Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг янги ҳарбий машғулотлари Марказий Осиёда хавотирга сабаб бўлмоқда

Канат Алтинбаев

Волгоград вилоятида жойлаштирилган россиялик аскарлар «Прудбой» полигонида «Кавказ-2020» машқларини ўтказмоқда. Машғулотлар 21 сентябрь куни бошланган. (Россия мудофаа вазирлиги)

Волгоград вилоятида жойлаштирилган россиялик аскарлар «Прудбой» полигонида «Кавказ-2020» машқларини ўтказмоқда. Машғулотлар 21 сентябрь куни бошланган. (Россия мудофаа вазирлиги)

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путин экологик, иқтисодий ва минтақа хавфсизлиги оқибатларига беписандлик билан ўз қудратини кўз-кўз қилишда давом этар экан, Россия мезбонлигидаги кенг миқёсли ҳарбий машғулотлар Марказий Осиёда ташвишга сабаб бўлмоқда, дейди кузатувчилар.

Душанбадан (21 сентябр) шанбага (26 сентябр) қадар Россия жанубида бўлиб ўтадиган «Кавказ-2020» машқларида 12 мингдан ортиқ аскар иштирок этади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин матбуот брифингида айтиб ўтди.

Машғулотларда иштирок этишга Арманистон, Озарбайжон, Беларус каби постсовет давлатлар қатори Хитой, Эрон, Покистон ва Мьянма ҳам таклиф этилган, дейилади вазирликнинг 11 сентябр кунги баёнотида.

Баёнотга кўра, қуруқлик ва денгиз машғулотларидан иборат тадбирга 250 дан ортиқ танк, 450 та жанговар машиналар ва зирҳли техника жалб қилинади.

Россия, Беларус ва Сербиянинг бирлашган қўшинлари «Славян биродарлиги-2019» ҳарбий машғулотлари чоғида Дунай дарёсини кечиб ўтишга ҳозирлик кўрмоқда, 2019 йилнинг июнь ойи. (Россия мудофаа вазирлиги)

Россия, Беларус ва Сербиянинг бирлашган қўшинлари «Славян биродарлиги-2019» ҳарбий машғулотлари чоғида Дунай дарёсини кечиб ўтишга ҳозирлик кўрмоқда, 2019 йилнинг июнь ойи. (Россия мудофаа вазирлиги)

Машғулотларда 80 мингга яқин ҳарбий хизматчи, жумладан ёрдамчи ходимлар ҳам қатнашади.

Асосий машғулотлар Россиянинг жанубий ҳарбий округида, жумладан ҳаво полигонларида ўтиши кутилмоқда, дея хабар берган маҳаллий ОАВ.

Машғулотлар Эрон ҳарбий денгиз кучлари жалб қилинадиган Қора ва Каспий денгизларидаги қўшма амалиётларни ҳам ўз ичига олади.

Хорижий иштирокчилар орасида Россияга биринчи бўлиб Хитой ҳарбий самолётида 100 га яқин хитойлик аскарлар етиб келишди, деб хабар берган 14 сентябр куни Россия мудофаа вазирлигининг расмий нашри «Красная Звезда». Ундан аввал ташриф буюрган хитойлик зобитлар сони очиқланмаган.

Аммо Москва таклиф қилган меҳмонларнинг ҳаммаси ҳам Россия учун стратегик аҳамиятга эга ҳарбий машғулотларда иштирок этиш иштиёқини намойиш қилмаган.

Россия мудофаа вазирлигига кўра, Озарбайжон, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон ва Шри-Ланка шунчаки кузатувчи сифатида иштирок этади.

Россиянинг «Независимая газета» нашри «Кавказ-2020 бошланмай туриб йўқотишларга учрамоқда» сарлавҳали мақола чоп этган бўлиб, унда Москва учун кутилмаганда айрим давлатларнинг турли сабаблар билан «Кавказ-2020» машғулотларида иштирок этишдан бош тортгани баён қилинган.

