Карвонсарой
Хавфсизлик

Яна бир ҳарбий муваффақиятсизлик натижасида Россиянинг «охирзамон самолёти» жиҳозлари ўғирланди

Карвонсарой ва AFP

2010 йил Ғалаба куни паради репетициясида Москва узра парвоз қилаётган Илюшин ИЛ-80 самолётлари. [Wiki Commons]

2010 йил Ғалаба куни паради репетициясида Москва узра парвоз қилаётган Илюшин ИЛ-80 самолётлари. [Wiki Commons]

МОСКВА – Чоршанба (9 декабр) куни Кремль яна бир ҳарбий муваффақиятсизлик воқеасида юқори лавозимли қўмондонларни ядровий портлашдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган «охирзамон самолётидан» махфий қурилма ўғирлангани ҳақида хабар берди.

Таганрог полицияси аэродромда қиймати 1 миллион рублга (13600 АҚШ доллари) тенг қурилманинг Илюшин ИЛ-80 самолётидан ўғирланганини аниқлади. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги (МВД) хабар берган.

Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков қонунбузарликни «фавқулодда ҳолат» деб атаган ва «келажакда бундай ҳодисалар юз беришининг олдини олиш чоралари кўрилишига» ваъда берган.

ИИВ айнан нима ўғирланганини очиқламаган ва воқеа жойига терговчилар жўнаб кетганини айтган.

2019 йил декабрь ойида Россия ихтиёридаги ягона авиаташувчи «Адмирал Кузнецов» ёнғинга учраган. [Лев Федосеев/TASS]

2019 йил декабрь ойида Россия ихтиёридаги ягона авиаташувчи «Адмирал Кузнецов» ёнғинга учраган. [Лев Федосеев/TASS]

YouTube видеолавҳасидан олинган ушбу кадрда Россиянинг 8 август куни Архангельск вилоятида юз берган авария оқибатлари акс этган. Ядровий ракета синови чоғида юз берган фалокат натижасида беш ходим ҳалок бўлиб, ҳудуддаги радиация даражаси кўтарилган.

YouTube видеолавҳасидан олинган ушбу кадрда Россиянинг 8 август куни Архангельск вилоятида юз берган авария оқибатлари акс этган. Ядровий ракета синови чоғида юз берган фалокат натижасида беш ходим ҳалок бўлиб, ҳудуддаги радиация даражаси кўтарилган.

Таганрогда қийин аҳволда қолган «Beriev Aircraft Co.» корхонаси жойлашган.

Жиноятчилар Таганрогда техник хизмат кўрсатилаётган ИЛ-80 самолётининг радио қурилмасини ўғирлашган, дея хабар берган жорий ҳафта аввалида кремлпараст REN-TV телеканали.

Ўғрилар самолётнинг юкхонаси эшигини очиб киришган, самолёт ичида бармоқ ва оёқ кийим излари топилган, дейилган телекўрсатувда. «Beriev» компанияси жиноят ҳақида ўтган ҳафта хабар бергани қўшимча қилинган.

Ўғирлик содир этилган самолёт – тўртта махфий қўмондонлик марказларидан бири бўлиб, улар президент ва бошқа юқори лавозимли расмийларни ядровий портлаш ҳолатида эвакуация қилишга мўлжалланган.

Деярли ойнасиз бўлган Россия бу турдаги илк самолёти 1985 йилда ҳавога кўтарилгани айтилади.

Муваффақиятсизликлар тарихи

Бу воқеа Россия армияси бошидан кечираётган шармандалик ёки муваффақиятсизликлар сирасига киради.

Ўтган ойдаги текширувлар Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги олти ойлик Тоғли Қорабоғ урушида қўлланилган Россия ҳарбий техникаси (худди шу техника россияпараст Ливия жангарилари ва Сурия ҳукумати кучларига ҳам панд берган) Туркия ҳарбий техникасининг олдида заиф эканлигини кўрсатди.

Йил давомида Россия ҳарбий техникаси бир нечта жабҳада тор-мор бўлар экан, Кремлнинг ўтмишдаги «мисли кўрилмаган» ва «енгилмас» қуроллари билан мақтаниши ҳар қачонгидан ҳам пуч бўлиб кўринган.

Ўтган йил декабрда, Мурманскда Россиянинг ягона авиаташувчиси бўлмиш «Адмирал Кузнецов» ёнғинга учраган, кема бортида 400 дан ортиқ киши бўлган. Ёнғин тахминан 600 квадрат метр майдонни эгаллаб олган.

2019 йил августда Архангельск вилоятида Россия армиясининг асосий ядро тадқиқотлари майдонида янги қуролни ишлаб чиқаришга уриниш чоғида портлаш юз берган.

Ҳалокатдан сўнг қўшни Северодвинск шаҳрида радиация кўрсаткичлари ошган, таҳликага тушган аҳоли йод олиш учун дорихоналарга ошиққан. Бу модда радиациянинг қалқонсимон безга таъсирини камайтиришга ёрдам беради.

Ўша ой бошида Красноярск вилоятининг Ачинск шаҳарчасидаги ўқ-дори омборхонасида бир неча кун кетма-кет портлашлар содир бўлган эди.

2019 йил 5 август куни содир бўлган портлашда бир киши ҳаётдан кўз юмган. 2019 йил 9 август куни эса худди шу ҳудудни миналардан тозалаш вақтида камида тўққиз киши жароҳат олган.

2019 июль ойида эса, 14 нафар рус аскари сувости кемасида токсик газдан заҳарланиб ҳалок бўлган, бу фалокат 2000 йилда Курс сувости кемасининг чўкишини ёдга солади. Путин президентлигининг биринчи йили бўлган ўша даврда кема экипажининг 118 аъзоси ўлган эди.

2011 йили Россиянинг «Екатеринбург» номли катта ядровий сув ости кемаси Мурманск вилояти шимолида таъмирлаш ишлари вақтида ёнғинга учраган.

Кейинчалик ёнғин вақтида кема узоқ масофага учувчи ядровий ракеталар билан жиҳозлангани ҳақида хабар берилган.

2008 йили юз берган яна бир фалокатда 20 нафар россиялик (улардан уч нафари денгиз зобити ва 17 фуқаро) Япония денгизидаги синовлар вақтида кеманинг ўт ўчириш тизими тасодифан ишга тушиб кетиши натижасида заҳарли газ чиқиши ортидан ҳалок бўлган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия чириган империя ва мамлакатлар зиндони.

Жавоб бериш

У ерда ўғрилик давлат даражасидаги спорт тури :)))

Жавоб бериш