https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/05/07/feature-03
| Атроф-муҳит

Европа банки Тожикистон ва Қозоғистонда уран қолдиқларини тозалаш ишларини давом эттиради

Карвонсарой

image

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё мамлакатларига Совет Иттифоқидан қолган уран чиқиндихоналарини тозалашда ёрдам бермоқда. [ЕТТБ]

ЛОНДОН – Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё мамлакатларига Совет Иттифоқидан қолган заҳарли уран чиқиндихоналарини тозалаш ишларига кўмаклашишда давом этади.

Охирги ўзгаришлар совет давридан қолиб кетган уран конлари натижасида экология ва атроф-муҳитга етказилган жиддий зарар туфайли ночор қолган давлатлар – Тожикистон ва Қирғизистон учун кўмак бўлади.

СССРнинг вориси бўлган Россия режими уран қолдиқлари туфайли хавфсизликка жиддий таҳдид солувчи ташландиқ ва заҳарли конларни зарарсизлантиришда постсовет мамлакатларга деярли ҳеч қандай ёрдам бермаган.

ЕИнинг 2017 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиёда 1 миллиард тоннага яқин уран чиқиндилари бор. 1995 йилда аксарият Совет конлари ёпилганидан сўнг, Россия бу иншоотлар ва конларни тарк этгунигача ҳам, ундан кейин ҳам деярли ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормаган.

Совет режими Марказий Осиёда 50 йилдан ортиқроқ вақт давомида уран қазиб чиқарган ва бошқа мамлакатлардан уран рудаларини қайта ишлаш учун олиб келган.

Тожикистонга ёрдам

«Тожикистонда ЕТТБ билан доиравий битим кучга кирган, унга кўра тозалаш ишларига тайёргарлик ва уларни ўтказиш ҳозирданоқ бошланиши мумкин», дейилади ЕТТБнинг душанба (4 май) кунги баёнотида. Унда битим кучга кирган сана ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳужжатлар тўплами Тожикистонда тозалаш ишларига оид лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

2015 йилда ЕТТБ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга совет давридан қолган уран объектларидаги заҳарли чиқиндиларни тозалашга кўмаклашиш мақсадида Марказий Осиё учун Атроф-муҳитни тиклаш ҳисоб рақамини (ERA) таъсис этган эди.

Бу объектлар деярли ҳимоясиз бўлиб, уларда террорчилар томонидан ғаразли мақсадларда ишлатишга кифоя қиладиган даражада паст сифатли уран моддаси қолдиқлари бор.

Тожикистон уран чиқиндихоналарида қўлбола бомбалар тайёрлаш учун етарлича уран қолдиқлари борлиги юзасидан хавотир билдирган.

Қирғизистонга учун ёрдам

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш йўлида, ЕТТБ ва қирғиз расмийлари Қирғизистоннинг Шекафтар конида тозалаш ишларини олиб боришга оид келишувни имзолаганлар, деб хабар берган ЕТТБ шартнома имзоланган санани очиқламай.

«Шекафтар» мажмуаси «учта ёпиқ кон ва тоғ-кон чиқиндилари кўмилган саккизта ҳудудни ўз ичига олади, уларда 700 минг куб метрга яқин чиқинди бор. Қишлоқ атрофида ва мактаб яқинида қолиб кетган радиоактив чиқиндилар – тош қатламлари аҳоли саломатлигига хавф туғдиради», деб таъкидлаган ЕТТБ.

Совет Иттифоқининг парчаланиши ва бир вақтлар Шекафтарда гуллаб-яшнаган даромадли уран кони тўхтаганидан сўнг бу ерда вазият оғирлашиб, ишсизлик даражаси 70% га етган.

Эски шахтани тозалаш ишлари «олтита шахтани ёпиш ва бешта чиқиндихона қолдиқларини узоқроқдаги чиқиндихонага кўчиришдан бошланади», дейилади ЕТТБ хабарида.

Иқтисодий кўмак

ЕТТБ, шунингдек коронавирус пандемиясидан азият чекаётган мамлакатлар, жумладан Марказий Осиё мамлакатларига ҳам ёрдам кўрсатмоқда.

Унинг ёрдам ҳажмини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари «тезкор чоралар кўриш ва тиклаш дастурлари, шунингдек, Банкнинг ядровий хавфсизлик ва фойдаланишдан чиқариш соҳасидаги иштироки каби ҳаётий муҳим фаолиятини» ўз ичига олади.

1993 йилдан бери ERA Украинанинг Чернобилидан тортиб, Болгария, Литва, Словакия республикаси ва Россиянинг ўзидаги бир нечта ҳудудларни СССРдан қолган зарарли экологик «мерос»дан халос қилишга ёрдам берган. У Европа комиссияси, Бельгия, Швейцария, АҚШ, Норвегия ва Литва томонидан молиялаштирилади.

Сизга мақола ёқдими?

7
Фикрлар 1
Сиёсат
Каптча *

Ақлан заиф террорчилар тарихан жамиятга катта хавф туғдирган. Ҳамманинг ҳаётини қурбон қилиш учун қандай ғоя эканлигининг фарқи йўқ.

Жавоб бериш