Мисол учун, август ойи охирида машғулотларда иштирок этмасликка қарор қилган Ҳиндистон Москва билан муҳим ҳарбий-техник шартномаларни имзолашга шошилмаяпти, деб ёзади нашр.

Путиннинг «милитаристик сиёсати» борасидаги хавотирлар

«Кавказ-2020» машқларининг Қозоғистон чегарасига яқин ҳудудда бўлиб ўтаётгани Nur.kz нашрининг қозоғистонлик муштарийлари танқиди ва ташвишига сабаб бўлган.

«Қуролланиш пойгаси, мақтанчоқлик ва ўз қудратини кўз-кўз қилиш Путиннинг милитаристик сиёсатидир», деб фикр-мулоҳаза қолдирган Astana2018. «Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги Капьярда ўтган синовлар қанчадан-қанча ногирон болалар, оналарнинг кўз ёшлари ва офатларга сабабчи бўлди!»

Муштарий Қозоғистон чегараси яқинида, Россия жанубида жойлашган Капустин Яр ракета полигонини назарда тутган.

«Путин бу пулларга уруш фахрийлари учун квартира олиб берганида яхшироқ бўларди», деб ёзади Nur.kz нашрининг яна бир муштарийси SB. «Улар шароити йўқ, газсиз, вайрона уйларда яшаяпти. Пенсионерлар ахлат қутиларидан овқат териб юрибди, аммо бу милитарист ҳарбий ўйинларга тўймаяпти.»

Сўнгги вақтларда Россия Қозоғистонни ўзининг геосиёсий ўйинларига жалб қилишга уриниб келмоқда, дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи Уразгали Селтеев.

«Давлатимиз қатъиян нейтрал мавқеини сақлаб қолиши ва Ғарб билан қарама-қаршиликка аралашмаслиги керак», деди у. «Қозоғистон фуқаролари Россия ва унинг ҳарбий иттифоқчиларининг хатти-ҳаракатларидан зарар кўрмасликлари лозим.»

Кремль ўзининг провокацион ҳарбий машқлари ва бошқа йўллар билан Марказий Осиёда кескинликка сабаб бўлмоқда, дейди бишкеклик қирғиз дипломати Мурат Конокбаев.

«Яқинда улар ахборот маконимизда қирғизлар Қирғизистоннинг Россияга қўшилишини муҳокама қилаётгани ҳақидаги сохта хабарларни тарқатдилар», деди у. «Москванинг бу жирканч провокацияси қирғизистонликларни ғазаблантирди. Марказий Осиё республикасидаги реакция бу каби баёнотларнинг ҳақиқатдан йироқ эканлигини кўрсатди.»

Марказий Осиё мамлакатлари Москвадан юз ўгириб, минтақавий хавфсизликни ичкаридан, мустақил равишда тиклашга диққат қаратишлари керак, дейди баъзи таҳлилчилар.

Қозоғистон ва Ўзбекистон бу жараёнга бош-қош бўла олади, дейди Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлил маркази раҳбари Фарҳод Толипов.

Минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш ва барча соҳаларда, жумладан минтақавий хавфсизликка оид сиёсатларни уйғунлаштириш учун Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтириш зарур, дейди у.

«Тошкент ва Нур-Султон биргаликда беш давлат форматида Марказий Осиёда ўзининг минтақавий коллектив хавфсизлик тизимини яратиши мумкин», дейди Толипов.

Россия-Беларус машқлари хавотирга сабаб бўлмоқда

Айни пайтда Россиянинг Беларусда юз бераётган сиёсий тартибсизликлардаги иштироки минтақада ўтиши режалаштирилган бошқа ҳарбий машғулотларга таҳдид солмоқда.

14-25 сентябр кунлари Белорусиянинг Брест полигонида «Славян биродарлиги-2020» машғулотлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди Россия мудофаа вазирлиги.

