Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекларни жангариликка ёллаш тармоқларининг умри тугаб бораётган бўлиши мумкин

Максим Енисеев

Абу Салоҳ ва унинг тарафдорлари, Суриянинг Идлиб шаҳри. Видеолавҳа 7 июль куни Абу Салоҳнинг Телеграм каналига жойланган. Июнь ойи ўрталарида Абу Салоҳ рақиб жангари гуруҳ тарафидан қўлга олинган. [Файл]

Абу Салоҳ ва унинг тарафдорлари, Суриянинг Идлиб шаҳри. Видеолавҳа 7 июль куни Абу Салоҳнинг Телеграм каналига жойланган. Июнь ойи ўрталарида Абу Салоҳ рақиб жангари гуруҳ тарафидан қўлга олинган. [Файл]

ТОШКЕНТ – Маҳаллий ОАВ ва хавфсизлик бўйича таҳлилчиларга кўра, сўнгги ойларда Суриядаги экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган ўнлаб шахсларнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистонда жангариликка ёллаш ҳаракатларига жиддий зарба берган.

«Ўзбекзабон ёшларни Суриядаги халқаро террорчи ташкилотларга ёлловчилар учун қора кунлар келди», деб хабар беради «Ўзбекистон янгиликлари» 2 июль куни.

«Тавҳид ва жиҳод катибаси» (ТЖК) – Ўзбекистонда таъқиб қилинадиган асосий террорчилик гуруҳларидан бири. У асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини ўз сафига ёллаш орқали фаолият олиб боради.

У «Катибат ал-Тавҳид вал-Жиҳад» номи билан ҳам машҳур.

Тошкентда «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзоликда гумон қилинган шахсларга тегишли компьютерни текшираётган оператив ходимлар, 6 июль куни Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилган видеолавҳа кадри.

Тошкентда «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзоликда гумон қилинган шахсларга тегишли компьютерни текшираётган оператив ходимлар, 6 июль куни Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилган видеолавҳа кадри.

Тошкентда «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзоликда гумонланиб қўлга олинган шахс 6 июль куни Ўзбекистон телевидениеси эфирида ўз айбига иқрор бўлиб, кўрсатма бермоқда.

Тошкентда «Тавҳид ва жиҳод катибаси»га аъзоликда гумонланиб қўлга олинган шахс 6 июль куни Ўзбекистон телевидениеси эфирида ўз айбига иқрор бўлиб, кўрсатма бермоқда.

Июнь ойида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Ўзбекистонлик 15 нафар фуқарони экстремистик гуруҳга алоқадорликда айблаб ҳибсга олди, деб хабар беради Uzbekistan News.

Қўлга олинганлар гуруҳ сафига янги аъзолар ёллаш ва уларни Суриянинг Идлиб вилоятига юбориш билан шуғуллангани иддао қилинмоқда. Уларнинг барчаси 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Гуруҳ раҳбари Бекзод Каримов Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаб юрган вақтида экстремистик гуруҳлар билан танишиб қолган.

Янгиликлар каналининг хабар беришича, у Сурияга пул юборган ва ҳамюртларни ёллаш учун ТЖК собиқ раҳбари Абу Салоҳнинг видеоларидан фойдаланиб, ўз издошлари билан интернет орқали мулоқот қилган.

Июль ойи бошида Санкт-Петербург суди Каримовни олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган, деб хабар беради Россия ОАВ.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Жиззах вилоятида виртуал экстремистик гуруҳга мансубликда айбланган 23 нафар йигит ҳибсга олинган, деб хабар беради АКИпресс.

Хабарларга кўра, гуруҳ раҳбари Туркиядаги террорчилар таъсирига тушиб, Одноклассники ва Телеграм ижтимоий тармоқлари орқали ўз тарафдорларини топган.

23 июнь куни ДХХ ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ходимлари Тошкент шаҳри ва вилоятида ТЖКга аъзоликда гумон қилинган 25 кишини ҳибсга олдилар, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

Улар Суриядаги ТЖК сафида бўлган Ўзбекистон фуқароси А. Абдуқаҳҳоровнинг таъсирига тушганлар ва гуруҳга қўшилишни режалаштирганлар.

Қўлга олинганларнинг уч нафари аввалроқ терроризм ва экстремизмда айбланиб судланган. Абдуқаҳҳоров ҳали ҳам қочувда.

30 июнь куни ИИВ ва ДХХ Тошкентда ТЖКга аъзоликда гумон қилинган яна 11 кишини ҳибсга олди.

Ҳибсга олинганларнинг барчаси ТЖК жангарилари таъсирига тушиб, исёнчилар сафига қўшилиш учун Сурияга боришни режалаган.

