Карвонсарой
Атроф-муҳит

Қозоғистонда Семипалатинск ядро полигонининг совет ўтмиши ҳақида сериал суратга олинди

Айдар Ашимов

Семипалатинск полигонидаги Совет армияси аскарлари, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

Семипалатинск полигонидаги Совет армияси аскарлари, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

НУР-СУЛТОН – Яқинда «Хабар» телеканали орқали намойиш этилган янги «Полигон» қозоқ сериали Совет иттифоқининг ядро қуроллари синовдан ўтказилган Семипалатинскда (ҳозирги Семей) полигоннинг мудҳиш ўтмишига эътибор қаратган.

1949 йилдан 1989 йилга қадар Совет Иттифоқи Семипалатинскда маҳаллий аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга эътиборсизлик билан 456 та ядро синовини ўтказган.

Япония ва Қозоғистоннинг ҳамкорлик ўтказган текшируви натижасида Семипалатинск атрофида яшовчи маҳаллий аҳоли орасида турли саратон касалликлари, туғма нуқсонлар ва юрак-қон томир касалликлари даражаси юқори эканлиги аниқланган, дейилади 2016 йилги EurasiaNet ҳисоботида.

17-19 декабр кунлари намойиш этилган олти қисмли драма полигоннинг тарихи ва унинг 1991 йилда (ўша вақтдаги) Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан ёпилиши ҳақида ҳикоя қилади.

Семипалатинскдаги ядровий синовлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

Семипалатинскдаги ядровий синовлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

Шоир ва жамоатчилик фаоли Ўлжас Сулаймонов ролини ижро этган Ерлан Билол (чапда) 1980-йиллар охирида ядровий синовларга қарши намойишда иштирок этмоқда, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

Шоир ва жамоатчилик фаоли Ўлжас Сулаймонов ролини ижро этган Ерлан Билол (чапда) 1980-йиллар охирида ядровий синовларга қарши намойишда иштирок этмоқда, «Полигон» телесериалидан олинган кадр.

«Хабар» телеканалининг маълум қилишича, «сериалдаги воқеалар 1980-йиллар охирида юз беради». Сюжет марказида реал тарихий шахслар, жумладан Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв акс этган.

Горбачёвнинг образи сериалда марказий ўринни эгаллайди, зеро унинг ғоялари «бутун Совет Иттифоқини қамраб олиб, ўзгаришлар учун йўл очди», дейилади телеканал хабарида.

«Кечиролсанг, кечир Қозоғистон...»

Картинада жабрланган минтақа аҳолисининг фожиали тақдири, шунингдек, қозоғистонлик фаолларнинг полигон директори ва КГБ агентлари билан кураши тасвирланган.

Сериал Горбачёв ва АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Роналд Рейганнинг ядровий қуролсизланишга оид саммитдаги учрашуви билан боғлиқ тарихий кадрлар билан бошланади.

Томошабинлар бирин-кетин маҳаллий аҳоли чеккан машаққатлар, уларнинг мажбуран кўчирилиши, оддий одамларнинг улар билан тажриба ўтказаётган расмийлар ва ҳарбийларга нисбатан нафрати ва қозоқларнинг қудратли КГБ олдидаги матонатига шоҳид бўладилар.

«Қозоғистон, кечиролсанг кечир бизни. Синовлар тақиқланганини олқишлаймиз!» – фильмда қозоғистонлик шоир, ёзувчи ва «Невада-Семипалатинск» аксилядровий ҳаракати раҳбари Ўлжас Сулаймонов қаламига мансуб сатрлар янграйди.

Сулаймонов ролини актёр Ерлан Билол ижро этган.

«Бу лойиҳани яратиш учун тахминан 4-5 ой вақтимиз бор эди», дейди «Хабар» телеканалига интервью берган режиссёр ва продюсер Ахат Ибраев филмда тарихий фактлар ва бадиий жанр бирлаштирилганини тушунтириб.

Совет ҳарбий-саноат комплекси ва махсус хизматлар полигон фаолиятига оид маълумотни яшириб келган. «Семипалатинск полигонига оид маълумотларнинг 90 фоизи бугунга қадар ошкор қилинмаган», дейди у.

«Халқимиз ва ерларимиз қурбон қилинди», деб қўшимча қилади у YouTube тармоғига жойланган интервьюда.

«Ҳаммаси Москвада ҳал қилинган»

«Сериал ҳаққонийлиги ва қаҳрамонларнинг ёрқин образлари билан маъқул бўлди», дейди туркистонлик Гулжамол Балаева.

«Фарзандларимиз Москванинг ҳарбий қудрати йўлида Совет ҳукумати тарафидан қурбон қилинган одамлар ҳақида билишлари лозим», деб қўшимча қилди у. «Тарихий хотира унутилмаслиги керак».

Балаева сериалда «КГБнинг босимига қарамай, ядро синовларини тўхтатиш ва ўз мамлакатлари мустақиллигига эришишни орзу қилган» ёш қаҳрамонлардан таъсирланганини айтди.

«Одамлар уйларидаги ҳамма нарсани титратган портлашлардан, номаълумликдан қўрқар эди», дейди Шарқий Қозоғистон вилоятида яшовчи ва «Бейбит Атом» (Тинч атом) нодавлат ташкилоти раҳбари Даурен Атабаев.

«Улар касалликларга чалиниб, вафот этар эдилар... Ҳақиқат изловчилар ва фаоллар эса таъқиб қиинар, Совет тузумига қарши бирон сўз айтиб бўлмас эди», деди у.

Бундай телесериаллар Семипалатинскда ўтказилган ядро синовлари ҳақидаги ҳужжатли филмлар каби жуда қимматли, дейди у.

Сериал қаҳрамонларидан бири шундай дейди: «Бизга номаълум қандайдир кимсалар Москвада бизнинг ўрнимизга ҳамма нарсани ҳал қилишяпти». Ҳақиқатан ҳам шундай: кимдир ядро синовларини ўтказиш керак деган қарорга келган ва бир ярим миллион қозоғистонлик соғлиғидан, айримлари эса ҳаётидан айрилган, дейди Атабаев.

Қозоғистон 1991 йилда полигонни ёпганидан бери ядровий хавфсизликни ҳимоя қилиб келмоқда.

30 ноябр куни Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро онлайн-анжуманда сиёсатчилар ва мутахассислар дунё раҳбарларига қаратилган баёнотни қабул қилиб, халқаро ҳамжамиятни ядровий хавфсизлик масаласига янада масъулиятлироқ ёндошишга чақирдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500