Сайловлар

Кузатувчилар: Путин ва Лукашенко битта чўкаётган кемада

Канат Алтинбаев ва AFP

image

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Белоруссия президенти Александр Лукашенко 2019 йил 30 июнь куни Минскда Европа ўйинларининг ёпилиш маросимида иштирок этмоқдалар. [Сергей Гапон/AFP]

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путин ва Беларус президенти Александр Лукашенко иқтидорда қолишга интилган ҳолда ўзаро алоқаларни мустаҳкамламоқда, зотан иккала раҳбар ҳам сайловчилар ва халқаро ҳамжамиятнинг тобора кучайиб бораётган босимига дуч келишган.

Душанба (14 сентябрь) куни Путин жанговар ҳолатдаги Беларус лидерини қўллаб-қувватлар экан, 1,5 миллиард долларлик кредит ваъда қилди. Лукашенко ҳам Москва билан алоқаларни мустаҳкамлашга ваъда берган.

Путиннинг Сочидаги қароргоҳида икки давлат раҳбарлари яккама-якка музокаралар ўтказдилар, улар тахминан тўрт соат давом этди.

Бу Лукашенконинг 9 август кунги баҳсли президент сайловларидаги ғалабаси кенг омма норозилигини келтириб чиқарганидан бери унинг илк хорижий сафари бўлди. Шундай намойишларнинг бири якшанба (13 сентябр) куни Минскда бўлиб ўтган ва унда ўн минглаб одам қатнашган.

image

13 сентябр куни Минскда президент сайлови натижаларига қарши норозилик намойиши чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олдида тиз чўккан беларуслик аёл. Белоруслар бир ойдан бери президент Александр Лукашенконинг можароли қайта сайланишига қарши намойиш ўтказмоқдалар, тўрт ҳафта давомида 100 мингдан ортиқ одам Минск кўчаларига чиққан. [TUT.BY/AFP]

Мазкур учрашув Россияда август ойи охирида мухолифатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланишидан кейин мухолифат лидерлари томонидан рамзий ғалаба деб эълон қилинган маҳаллий сайловлар ортидан ўтказилган. Ҳозирда Навалний Германияда даволанмоқда.

«Катта оға» ёнида туриш

Лукашенконинг сиёсий келажагини маъқуллаган Путин Белорусиянинг мухолифатни тинчлантиришга қаратилган конституциявий ўзгаришларга оид режаларга юқори баҳо берган.

Беларуслик ҳамкасби билан бирга телевидение орқали чиқиш қилган Путин «унинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда» бу «мамлакат сиёсий тизими ривожида янги марраларни забт этишга имкон беришига ишонишини» айтган.

26 йилдан бери иқтидорда бўлган Лукашенко бир неча йил аввал конституцияни ўзгартириш масаласини кўтара бошлаган эди.

Путин иқтисодий ёрдам таклиф қилар экан, Москва Беларусга 1,5 миллиард доллар миқдорида кредит ажратишини айтди.

Беларусликлар сиёсий инқирозни «мустақил, тинч йўл билан ва ўзаро мулоқот орқали, ташқаридан кўрсатма ва босимсиз» ҳал қилишлари керак, деди у.

Лукашенко Путинга ўзини «муносиб тутгани» учун миннатдорчилик билдирар экан, Беларус «катта оғаси билан яқин бўлиши ва барча масалаларда ҳамкорлик қилиши» кераклигини айтди.

«Кейингиси Россия бўлади»

Агар Беларус режими кенг миқёсли норозиликлар туфайли қулайдиган бўлса, кейингиси «Россия бўлади», деб огоҳлантирди Лукашенко 8 сентябр куни Россия телеканалига берган интервьюсида.

Россиянинг «РИА Новости» давлат ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Минскда россиялик журналистлар билан учрашган Лукашенко яқин орада Россияга таъсир қиладиган «айрим сиёсий воқеаларни» ҳисобга олган ҳолда доимий саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирган.

«Россия раҳбарияти билан нима хулосага келганимизни биласизми?» деди у. «Бугун Белоруссия қулайдиган бўлса, кейингиси Россия бўлади».

Россияни ҳатто Беларусникидан мустаҳкамроқ иқтисодий барқарорлик ҳам қутқариб қололмайди, деди у.

«Бой Россия бунга бардош беради деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз», деди Лукашенка. «Мен кўплаб президентлар ва эски дўстим Путин билан гаплашдим ... ва бунга қарши туриш имконсиз эканлиги ҳақида огоҳлантирдим.»

Бутун Россия бўйлаб жума-якшанба (11-13 сентябр) кунлари бўлиб ўтган сайловларга кўра, Лукашенконинг сўзларида жон борга ўхшайди.

