Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Эрон режимининг туркманларни сиқувга олаётгани ҳақидаги радиодастур эфирга узатилди

Жумагули Аннаев

2009 йилнинг 21 апрел куни Эроннинг Гулистон вилоятидаги Гўргон шаҳрига келган президентликка номзод, ислоҳотчи Мир Ҳусайн Мусавийни кутиб олишга чиққан эронлик туркман аёллари. Гулистон – Эроннинг камситиш ва босимга учраган туркман озчиликлари яшайдиган аҳоли пункти. Мусавий муросасиз сиёсатчи Маҳмуд Аҳмадийнажодга мағлуб бўлган. [AFP ФОТОСУРАТИ/АТТА КЕНАРЕ]

2009 йилнинг 21 апрел куни Эроннинг Гулистон вилоятидаги Гўргон шаҳрига келган президентликка номзод, ислоҳотчи Мир Ҳусайн Мусавийни кутиб олишга чиққан эронлик туркман аёллари. Гулистон – Эроннинг камситиш ва босимга учраган туркман озчиликлари яшайдиган аҳоли пункти. Мусавий муросасиз сиёсатчи Маҳмуд Аҳмадийнажодга мағлуб бўлган. [AFP ФОТОСУРАТИ/АТТА КЕНАРЕ]

АШХОБОД – Туркманистон жамоатчилиги Эрон ҳукуматининг мамлакатда яшовчи этник туркманлар ҳуқуқларини мунтазам равишда поймол қилаётганидан ғазабга келган.

Эрондаги этник туркманлар бошидан кечираётган қийинчиликлар 12 июл куни Озод Европа/Озодлик (RFE/RL) радиосининг туркман хизмати томонидан эфирга узатилган «Дунё туркманлари» махсус радиодастурида батафсил ёритилди.

«Ҳукумат зўрлик билан туркманларнинг ерларини тортиб олиб, уларга Афғонистоннинг Ҳирот вилоятидан олиб келинган шиаларни жойлаштиргани билан боғлиқ ҳолатлар ҳам юз берган» дейди Озодлик радиоси билан суҳбатда бўлган эронлик туркман зиёлиларидан бири.

Хавфсизлик важидан овози ўзгартирилган бу эркак Эрон махфий полицияси ходимлари тунда этник туркманларнинг уйларига бостириб кириши, компьютерлар ва бошқа ускуналарни мусодара қилиб, ҳибсга олинганларни бир неча йилларга номаълум жойларга олиб кетиши ҳақида сўзлаб берган.

2019 йилги ҳарбий амалиёт чоғида сафга тизилаётган Эрон аскарлари. Мамлакатдаги туркманларга босим ўтказишда Эрон хавфсизлик кучлари муҳим роль ўйнайди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

2019 йилги ҳарбий амалиёт чоғида сафга тизилаётган Эрон аскарлари. Мамлакатдаги туркманларга босим ўтказишда Эрон хавфсизлик кучлари муҳим роль ўйнайди. [Эрон мудофаа вазирлиги]

Эронда туркманларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари доим чеклаб келинган бўлса-да, сўнгги пайтларда озчиликка нисбатан босим янада кучайди, дейди тарихчи Оғаниёзов.

«Бу борадаги вазият ҳозир энг юқори даражага чиқди», деди у.

Унинг айтишича, 1979 йилда Пахлавийлар сулоласи ағдарилганидан сўнг, этник туркманлар мухторият тузишга ва ҳокимиятнинг юқори органларида ўз вакилларига эга бўлишга, шунингдек тил, анъана ва урф-одатларига нисбатан ҳурматда бўлинишига интилганлар.

Ҳозир эса булар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Оятуллоҳлар режими бу йўналишдаги ҳар қандай уринишларни шафқатсизларча бостирмоқда, деди Оғаниёзов.

Туркманистон ташқи ишлар вазирлигидаги манбанинг айтишича, Эрон ҳукумати Туркманистон билан муносабатларнинг ёмонлашуви ва Халқаро арбитраж судидаги газ можаросида Эроннинг ютқазгани туфайли этник туркманларга қарши босимни кучайтирган.

Қариндошлари Эронда яшайдиган Аннабердининг сўзларига кўра, давлат этник озчиликни ташкил қилувчи оддий фуқароларга ўз ғазабини сочиши қабиҳликдир.

Туркманистон ҳукумати Эрон режимига туркманларнинг сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини ҳурмат қилиш талабини қўйиши керак, деб қўшимча қилди у.

