https://central.asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2020/06/26/feature-01
| Жиноят ва адолат

«Оч қолган дашт»: 1930 йиллардаги очарчиликка оид тадқиқотнинг қозоқ тилидаги таржимаси бестселлерга айланди

Канат Алтинбаев

image

31 май куни Олмаотада сиёсий тадқиқотчи ва ношир Досим Сатпаев «Оч қолган дашт: очарчилик, зўравонлик ва совет Қозоғистонининг ташкил этилиши» деб номланган китобнинг қозоқ тилидаги таржимасини тақдим этди. (Facebook/Досим Сатпаев)

ОЛМАОТА – 1930 йилларда Қозоғистонда юз берган очарчилик ҳақидаги инглиз тилида нашр этилган ва яқинда қозоқ тилига таржима қилинган китоб мамлакат китоб дўконларида оммалашмоқда.

2018 йили Сара Камерон қаламига мансуб «Оч қолган дашт: очарчилик, зўравонлик ва Совет Қозоғистонининг ташкил этилиши» деб номланган асарда очарчилик ва унинг мамлакатга узоқ муддатли таъсири ўрганилади.

Китобда ёзилишича, Сталиннинг мажбурий коллективлаштириш сиёсати туфайли юзага келган очарчилик вақтида 1,5 миллиондан ортиқ қозоғистонлик ҳаётдан кўз юмган.

Олмаоталик сиёсий таҳлилчи ва Хавфларни баҳолаш тадқиқот гуруҳи раҳбари Досим Сатпаев 31 май куни китобнинг қозоқ тилидаги таржимасини тақдим этди. Бу воқеа сиёсий қатағон қурбонлари хотирланадиган кунга тўғри келди. Ўтган йили Сатпаев Кемероннинг асарини қозоқ тилига таржима қилиш бўйича АҚШдаги нашриёт билан шартнома имзолаган эди.

image

Қозоғистонда 1931-1933 йиллардаги очарчилик қурбонлари хотирасига қўйилган «Она» ҳайкали. У 2017 йил Олмаотада барпо этилган. (Канат Алтинбаев)

image

Олмаотанинг «MG Productions» киностудияси 2018 йил февраль ойида 1930-йилларда қозоқларнинг бошидан ўтган очарчилик ҳақида фильм суратга олган. Фильм саҳналарининг бирида советлардан қочиб, ўғли билан бирга қишлоғини ташлаб кетаётган қозоқ аёли акс этган. (Канат Алтинбаев)

«Тадқиқотнинг аҳамиятли томони, унда Қозоғистонда юз берган очарчиликни 20 асрнинг энг катта фожеаларидан бири деб тан олиниши учун фактларга таянилган ва мавзуга олим сифатида имкон қадар холис назар солинган», деб ёзади Сатпаев ўзининг Facebook саҳифасида.

«Ёшларимиз Қозоғистондаги Сталин қатағонлари ва мажбурий меҳнат лагерлари ҳақида билишлари керак», деб ёзган Сатпаев. Унинг жамоаси очарчилик ҳақида «Ўлик даштдан қочган кўчманчилар» деб номланган ҳужжатли фильмни суратга олган.

Камероннинг китоби Қозоғистон китоб дўконларида бестселлерга айланди, деб айтган Сатпаев 9 июнь куни.

Мажбурий коллективлаштириш

1930 йиллар бошида Совет ҳукумати қишлоқ хўжалигини коллективлаштириш номи билан Совет республикалари, жумладан Қозоғистон фуқароларининг ерларини тортиб олган.

Кўплаб қозоғистонликлар асосий озуқа манбалари бўлган чорва моллари –туялари, қўйлари ва отларини йўқотиб, очликдан ҳалок бўлди.

Жамиятнинг асосий таянчи бўлган кўпгина бойлар эса ўз сурувлари билан қочишга ҳаракат қилган.

Ўша йилларда коммунистик режимга раҳбарлик қилган Иосиф Сталин бойларни хақл душмани деб атаб, уларни суд ва терговсиз отиб ташлашга буюрган ва ижтимоий синф сифатида йўқ қилиб юборган.

Рус коммунистлари қозоқ кўчманчиларига хос қариндошлик алоқаларини инобатга олишмаган. Олмаотада жойлашган Ал-Фаробий номидаги миллий университетнинг тарих профессори Ануар Галиевнинг сўзларига кўра, бу алоқалар ўзаро ёрдамни англатар эди.

«Бойлар асосан жамиятнинг иш берувчилари ва боқувчилари бўлишган. Қариндошлари уларнинг молларини боқишган, хўжаликларида ёрдам беришган, бу меҳнатлари учун уларга озиқ-овқат билан ҳақ тўланган», деди Галиев.

«Қозоқ бойларининг мол-мулкини мусодара қилган рус коммунистлари уларни Россиядаги каби «эксплуататорлар» деб атаган. Оқибатда, нафақат бойлар, балки бутун аҳоли жабр кўрди», деди у.

