Карвонсарой
Хавфсизлик

Украинада танглик кучайиб борар экан, Россия ва Беларус шошилинч ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда

Карвонсарой ва AFP

Беларусдаги россиялик ҳарбий хизматчи, ўтган йилги сурат. [Россия мудофаа вазирлиги]

Беларусдаги россиялик ҳарбий хизматчи, ўтган йилги сурат. [Россия мудофаа вазирлиги]

МОСКВА – Россия ва Украина ўртасидаги танглик кучайиб борар экан, сешанба (18 январ) куни Беларусга шошилинч ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун россиялик аскарлар етиб келган.

Беларус мудофаа вазирлиги хабарига кўра, «жумладан, республика ғарбий ва жанубий чегараларида» кескинлик кучайиб бораётгани сабабли мамлакат ҳарбий тайёргарлик машғулотларига мезбонлик қилмоқда.

Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари Москванинг Украина билан чегарага 100 минг аскар юборишини эҳтимолий босқин деб атаган ҳаракатига тайёргарлик кўрар экан, Ғарб Беларуснинг яқин иттифоқдоши бўлмиш Россия билан фаол дипломатик музокараларга киришган.

Россия Украина яқинига аскарлар жойлаштирилганини қуруқликдан ҳужумга тайёргарлик эканини рад этди ва НАТОни ўз чегараларига яқинлашаётганида айблаб, Вашингтон етакчилигидаги мудофаа блокидан янги аъзолар, хусусан Украина ва Грузияни қабул қилмаслик талабини қўйди.

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Беларус президенти Александр Лукашенкони қарши олмоқда, 29 декабр куни Санкт-Петербург яқинида олинган сурат. [Алексей Никольский/РИА Новости/AFP]

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) Беларус президенти Александр Лукашенкони қарши олмоқда, 29 декабр куни Санкт-Петербург яқинида олинган сурат. [Алексей Никольский/РИА Новости/AFP]

Икки қисмли машғулотлар

Россия ҳам, Беларус ҳам машғулотларда қанча аскар иштирок этиши ҳақида хабар бермаган. Беларусга кўра, машқлар икки босқичда бўлиб ўтади.

Беларус мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган видеолавҳада қорга бурканган поездлардан бир қатор ҳарбий техника, жумладан танклар туширилаётгани акс этган, деб хабар берган AFP.

Машғулотларнинг биринчи қисми сешанба кунидан 9 февралга қадар давом этади, унда аскарларнинг тезкор ҳозирлиги, ҳукумат ва ҳарбий муассасалар хавфсизлигини таъминлаш, ҳаво кучларининг ҳамкорликдаги отишма машқларига эътибор қаратилади, деб хабар берган Мудофаа вазирлиги.

Иккинчи босқич машғулотлари 10-20 феврал кунлари ўтказилади ва чегара мудофаасини кучайтиришга қаратилади, дейилади хабарда.

Беларус раҳбари Александр Лукашенко жорий ҳафта бошида Россия ва Беларус ҳарбийлари қўшма машғулотлар ўтказишини эълон қилар экан, бунга Украина ва НАТОга аъзо Польшада хорижий ҳарбий ҳозирлик кучайганини сабаб қилиб келтирган.

«Февралда ҳарбий машқлар ўтказишни анча аввал режалаштирганмиз», деб хабар берган давлат ОАВ Лукашенконинг ҳарбий мутасаддиларга айтган гапидан иқтибос келтириб. «Бошланг, аниқ санани белгилангки, ҳеч ким бизни кутилмаганда аскар ҳозирлаб, деярли урушга тайёр ҳолатга келишда айбламасин.»

Лукашенко Россия билан қўшма машғулотлар декабр ойида иттифоқчиси Россия президенти Владимир Путин билан келишилган ҳолда режалаштирилгани, аммо ўшанда эълон қилинмаганини айтиб ўтган.

Унга кўра, машғулотлар «Иттифоқ қарори 2022» деб номланади ва мамлакат ҳарбий кучларининг «Ғарбдан келаётган кучларга қаршилик кўрсатиш» сценарийсига асосланган бўлади.

Минскнинг асослари

Деярли ўттиз йилдан бери иқтидорда бўлган Беларус лидери машғулотларнинг ўтказилишига Польша, Украина ва Болтиқбўйи мамлакатлари билан ўз мамлакати чегараси яқинидаги ҳарбий ҳозирлик сабаб бўлганини айтган.

У ўз даъволарини далиллар билан асосламай, Украинани минглаб аскарларни ҳозирлашда айблаган. Варшава НАТОдан «кўп босқичли логистика, таъминот ва техник ёрдам тармоғини» жойлаштиришни талаб қилган, дейди у.

2020 йил август ойида Беларусдаги баҳсли президент сайловларидан кейин Путин Лукашенкони қўллаб-қувватлаган, бу унинг ҳукмронлигига қарши оммавий намойишларга сабаб бўлган.

Путин Беларусда сайловлардан кейинги вазият ёмонлашадиган бўлса, мамлакатга Россия хавфсизлик кучларини киритишга ваъда берган.

Лукашенко Москва билан алоқаларни кучайтиришга сўз берар экан, Путин уруш ҳолатидаги Беларус етакчисига 1,5 миллиард долларлик кредит ваъда қилган.

Январ ойи бошларида эса россиялик аскарлар Қозоғистонга кириб борди, бунга мамлакатни ларзага солган қонли тўқнашувлар сабаб бўлди.

Қозоғистон ҳам, Россия ҳам ўнлаб одамлар ўлими ва деярли 10 минг кишининг ҳибсга олинишига сабаб бўлган норозиликни хорижлик «террорчилар»нинг ҳокимиятни ағдаришга уриниши деб атаган бўлса-да, бу иддаони қўллаб-қувватловчи далилларни келтирмаган.

5 январ куни инқироз авжига чиқар экан, мамлакатга Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг 2000 дан ортиқ аскардан иборат миссияси жойлаштирилди.

Кейинги бир неча кун ичида КХШТга аъзо бошқа давлатлар – Беларус, Тожикистон, Арманистон ва кейинроқ Қирғизистондан ҳам қўшинлар етиб келди.

Бу Москва тарафидан НАТОнинг муқобили сифатида илгари суриладиган КХШТ учун илк қарор бўлди – авваллари Россия у билан узоқ тарихий алоқаларга эга Марказий Осиё минтақасидаги тартибсизликларга аралашишни унчалик истамас эди.

Аскарлар Қозоғистонни 13 январ куни тарк эта бошлаган бўлса-да, Москва бу миссиядан Қозоғистон ва Марказий Осиё ҳудудининг қолган қисмида ўз таъсирни кучайтириш учун фойдаланиши мумкинлиги борасида хавотирлар кучайган.

«Руслар уйингизга кириб олгач, уларни чиқариш жуда қийин бўлиши мумкин», деб огоҳлантирган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 7 январ куни.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500