«Эроннинг Ашхабоддаги элчисини чақиртириб, унга Эрондаги ватандошларимизнинг ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилаётгани борасида норозилик нотаси тақдим этишнинг айни вақти», деди у.

Кўп асрлик диаспора

Йирик ва кўп асрлик туркман диаспораси Эроннинг Туркманистон билан чегарадош Гулистон ва Шимолий Хуросон вилоятларида яшайди.

Ашхободлик тарихчиларга кўра, Эрондаги туркман аҳолисининг сони 20-асрнинг биринчи ярмида – Туркманистонда совет тузумининг ўрнатилиши ва 1930-1940 йилларда Сталин қатағонлари вақтида ўсиб борган.

Бу даврда кўплаб туркманлар Эрон шимоли-шарқида жойлашган туркман саҳросидан паноҳ топдилар, дейди тарихчи Юсуф Оғаниёзов (фамилияси ўзгартирилган).

Эрон ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, икки шоҳ замонида (1925-1979 йилларда) мамлакатда 1,5-2 млн. туркман бор эди. Ҳозирги режим маълумотларига кўра, уларнинг сони тахминан 500 минг-1 млн. кишига камайган, деб хабар беради Озодлик радиосининг туркман хизмати.

Туркманистонлик кузатувчиларга кўра, Теҳрон этник туркманлар сонини атайлаб камайтириб кўрсатмоқда ва уларнинг миллий ўзлигини йўқотишга ҳаракат қилмоқда.

«Уларнинг ҳуқуқлари йўқ»

Турманистоннинг Ахал вилояти Сарахс шаҳарчасида яшовчи Аннаберди эронлик туркманлари аҳволидан яхши хабардор.

«Менинг ота томондан деярли ҳамма қариндошларим ўша ерда ва ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас», деди у.

Икки мамлакат ўртасида чегаралар белгиланган пайтда Аннабердининг қариндошлари Эрон томонида қолишган.

«Совет даврида бобом тиканли сим тўсиқлар билан ўралган чегара чизиғида қўй боқар эди. Нариги тарафдан унинг ака-укалари ўз сурувларини ҳайдаб келишар ва улар ўз она тилларида қўшиқ куйлаётгандек бўлиб, бир-бирлари билан гаплашар эдилар» деди Аннаберди бобосининг ҳикояларини эслаб.

Ҳозир эса чегарага ҳеч кимни яқин йўлатишмайди, шу сабаб туркманистонликлар ва эронлик туркманлар энди фақат электрон почта ёки уяли телефон орқали мулоқот қилишлари мумкин, деди у.

«Ҳозирда Эрон туркманлари ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас. Улар камситилмоқда. Оятуллоҳлар режими этник озчиликларга қарши геноцид сиёсатини олиб бормоқда. Қариндошларимиз бизга шундай дейишмоқда», деб қўшимча қилди у.

Эрондаги туркманлар ҳамма нарсадан маҳрум, дейди у. Улар ўз фарзандларига она тилида таълим бериш ёки китоб ўқиш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек, ўз миллий урф-одат ва анъаналарига риоя қила олмайди.

«Форслар учун рухсат этилган кўп нарсалар – жумладан, денгизда балиқ овлаш, ов милтиғига эга бўлиш ва парранда овлаш улар учун тақиқланган. Бу қоидаларни бузган одамлар номаълум жойга олиб кетилиб, ҳатто икки-уч йил суд ва терговсиз ушлаб турилиши мумкин», деди Аннаберди.

«Мен сизга қариндошларим билан гаплашиб билган нарсаларимни айтяпман», деб қўшимча қилди у.

Инсон ҳуқуқларини кузатувчи қатор ташкилотлар Эрон режимини туркманларга ўхшаган форс ҳам, шиа ҳам бўлмаган озчиликларга тазйиқ ўтказишда айблаб келади.

Режим «диний озчиликлар, жумладан сунний мусулмонларни ҳам дискриминация қилмоқда», дейилади Human Rights Watch ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботида.

«Давлат мактабларида болаларга форс тилидан бошқа тилда сўзлашиш ёки таълим олиш тақиқланган», дейилади Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати институти томонидан эълон қилинган 2019 йилги тадқиқотда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мен учун бу мақолани ўқиш қайғули. Туркманистонга анча олдин саёҳат қилган эдим, уларнинг анъаналари ва Форслар мероси билан алоқалари менда катта таассурот қолдирган. Юртимизда содир бўлаётган воқеалар халқимизни пароканда қилишга қаратилган шармандали тактикадир.

Жавоб бериш