Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистон дунё ҳамжамиятини ядровий хавфсизликни кучайтиришга чақирди

Айдар Ашимов

Курчатовдан 50 км узоқликда жойлашган Семипалатинскдаги П-1 ядро полигони ҳудудида ускуналар корпуслари кўринмоқда, 2011 йил 22 август. 42 йил давомида полигонда жами 456 та ядро синовлари ўтказилган. [ВЯЧЕСЛАВ ОСЕЛЕДКО/AFP]

Курчатовдан 50 км узоқликда жойлашган Семипалатинскдаги П-1 ядро полигони ҳудудида ускуналар корпуслари кўринмоқда, 2011 йил 22 август. 42 йил давомида полигонда жами 456 та ядро синовлари ўтказилган. [ВЯЧЕСЛАВ ОСЕЛЕДКО/AFP]

НУР-СУЛТОН – Ядро энергиясидан нотўғри фойдаланиш оқибатларидан зарар кўрган қозоғистонликлар халқаро ядровий хавфсизликни кучайтиришга чақирмоқдалар.

«Совет Иттифоқи даврида Семипалатинск (Семей) ва унинг яқинидаги ҳудудларда ўтказилган ядро синовлари оқибатларидан 1,5 миллион киши азият чеккан» бўлиб, Қозоғистон аҳолиси масаланинг қай даражада жиддий эканини яхши тушунади.

Совет режими 1949 йилдан 1989 йилгача Семипалатинскда 500 га яқин ядровий портлашларни амалга ошириб, маҳаллий аҳоли саломатлигига ўнгланмас зиён етказган.

Хавфсиз дунёни барпо этиш

Яқинда Нурсултон Назарбоев ташаббуси билан ўтказилган онлайн учрашув хавфсиз дунёни барпо этиш йўлидаги яна бир қадам бўлди, дейди расмийлар ва таҳлилчилар.

Суратда: Халқаро хавфсизлик ва ядровий соҳадаги глобал музокараларни янгилашга бағишланган 30 ноябр кунги онлайн конференция иштирокчилари. [Нурсултон Назарбоев фонди]

Суратда: Халқаро хавфсизлик ва ядровий соҳадаги глобал музокараларни янгилашга бағишланган 30 ноябр кунги онлайн конференция иштирокчилари. [Нурсултон Назарбоев фонди]

АҚШ Мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги (МТКА) ва Қозоғистон миллий ядро маркази (МЯМ) вакиллари 23 сентябр куни шарқий Қозоғистоннинг Семипалатинск полигонидаги Дегелен тоғида туннель билан ёпилган ҳудуддан ўтмоқда. [МТКА]

АҚШ Мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги (МТКА) ва Қозоғистон миллий ядро маркази (МЯМ) вакиллари 23 сентябр куни шарқий Қозоғистоннинг Семипалатинск полигонидаги Дегелен тоғида туннель билан ёпилган ҳудуддан ўтмоқда. [МТКА]

30 ноябр куни Нурсултон Назарбоев жамғармаси ва Нур-Султондаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти томонидан халқаро хавфсизлик ва ядровий соҳадаги глобал мулоқотни янгилашга бағишланган халқаро онлайн конференция ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад – ядродан холи дунёни барпо этиш йўлида Глобал етакчилар иттифоқини тузишга кўмаклашиш, дейилади ташкилотчиларнинг қўшма баёнотида.

«Биз тажрибали ва нуфузли дунё лидерларини умумий ишимизга қўшилишга таклиф қилиш орқали овозимизнинг янада баландроқ янграши учун қўшма саъй-ҳаракатларга чорлаймиз», дейилади баёнотда.

Ҳужжатни имзолаган таҳлилчилар «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгашининг барча доимий аъзолари ўртасида ядровий хавфсизлик, ядро қуролини тарқатмаслик ва қуролсизланиш бўйича тўғридан-тўғри музокараларни имкон қадар тезроқ бошлашга» чақирганлар.

«Биз дунё келажагини ядровий урушлар хавфидан фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳимоя қила оламиз», дейилади ҳужжатда.

Конференция якунида Халқаро етакчилар иттифоқини тузиш ва унинг келгуси ишларини қўллаб-қувватлаш бўйича дунё лидерларига қаратилган мурожаат қабул қилинди.

«Иштирокчилар даражаси ва баҳс-мунозаралар сифати бу анжуманни 2020 йилги энг диққатга сазовор халқаро аксилядровий тадбирлардан бирига айлантирди», дейилади Нурсултон Назарбоев жамғармасининг бошқа баёнотида.

30 ноябр кунги конференцияда ташқи сиёсат ва ядро хавфсизлиги бўйича глобал сиёсий арбоблар ва мутахассислар, жумладан, Мадрид клуби президенти ва Словениянинг собиқ президенти Данило Турк, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай, Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) собиқ бош директори Муҳаммад ал-Барадей, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ва Финляндиянинг собиқ президенти Тарья Халонен маъруза қилди.