«Биз Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар ва Содиқ Самарқандийларнинг маърузаларини тинглар ва уларни Телеграм орқали бир-биримизга улашар эдик. Натижада бизда жиҳодга бориш истаги пайдо бўлди», дейди ҳибсга олинганлардан бири «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида.

«Мен Зуфар ва Самарқандийнинг маърузаларини тинглай бошладим», дейди ҳибсга олинганлардан яна бири. «Орамизда ҳамфикр одамлар тўпланди. Коронавирус карантини вақтида жума намозини ўқиш учун турли жойларда йиғилиб, бир-биримизни жиҳодга даъват қилдик».

Сурияда ТЖК собиқ раҳбари «ҳибс қилинган»

ТЖК – марҳум иорданиялик террорчи Абу Мусъаб аз-Зарқавий асос солган, таниқли «Жамоат ал-Тавҳид вал-Жиҳод» гуруҳидан ажралиб чиққан гуруҳ деб гумон қилинади ва дунё бўйлаб содир этилган кўплаб терактлар учун масъулдир.

Гуруҳ 2016 йилдан Ўзбекистон олий суди томонидан тақиқланган бўлиб, ўтган йил декабрда Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси гуруҳнинг ташвиқот материалларини мамлакатда тақиқланган материаллар рўйхатига киритган.

ТЖК 2017 йил апрель ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги метрода содир этилган худкушлик портлашидан сўнг машҳурликка эришган.

Ўтган йил декабрда Россия суди Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонлик 11 мигрантни 15 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашни ташкиллаштиришга ёрдам берганликда айблаган.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, айбланувчиларнинг бари ўша вақтда Сурияда жанг қилаётган қирғизистонлик этник ўзбек Абу Салоҳ бошқарувидаги гуруҳ аъзолари бўлишган.

Асл исми Сирожиддин Мухторов бўлган Абу Салоҳ 2019 йил апрель ойида ташкилот учун молиялаштиришни кучайтириш ва ёллаш амалиёти билан шуғулланиш мақсадида гуруҳ етакчилигидан кетган, деб хабар берган ТЖК ўз Телеграм каналида.

Аммо, ўтган ойда Суриянинг Идлиб вилоятида кучли таъсирга эга жангари гуруҳ – «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» рақобатчи гуруҳларга қарши ҳарбий рейд бошлаган эди, деб хабар берган маҳаллий ОАВ ва ҳуқуқбон гуруҳлар.

Рейд чоғида Абу Салоҳ бошқа жангарилар қатори ҳибсга олиниб, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» қўлига тушган. Бу ҳақда Суриядаги ўзбек жангариларининг Телеграм каналида хабар берилган.

Ўзбекистонлик журналист Виктор Михайловнинг айтишича, ТЖК асосчиси Абу Салоҳ ва уни қўллаб-қувватлаган икки кишининг қўлга олинишига гуруҳ амирининг байтулмолдан катта миқдорда пул ўғирлагани сабаб бўлган.

Февраль ойида Ўзбекистонда Абу Салоҳнинг ТЖК гуруҳи тарафдорлари деб гумон қилинган 21 нафар киши қўлга олинди. Гуруҳ Сурияга кетиш ва террорчилик фаолиятини олиб бориш учун ўз сафига ёшларни ёллаган.

Ёллаш тармоқлари чок-чокидан ёрилмоқда

Июнь ойидаги ҳибслар билан ТЖКнинг Ўзбекистондаги фаолиятига чек қўйилган бўлиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

«Фикримча, биз ТЖКга мансуб ёллаш тармоқларининг сўнгги кунларига гувоҳ бўлиб турибмиз», дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Умид Асатуллаев.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан амалга оширилган чоралар Абу Салоҳ ва унинг гуруҳини қўллаб-қувватлаётганларни тўхтатган бўлиши мумкин», деди у. «Ўзбекистонда одам тўплаш учун барқарор замин йўқлиги аниқ. Янги гуруҳларни ҳам худди шундай тақдир кутмоқда.»

«Аниқки, бу можароларнинг бари суриялик экстремистлар, жумладан Марказий Осиёга диққат қаратган гуруҳларнинг ўлим олди талвасасига бир мисол, холос», деди у.

«Улар энди ўз мафкураси учун эмас, балки қолган сўнгги ресурслар учун бир-бирларига қарши курашмоқдалар», деди у. «Уларни ҳеч ким кутаётгани йўқ. Халифаликни Афғонистонга кўчиришга оид хаёлий ғоялар ҳам пучга чиққан.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўша сан ёзган хаёлий ғояни биз мўмин-мусулмонлар сан нажасларни қонини тўкиб бўлса ҳам қурамиз иншааллоҳ! Куфр демократик ҳукумати ўрнига иймоний халифалик ҳукумати пайдо бўлади!!!

Жавоб бериш