Карвонсарой
Хавфсизлик

Ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ислоҳотлар доирасида Қозоғистон полицияси хизмат модели асосида ишлашга ўтмоқда

Айдар Ашимов

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги туман полиция инспектори, 28 сентябр. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги туман полиция инспектори, 28 сентябр. (Қозоғистон ички ишлар вазирлиги)

НУР-СУЛТОН – Қозоғистон ҳукумати ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги ислоҳотлар доирасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) билан биргаликда мамлакат полицияси фаолиятини сервисга йўналтирилган моделга ўтказиш устида иш олиб бормоқда, деб хабар беради ИИВ.

«Халқаро амалиётда хизматга йўналтирилган полиция – муаммоларни ҳал қилиш ва жамоатчилик билан ҳамкор бўлишга қаратилган бошқарув услуби ва ташкилий стратегиядир», дейилади ИИВнинг 23 сентябр кунги баёнотида.

Сервис модели аҳолига юқори сифатли хизматлар тақдим этиш ва хавфсизлик муаммоларини аниқлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга асосланган.

Полициянинг янги моделида асосий рол ўз ҳудуди аҳолиси билан доимий алоқада бўлиб турадиган участка инспекторига ажратилган.

Миграция полицияси ходими фуқародан маълумот олмоқда, 25 август, Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳри. (ИИВ)

Миграция полицияси ходими фуқародан маълумот олмоқда, 25 август, Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳри. (ИИВ)

«Жамоат хавфсизлигини таъминловчи хизматга йўналтирилган форматга ўтиш мақсадида ўтган йили Қарағанда вилоятида синов лойиҳаси ишга туширилди», деди ИИВнинг кадрлар сиёсати бўлими бошлиғи Айдар Сайтбеков. «Унинг мақсади – жамоат хавфсизлиги масалаларида маҳаллий ҳамжамият билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш. Яқин келажакда худди шу лойиҳа пойтахт Нур-Султонда ҳам жорий этилади».

Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ислоҳотлар 2018 йил октябрида, ўша вақтдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг жамоатчилик билан ишлашнинг янги замонавий усулларини жорий этиш ва полиция фаолиятини баҳолаш мезонларини ўзгартириши билан бошланган эди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини ижтимоий йўналтирилган хизматга айлантиришга оид бу каби ислоҳотлар 2018 йилдан бери қўшни Қирғизистонда ҳам давом этяпти.

Халқаро кўмак

Қозоғистон сервисга йўналтирилган полиция моделини Нур-Султондаги ЕХҲТ дастурлари идорасининг фаол иштирокида жорий этмоқда.

22 сентябр куни Нур-Султонда ИИВ расмийлари, жамоатчилик арбоблари ва ЕХҲТ мутахассислари иштирокида ўтган йиғилишда янги моделга ўтиш масалалари муҳокама қилинди.

ЕХҲТ кўмагида участка нозирлари ва маҳаллий полиция хизмати раҳбарлари учун махсус ўқув тренинглари ўтказилмоқда, деб хабар берди ИИВ.

«ЕХҲТнинг ёрдами тасодиф эмас. Айнан Европа мамлакатларида полиция хизмати модели ўз самарадорлигини намойиш этди. ЕХҲТ мутахассислари мамлакатимизда сервис моделини жорий этишга ҳар томонлама кўмаклашмоқда», дейди чимкентлик сиёсатшунос Рауан Дауталиев.

Жамоат хавфсизлигида «нафақат жиноятчиларни ушлаш, балки жамоатчилик билан мулоқот ўрнатиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилишга ёрдам бериш ҳам муҳим», дейди Дауталиев.

«Хизматга йўналтирилган полиция таркибига нафақат полициячилар киради, балки уларга бошқа давлат тизимлари – соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаси вакиллари ҳам ёрдам беради.»

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимли ёндашувни талаб қилади ва бунга замонавий хизмат кўрсатиш модели орқали эришилади», деди Дауталиев.

Синов лойиҳасидан мамлакат миқёсидаги ўзгаришларга қадар

Қозоғистонда хизматга йўналтирилган полицияни ташкил этиш Қарағанда вилоятида бошланди, бу ерда ўтган йилнинг ноябридан бери тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Маҳаллий аҳоли ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўзгаришлардан мамнун.

«Сўнгги вақтларда полициянинг фаолияти яхшиланди», дейди қарағандалик Серик Билялов. «Хавфсизликни таъминлаш – полиция ва фуқароларнинг умумий вазифаси, деган фикр пайдо бўлди.»

«Полицияга мурожаат қиладиган бўлсангиз, сизга ёрдам беришга ҳаракат қиладилар. Масалан, кўчадаги шубҳали одамлар ёки ҳатто кичик қонунбузарликлар ҳақидаги маълумот учун миннатдор бўладилар.»

Қозоғистонда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилувчи сервис марказлари ишга тушириб бўлинган. Бундай фронт-офислар Қозоғистонда илк бор 2018 йил охирида пайдо бўлди. Улар қабулхоналар, ногиронлар учун пандуслар, навбатларни рақамловчи машиналар, тўлов терминаллари, телевизорлар ва кофе-машиналар билан жиҳозланган.

«Яқинда яшаш жойимда рўйхатдан ўтиш масаласида полицияга мурожаат қилгандим», дейди Тараз шаҳрида яшовчи Роза Макажанова.

«Полиция идорасининг иши хушмуомала ва ўз ишини яхши биладиган ходимлар билан яхши таассурот қолдирди. Навбатлар йўқ. Хизматлар «ягона дарча» услубида тақдим этилади, унинг ёрдамида барча хизматлардан фойдаланиш мумкин.

Жамоатчилик билан тезкор мулоқотни осонлаштириш учун полиция ижтимоий тармоқларда аккаунтлар очмоқда. Масалан, Олмаота шаҳар полиция бошқармасининг 102 та участка нозири ижтимоий тармоқларда ўз ҳисобига эга.

«Мақсадимиз – фуқаролар билан амалий мулоқот каналларини йўлга қўйиш ва туну кун ишловчи қайта алоқа тизимини ўрнатиш», деди Олмаота шаҳар полицияси бошлиғи Канат Таймерденов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500