Очлик туфайли ҳалок бўлганлар сони турлича: айрим манбаларда бу рақам 4 миллиондан ошади.

Расмий рақамлар эса одатда бундан паст.

«Сталиннинг мажбурий коллективлаштиришдек жинояти натижасида 1,5 миллион қозоқ очликдан ўлди. Яна 1,3 миллионга яқини қатағон ва зулмдан қочиб, собиқ СССР ҳудудини тарк этишга мажбур бўлди» деган эди 2015 йил апрел ойидаги нутқида Қозоғистоннинг ўша пайтдаги президенти Нурсултон Назарбоев.

«Дунёда бирор мамлакат, бирорта халқ қозоқлар каби демографик инқирозни бошдан кечирмаган ва бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфига дуч келмаган» деди у.

Минглаб қозоқлар совет шароитларини шу қадар тоқатсиз деб билдиларки, ҳатто қашшоқ Хитойга қочдилар.

Айбловдан қочиш

Ўз навбатида, Россия Сталин режимининг сунъий равишда очарчилик келтириб чиқарганини тан олишдан бош тортган.

Совет ҳукумати чет элдан келган озиқ-овқат ёрдамларини фақат Қозоғистондаги этник рус жамоаларига юборар, қозоқларга улар етиб бормас эди. Бу ҳақда Олмаотадаги тарих ва этнология институтининг катта илмий ходими Қайдар Алдажуманов журналист Жанболат Мамайнинг 2019 йил январ ойида чиққан «Зулмат: Қозоғистондаги геноцид» ҳужжатли филмида айтиб ўтган.

Мамай ўз ҳужжатли филмида, шунингдек, совет тузумига қарши кўтарилган қўзғолонлар вақтида қозоқлар устига ҳаводан бомбалар ташлангани ва жанговар операцияларни ўтказган учувчиларга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилганини айтади.

Фильм экранларга чиққанидан сўнг, 2019 йил феврал ойида Россия ташқи ишлар вазирлиги «1932-1933 йилларда Совет Иттифоқида юз берган очарчилик атрофидаги иғволар» юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Марказий Осиёдаги «миллатчилик қарашлари тарафдорлари» ўз ватандошларига Совет ҳукумати уларнинг аждодларини геноцид қилганига оид гап-сўзларни сингдирмоқчи, деб баёнот берган вазирлик.

Очарчилик – қурғоқчилик ва ҳосилсизлик каби табиий сабаблар ортидан келиб чиққан ва «вазиятни оғирлаштирадиган фавқулодда чоралар туфайли кучайган» эди, деб айтган Кремл нозик иборалар билан.

Совет ҳукумати 1933 йилга келиб фавқулодда ёрдам киритди, дейилади ТИВ баёнотида.

Орадан 80 йил ўтган бўлса-да, Россия очарчилик – геноцид сиёсати туфайли келиб чиққанини яширишга уринмоқда, деган эди Мамай.

Кремлнинг очарчилик масаласидаги мавқеи ёлғондан бошқа нарса эмас, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

9
Фикрлар 10
Сиёсат
Каптча *

Советлар фашист, қотил ва маньяклар.

Жавоб бериш

Яна бир аксил-совет бўҳтони. Ёлғончи СоЛЖЕницинлар, жим бўлинг.

Жавоб бериш

Бу даҳшатли жиноятлардан ҳеч қачон халос бўла олишмайди. СССР ёвуз.

Жавоб бериш

Тўрт миллион қозоқни йўқ қилишган. Россия келажакда бизга яхши муносабатда бўлади дейсизми...

Жавоб бериш

У вақтларда очлик катта муаммо бўлган; бунда Сталиннинг ҳеч қандай айби бўлмаган. USCENTCOM ҳомийлик қилаётган бу сайтга оқилона мақола ёзишни маслаҳат берган бўлар эдим.

Жавоб бериш

Сталиннинг айби йўқ, тўғри айтасиз. Фақат уни айблаш нотўғри. Руслар айбдор. Сталин фақат партия раҳбари бўлган, холос.

Жавоб бериш

Нимага миллий низо қўзғаяпсиз? Руслар ҳам қолганлардан кам азият чекмаган, бу қилмишингиз учун жиноий жавобгарликка тортилсангиз яхши бўлар эди

Жавоб бериш

Коммунистлар энг криминал ҳукумат бўлган; ўз халқини йўқ қилиш қўлларидан келган. Улар Гитлердан ҳам ёмон эканлигини англатади.

Жавоб бериш

Жуда асосли комент! Муҳими фактларга бой

Жавоб бериш

Қандай масхаромуз комент. Муҳими миллионлаб қурбонлар ҳақидаги мавзу учун ўта нолойиқ ҳам.

Жавоб бериш