Мамлакатнинг жами 85 та минтақаси орасидаги ўнлаб ҳудудларда россияликлар вилоят ва шаҳар кенгашлари депутатлари ва губернаторларни сайладилар, шунингдек халқ депутатларини сайлаш бўйича ўтказилган қўшимча сайловларда овоз бердилар.

Сохталаштирилгани даъво қилинган сайловларда Кремлпараст номзодлар устунлик қилган. Мухолифат лидери Навалнийнинг Томск (Сибирь) шаҳридаги заҳарланиши ҳам сайловларга соя солган.

Ҳукмрон «Ягона Россия» партияси сўнгги йилларда Путин билан бирга ўз рейтингини йўқотган бўлса ҳам, унинг номзодлари кўп ўринларга эга чиққан.

Навалнийнинг иттифоқдошлари Новосибирск ва Томскда узоқ кутилган шаҳар кенгаши учун сайловларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб, рамзий ғалабани нишонлаганлар.

Франция ва Швецияда ўтказилган лаборатория синовлари Кремл танқидчиси асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланишдан омон қолганини тасдиқлади, деб хабар берган Германия ҳукумати 14 сентябр куни. Россия режими Навалнийни заҳарлагани ҳақидаги айбловларни рад этган.

Зарурий ислоҳотлар

Марказий Осиёлик сиёсий таҳлилчилар Беларус ва Россиядаги воқеаларни диққат билан кузатиб боришмоқда.

Уларга кўра, Белоруссиядаги сиёсий инқирозни зўравонлик йўли билан ҳал қилиш номақбул: ҳам Россия, ҳам Беларуснинг авторитар режими ўз сиёсий тизимида тегишли ўзгаришларни қабул қилиши зарур.

Лукашенко намойишчилар билан тил топишиши, музокаралар столига ўтириши ҳамда ўзининг ва ҳалқнинг манфаатлари ўртасидаги муштаракликни аниқлаши керак, дейди ўтмишда Қирғизистон бош вазири ва миллий хавфсизлик вазири лавозимларида ишлаган «Ор-номус» сиёсий партияси раҳбари Феликс Кулов.

Москва Минскка ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиқиб ёрдам бермоқда, чунки Кремл унинг ёнида турадиган барқарор, бошқариладиган давлатга муҳтож, дейди у.

Шу билан бирга, Россияда ҳам норозилик кайфияти авж олган, дейди Кулов.

«Шу кунларда у ердаги одамлар ўз президентлари Владимир Путиндан норози», деди у. «Биз дунё тезкорлик ўзгариб турадиган даврда яшаяпмиз ва одамларнинг ўзгаришларга интилиши табиий.»

«Шундай экан, Путин халқ манфаатлари билан ҳисоблашиши, иқтисодиётни ривожлантириши ва ўз фуқаролари фаровонлигини ошириши керак», деди Кулов.

«Менталитет инқилоби»

Диктаторлар муайян муддат ҳокимиятни ушлаб туришга муваффақ бўлса-да, улар бундай тизимни абадий сақлаб туролмайди ва охир-оқибат барча автократик режимлар қулайди, деди Қозоғистоннинг Рискларни баҳолаш маркази раҳбари, олмаоталик Досим Сатпаев.

«Одамлар эски сиёсатдан чарчаган», деди у Қозоғистоннинг «Форбс» интернет-нашрига берган интервьюсида. «Россияда ҳам Путиннинг анъанавий электорати камайиб бормоқда. У ерда одамлар Путиндан чарчаган.»

Янги авлод Беларус ва Россияда норозилик ҳаракатларининг таянчига айланди – улар ўзгаришларга интилувчи илғор ёшлар, деди у.

«Бу менталитет инқилоби, интернет технологиялари инқилобидир», деди Сатпаев. «Омма онгини бошқариш имконсиз бўлиб қолган».

«Лукашенконинг ўзи яқинда берган интервьюсида давлат оммавий ахборот воситалари энди олдингидек самарали фаолият юрита олмаслигини айтди», деди у. «Бу борада интернет ҳукмронлик қилмоқда.»

Ҳукуматингизнинг Россияга қарамликни олдини олиш ёки уни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайсизми?
Фикрлар 2
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Кичкина солда Сцилла ва Харибда ўртасида сузиб юрарди. Аммо бизнинг асримизда ҳамма йўллар минг йиллик Москвага, қулдор Рутинияга олиб боради.

Жавоб бериш

Путин + Лукашенко = Пукашенко. Охирги иккита диктатор президент.

Жавоб бериш