9 август кунги Александр Лукашенконинг қайта сайланиши билан боғлиқ баҳсли президент сайловлари ортидан норозилик намойишлари исканжасида қолган Беларус халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида бўлиб турибди.

Душанба (14 сентябрь) куни Путин қийин аҳволда қолган Беларус лидерини қўллаб-қувватлаб, 1,5 миллиард долларлик кредит ваъда қилар экан, Лукашенко ҳам Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берган.

Тожикистоннинг ASIA-Plus ва Deutsche Welle немис нашрларида ишлаган, Европада яшовчи тожик журналисти Хайрулло Мирсаидовга кўра, иқтидорда қолишга уринаётган Лукашенко Россиянинг ёрдамига умид қилмоқда.

Лукашенко Россия қўшинларининг Беларусга киритилиши эҳтимолини оқлашга ҳаракат қилди, аммо Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) шартларига кўра, бу фақат Беларусга ташқи кучлар таҳдид солган тақдирдагина юз бериши мумкин.

«Бу шартларга риоя қилиш учун, Лукашенко гўёки Литва-Беларус чегарасида НАТО қўшинлари тўпланганини айтди», деди Мирсаидов. «Бироқ, НАТО ва Литва расмийлари бу баёнотни рад этганлар.»

Машғулотлар 2015 йилдан бери ҳар йили ўтказилиб келинаётганига қарамай, Москванинг зарарига сиёсий босим ўтказиш нуқтасига айланган.

Кремл Болқонда Россия ҳарбийлари учун яқин иттифоқчи ва форпост деб ҳисоблайдиган Сербия 9 сентябр куни Беларус ва Россия иштирокидаги ҳарбий машғулотларда қатнашишдан расман бош тортди.

«Биздан Европадаги келажагимиз эвазига Беларус билан режалаштирилган ҳарбий машғулотлардан воз кечишимизни сўрашди», деди Сербия мудофаа вазири Александар Вулин.

Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзоликка номзод Сербия Беларусдаги вазият туфайли ўз сиёсий келажагини хавф остига қўйишни истамаган кўринади.

Сербия Лукашенко ҳукумати билан яқин алоқада бўлса-да, Белград Беларусдаги президент сайловларининг «эркин ва адолатли» ўтмагани ва ҳукуматнинг намойишчиларга қарши зўравонлигини танқид қилган Европа Иттифоқи ва АҚШнинг 11 август кунги қўшма баёнотини қўллаб-қувватлаган.

15 сентябр куни Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 12-16 октябр кунлари Беларуснинг Брест полигонида «Бузилмас биродарлик-2020» ҳарбий машғулотлари ўтказилади.

Ўқув машқларида КХШТга аъзо Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Тожикистон иштирок этади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия муваффақиятсиз лойиҳа сифатида тарқатиб юборилиши керак

Жавоб бериш

Россияга таҳдид солишмоқда ва у жуда жиддий, нега энди жавоб бермасин? НАТО мамлакатлари уни ўраб олиб, чегаралари томон яқинлашмоқда, инқилоблар ва урушлар келтириб чиқармоқда, НКА [?], террорчилар, жосуслар ва бошқалар. НАТО ва АҚШнинг мақсади худди СССР билан бўлгани каби Россияни парчалаш ва унинг ҳудудида фақат Москва вилоятини қолдириш. Россия буюк давлат ва шундай бўлиб қолади, у милитаристларнинг барча босимларига дош беришга тайёр...

Жавоб бериш

Россия занг босган қуроллари билан мақтанавермай, тушиб кетаётган иштонини кўтариб олиш ҳақида ўйласин.

Жавоб бериш

Россияда анчадан бери занг босган қуроллар йўқ. Ҳар қанча уринманг, шунчаки ёзиш ва гапириш қўлингиздан келмайди

Жавоб бериш