Семипалатинск полигони ва совет ўтмиши

Онлайн учрашув чоғида Британия-Қозоғистон жамияти раиси Руперт Гудман «қозоқ халқининг ядровий қуроллар синови билан боғлиқ даҳшатли кечмишларини» тилга олиб ўтди.

Қозоғистон ва унинг фуқаролари ядровий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилишга ҳаммадан кўра ҳақлироқ, чунки «Совет Иттифоқи даврида Семей (Семипалатинск) ва унинг атрофидаги ҳудудларда ядро синовлари оқибатларидан 1,5 миллион киши азият чеккан», дейди Нур-султонлик сиёсий таҳлилчи Ернар Бейсалиев Карвонсарой билан суҳбатда.

Қозоғистонликлар Семипалатинскда ўтказилган ядровий синовларни ҳеч қачон унутмайдилар, зеро «совет ҳукумати уларнинг оқибатлари ва маҳаллий аҳолининг саломатлиги ҳақида қайғурмаган», дейди «Бейбит Атом» (Тинч атом) нодавлат ташкилот директори, шарқий Қозоғистон вилоятидан бўлган Даурен Атабаев Карвонсаройга.

Семипалатинск полигони ёпилганидан сўнг, минтақада ядровий хавфсизликни таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди. Ушбу ҳаракатлар АҚШ билан яқин ҳамкорликни ҳам ўз ичига олди.

1993 йилда президент Назарбоев ва АҚШнинг ўша вақтдаги вице-президенти Эл Гор ядро қуроллари хавфини камайтиришда ҳамкорлик қилиш бўйича хавфсизлик битимини имзолаган эдилар.

АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозер май ойида Семипалатинск полигонига ташриф буюриб, ядровий материалларнинг террорчилар қўлига тушмаслиги учун ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидлаганди.

2 йиллик аксилядровий кампания

Назарбоев илк марта 2019 йилда Глобал етакчилар иттифоқини тузиш таклифи билан чиққан.

Анжуманда Қозоғистоннинг ядровий хавфсизликни таъминлаш бўйича узоқ йиллардан олиб бораётган ишлари эътироф этилди.

«Қозоғистоннинг 2019 йилда иш бошлаган ХАЭАнинг паст бойитилган уран банкини жойлаштириш ҳақидаги таклифи бутун дунё ҳамжамияти учун узоқ кутилган воқеа бўлди», деди агентлик собиқ раҳбари Ал-Барадей 30 ноябр кунги анжуманда.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ва Ядро қуролларини тақиқлаш бўйича халқаро кампаниянинг ижрочи директори Беатрис Фин 2017 йилда Ядро қуролини тақиқлаш тўғрисидаги шартномани илгари суришда Қозоғистоннинг алоҳида рол ўйнаганини таъкидлади.

«Бу каби юқори даражадаги йиғилишнинг ўтказилгани мавжуд хавфлар ва Қозоғистоннинг ядро хавфсизлигида қандай рол ўйнаши мумкинлигини яна бир карра эслатди», деди Атабаев.

«Фахр билан айтишим мумкинки, Қозоғистон яна аксилядровий ташаббусларни илгари сурадиган кучга айланмоқда», деб қўшимча қилди у.

«Қозоғистон 29 йил аввал илк марта мустақилликка эришганидан бери, ядровий хавфсизликни кучайтириш ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш муаммоларини кўтариб чиқмоқда», дейди сиёсий таҳлилчи Бейсалиев.

«Қозоғистон дастлаб ички муаммоларни ҳал қилиши керак эди, Семипалатинскдаги туннеллар ёпиб ташланганди. Кейинроқ эса Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгаши дохил анжуманларда ядро қуролини тарқатмаслик тамойилларини ҳимоя қила бошлади», деди у.

Ҳозирда Қозоғистон нафақат ташқи сиёсатда, балки мамлакат ичкарисида ҳам ядровий хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

Йил бошида Уст-Каменогорскда АҚШ мудофаа таҳдидларини камайтириш агентлиги билан ҳамкорликда совет даврига оид ядровий объектларни ҳимоялашга қаратилган инқирозга қарши тренинг маркази очилди.

Карвонсарой шу йил бошида Олмаотада АҚШ ва Канада ҳукуматлари кўмаги билан ишлатиб бўлинган радиоактив материаллар сақланувчи омборхона қурилиши ҳақида хабар берган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хўш, айтайлик, бу ҳудудда нафақат қозоқ халқи, балки руслар, немислар, украинлар, чеченлар, татарлар ва бошқалар яшаган. Ядро қуролидан воз кечиш эса аҳмоқлик (ўша вақтда ҳамма Ғарбга ёқишга ҳаракат қилган); ҳозирги кунда мамлакат учун бир нечта ядровий каллак зарар қилмасди.

Жавоб бериш