Сиёсат

Навалнийнинг заҳарланиши ортидан Россияда сиёсий уйғониш умиди пайдо бўлмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг Томскдаги штаби раиси ва 13 сентябр куни ўтказиладиган маҳаллий сайловларда шаҳар кенгашига 28 ёшли номзод Ксения Фадеева 7 сентябр куни Томскда ўзининг сайловолди чодирини ўрнатмоқда. [Александр Неменов/AFP]

ТОМСК, Россия – Елена Басова дастлаб россиялик мухолифат арбоби Алексей Навалнийнинг Сибирдаги ўзи туғилиб ўсган шаҳарда заҳарланганига ишонмаган эди.

Кейин у Навалнийнинг жойлардаги коррупция юзасидан олиб борган терговларини кўрган.

«Ҳаммаси ойдинлашди», дейди 33 яшар сотувчи аёл Сибирнинг Томск шаҳри кўчаларидан юриб борар экан.

«Уни ҳақиқат учун курашаётгани сабабли заҳарладилар», деди Басова AFP билан суҳбатда. Энди у якшанба (13 сентябр) куни бўлиб ўтадиган шаҳар кенгашига сайловларда Навалнийнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

image

Россия мухолифати лидери Алексей Навалний, унинг рафиқаси Юлия, мухолифат арбоби Любов Собол ва бошқа намойишчилар қотиллик қурбонига айланган Кремл танқидчиси Борис Немцов хотирасига бағишланган юришда қатнашмоқдалар, Москва маркази, 29 феврал. Немцов 2015 йилда Москвада ўлдирилган. [Кирилл Кудрявцев/AFP]

Якшанба куни Россиянинг ўнлаб вилоят, шаҳар ва қишлоқларида бўлгани каби Томскда ҳам маҳаллий кенгашга сайловлар ўтказилади.

Владимир Путиннинг энг ашаддий танқидчиси бўлган Навалнийнинг тарафдорлари ўтган ой унинг ўз сиёсий фаолияти туфайли айнан шу шаҳарда заҳарланганини таъкидламоқдалар.

Коррупцияга қарши фахрий курашчи Германияга олиб кетилган ва ҳозирда маҳаллий касалхоналарнинг бирида ётибди. Терговчилар унинг асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланганини аниқлаган. Совуқ уруш даври охирларида Совет Иттифоқи томонидан ихтиро қилинган бу моддани фақат Россия махсус хизматлари қўллай олади.

Томскдан ҳавога кўтарилиш олдидан аэропортда чой ичган Навальний ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.

Бефарқликка қарши кураш

Навалний минтақавий сайловларда маҳаллий номзодларни қўллаб-қувватлаш бўйича Сибирга қилган сафарини ва Россия элитаси орасидаги коррупцияга оид иккита тергов жараёнини суратга олиш ишларини якунлаётган эди.

Томскдаги тергов давомида Кремл тузган ҳукмрон партия – «Ягона Россия» аъзолари партия мансабдорлари назоратидаги компаниялар билан давлат шартномаларини имзолагани аниқланган. Расмийлар бу иддаоларни рад этганлар.

Томскдаги штаб раҳбари – 28 яшар Ксения Фадеева Навалнийни Москвага элтадиган самолётга чиқишидан аввал уни сўнгги бор кўрган одамлардан бири бўлди.

Фадеева терговлар ва Навалнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ воқеадан сўнг, унинг шаҳар кенгашига қўйган номзодини қўллаб-қувватлаш кучайишига умид қилмоқда.

Навалний ва унинг тарафдорларига миллий сиёсатда иштирок этишни тақиқлаб қўйишган. Навалнийга 2018 йилги президент сайловида Путинга қарши номзод бўлиш тақиқланган, шу боис у ўзининг сиёсий фаолиятини минтақавий кампанияларга йўналтирган эди.

Навалний кампаниясининг энг асосий жанги – бефарқликка қарши кураш, дейди кампания волонтери Митя Немцев.

«Одамларга улар заиф деган фикр сингдирилди», дейди татуировкали 30 яшар фаол.

«Одамлар орасида сиёсат ифлос нарса, деган тушунча мавжуд. Аммо бу нотўғри», дейди у. «Маҳаллий амалдорлар Хабаровскда бўлгани каби вазиятни ўнглай олишлари мумкин.»

«Ягона Россия» номзодини мағлуб этган маҳаллий губернаторнинг ҳибсга олинишига қарши икки ойлик норозилик намойишларидан сўнг, Россиянинг Узоқ Шарқидаги шаҳар Москвага итоатсизликнинг нодир намунаси ўлароқ юзага чиқди.

