб келган.

Муборак Рамазон ойи

Марказий Осиё мамлакатларига ёрдам етказиш муборак Рамазон ойининг бошланишига тўғри келди.

«Ҳозирда биз коронавирус муаммоси билан боғлиқ мураккаб даврда яшаяпмиз. Карантин туфайли масжидлар эшиклари ёпилган бўлса-да, қалбларимиз хайрли ишлар учун очиқ. Айниқса, муборак Рамазон ойида буни унутмаслик керак», дейди Олмаота вилоятидаги масжидлардан бирининг имом ноиби Биржан Маженов.

«Хайрли ишлар ва ёрдамларни холис ва сидқидилдан қилмоқ керак», деди у.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео бутун дунё мусулмонларини самимий қутлар экан, бугунги оғир даврда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

«Бу йил COVID-19 пандемияси дунёдаги кўплаб мусулмонларнинг йиғинлари ва байрамларини кескин ўзгартириб юборди ... Биз барча ҳукуматлар ва жамоаларни бу вақтни ғанимат билиб, уни хизмат ва ҳамжиҳатликка қаратишга, ижтимоий ҳимояланмаган қатлам саломатлиги ва хавфсизлигини ёдда тутишга ундаймиз. Биз COVID-19 инқирозини тўхтатиш учун курашни давом эттирамиз», деди Помпео 23 апрел куни АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.

У дунёдаги мусулмон жамоаларига чекловларга қарамай «тинчлик ойи бўлмиш муборак Рамазонни» хайрли ўтказишни тилаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дарёдан бир томчи

Жавоб бериш