Карвонсарой
Саломатлик

Қозоғистон СOVID-19га қарши ўз вакцинасини чиқарган мамлакатлар қаторидан жой олди

Карвонсарой ва AFP

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 26 апрел куни Нур-Султонда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинанинг илк дозасини қабул қилди. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 26 апрел куни Нур-Султонда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган COVID-19га қарши вакцинанинг илк дозасини қабул қилди. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

НУР-СУЛТОН – Душанба (26 апрел) куни Қозоғистон ўзи ишлаб чиқарган вакцинани тақдим этди, соғлиқни сақлаш вазири эса жонли эфирда илк вакцинани қабул қилди.

Бу воқеа Қозоғистон фармацевтика соҳасининг ғалабаси бўлиб, Россиянинг «Sputnik V» вакцинасига қарамликдан озод бўлишни англатади.

Шу тариқа Қозоғистон COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқараётган аҳолиси анча зич давлатлар – АҚШ, Буюк Британия, Россия ва Хитой сафидан жой олди. Бошқа мамлакатлар ҳам ўз вакциналари устида ишламоқда.

Айни дамгача Қозоғистон мамлакат бош санитар шифокори Ерлан Киясовнинг Брюсселдаги New Europe сайтига феврал ойида топширган жадвалига амал қилиб келмоқда.

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган COVID-19 вакцинаси флаконлари, 26 апрел кунги сурат. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган COVID-19 вакцинаси флаконлари, 26 апрел кунги сурат. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

«Маҳаллий QazCovid-in вакцинаси билан эмлаш жорий йилнинг апрел ойига режалаштирилган», деган эди Киясов феврал ойида.

Синовлар давом этмоқда

QazCovid-in, шунингдек QazVac номи билан танилган икки дозалик вакцина учинчи синов босқичидан ўтмоқда.

«Кабар» агентлигига кўра, давлатга қарашли Биологик хавфсизлик муаммолари тадқиқот институтида ишлаб чиқарилган вакцинанинг 50 минг дозаси мамлакат бўйлаб тарқатиб чиқилган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой «Кабар» нашрига берган интервьюсида вакцина олганидан кейин ўзини яхши ҳис қилганини ва ҳукумат вакиллари Туркиядаги ҳамкорлар билан вакцинанинг келажакдаги партиясини ишлаб чиқаришни муҳокама қилаётганларини айтиб ўтган.

Ўтган жума куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзининг Twitter саҳифасида собиқ Совет мамлакатининг ўз миллий вакцинасини тадқиқ қилган ва ишлаб чиққан «саноқли мамлакатлардан бирига» айланганини олқишлаган эди.

Шубҳали Россия вакцинаси

Кўпчилик қозоғистонлик шифокорлар ва соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари учун «Спутник V» вакцинасига қарамликни камайтириш енгиллик бўлади.

Россиянинг коронавирус вакцинасини «COVID-19 билан касалланиш хавфи бор гуруҳдаги шахсларга қўллаб бўлмайди», деган эди Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Марат Шоранов ўтган йил сентябр ойидаги онлайн брифингда.

Вакцина ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, сурункали касаллик билан оғриган беморлар ва 18 ёшдан кичик ҳамда 60 ёшдан катталарга хавф туғдириши мумкин, деб айтган у.

Россиянинг аниқ ва текширилган маълумотлар тақдим этмай, «Спутник V» вакцинасини халқаро муқобиллар билан бир хил даражада ёки ундан ҳам фаолроқ реклама қилишга уриниши жамоатчиликнинг вакцинага бўлган ишончига путур етказган.

«Pfizer» ва «BioNTech» ўз вакциналарининг самарадорлигини 90 фоиздан юқори деб эълон қилганларидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремль «Спутник V» 92 фоиз самарали эканлигини таъкидлашига дунё олимлари ва кузатувчилари эътироз билдирганлар.

Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.

Кимўзарга ҳаракат қилаётган россияликлар 24 ноябрь куни «Спутник V» вакцинаси самадорлигини 95 фоизга ўзгартиришган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Умид қиламанки, эпилептик сифатида энди ўзимга мос ва керакли вакцинани олишим осонроқ бўлади.

Жавоб бериш

Қўллаб-қувватлайман

Жавоб бериш

Ҳа, қўллаб-қувватлайман

Жавоб бериш

Россия бизга мажбурлаб ўтказаётган Спутникдан қандай қутулсак бўлади?

Жавоб бериш