«Россия олий раҳбариятининг» жавобгарлиги

Дунё давлатларининг ҳукуматлари Кремлни Навалний ҳаётига қилинган суиқасд бўйича жавоб беришга чақирмоқда.

«Ўйлайманки, бутун дунёдаги одамлар бу турдаги фаолият нима эканлигини яхши англайдилар», деди АҚШ давлат котиби Майк Помпео чоршанба (9 сентябрь) куни радиога берган интервьюсида.

«Диссидентни заҳарлашга уриниш ва бу иш ортида ҳақиқатан ҳам Россия олий раҳбариятининг тургани эҳтимоли катта эканлиги маълум бўлса, бу рус халқи учун яхшиликдан нишона эмас, деб ўйлайман», деди у.

Пайшанба (10 сентябрь) куни Москва мазкур иш бўйича дипломатик ҳужумга ўтган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги Германия элчисини чақиртириш билан бир қаторда, Катта еттиликнинг зудлик билан заҳарлаш ортида турганларни топиб, жавобгарликка тортиш чақириғи акс этган баёнотига жавоб қайтарди.

Вазирлик «оммавий дезинформация кампаниясини» қоралаб чиққан.

Кремлнинг навбатдаги заҳарлаш амалиёти

Кўпчилик кузатувчилар Навалнийнинг заҳарланиши ва Беларусдаги тартибсизликлар ўртасида боғлиқлик бор деб ҳисобламоқда.

Марказий Осиёликлар томонидан қўллаб-қувватланган Беларусдаги норозилик намойишлари Кремл учун ноқулай, Путиннинг рейтинги кескин тушиб кетган бир пайтга тўғри келди, зеро у бир вақтлар ўзига содиқ бўлган сиёсий базанинг кучайиб бораётган норозилигига дуч келмоқда.

Россия ва америкалик журналист, жамоатчилик фаоли Маша Гессеннинг айтишича, Навалнийнинг айнан шу пайтда заҳарланганини «доимий равишда ўзининг собиқ мустамлакаларини кўзгудек кўрадиган Кремлнинг Беларусдаги норозилик намойишларидан даҳшатга тушгани» билан изоҳлаш мумкин.

«Белоруслар ҳатто сайлов институтлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти тўлалигича автократга тобе бўлган мамлакатда ҳам одамлар ҳокимият учун даъвогарлик қилишга ва «бас, етар» дея олишга қодир эканлигини кўрсатди», деб ёзади Гессен The New Yorker нашридаги мақоласида.

Россияда 20 йилдан бери ҳокимият тепасида бўлган Путин ҳам айнан шу нарсадан қўрқади, дейди Гессен.

Тарихда Россия ва ундан ташқаридаги мухолифат арбобларининг сирли тарзда заҳарланишига оид мисоллар талайгина.

2018 йилнинг март ойида Британиянинг Солсбери шаҳрида асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиш туфайли собиқ россиялик икки тарафлама жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи ҳушсиз ҳолатда топилган эди.

Кремлга қарши бўлган фаоллардан бири Петр Верзилов 2018 йил сентябр ойида тиббий препаратдан заҳарланиш ортидан касалхонага ётқизилган.

2006 йил ноябр ойида Кремлга қарши сўзлаган собиқ россиялик жосус Александр Литвиненко Лондондаги меҳмонхоналарнинг бирида юқори радиоактив Полоний-210 моддаси қўшилган чой ичиши ортидан вафот этган.

Шунингдек, 2004 йил сентябр ойида президентлик учун Россия қўлловидаги номзодга қарши кампания олиб борган украиналик сиёсатчи Виктор Юшченко катта миқдордаги диоксин моддасидан заҳарланиш туфайли ҳалок бўлаёзган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2
Сиёсат * Мажбурий 1500 та белги қолди (1500 max)

Германиядагилар Навалний ўзига келгани ва гапира бошлаганини айтмоқда, бу қийшиққўл руслар Навалнийни эплаб заҳарлай олишмади, Европа тиббиётининг қўли баланд келди. Энди Навалний мухолифатчи сифатида юқорироқ поғонага чиқди, у ҳақда дунёнинг қудратли давлатлари президентлари хабар топдилар. Яқинда путинчиларга қийин бўлади. Олға, Алёша!

Жавоб бериш

Тўппа тўғри

Жавоб бериш