Карвонсарой
Саломатлик

Қозоғистон COVID-19 вакцинасини ҳозирламоқда, синовлар давом этяпти

Айдар Ашимов

Қозоғистонлик олимлар COVID-19га қарши вакцинани қуёнларда синаб кўрмоқдалар, Олмаота, санасиз сурат. [БХМИТИ]

Қозоғистонлик олимлар COVID-19га қарши вакцинани қуёнларда синаб кўрмоқдалар, Олмаота, санасиз сурат. [БХМИТИ]

НУР-СУЛТОН – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Қозоғистоннинг COVID-19га қарши иккинчи номзод-вакцинасини клиникаолди синовлари учун тасдиқлади. Бу орада мамлакатда миллионлаб доза дори воситалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши давом этяпти.

ЖССТ қозоғистонлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган иккинчи вакцинани номзод вакциналар рўйхатига киритди. Бу ҳақда 15 сентябр куни Олмаота шаҳридаги Қозоқ миллий аграр университетининг Халқаро вакцинология маркази директори Қайсар Табинов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

13 сентябр куни Таълим ва фан вазирлигининг илмий қўмитаси бу борадаги тадқиқот натижаларини эълон қилди – эмлашнинг олтинчи ҳафтасидан кейин беморларда иммунитетнинг кучайиб бориши аниқланган.

Худди шу илмий қўмитанинг Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти (БХМИТИ) вакцина синовлари учун қўшимча равишда 18 дан 50 ёшгача бўлган соғлом кўнгиллиларни саралаб олмоқда.

Санасиз сурат: Жамбил вилоятидаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти ходимлари COVID-19га қарши синов вакцинаси устида иш олиб бормоқда. [БХМИТИ]

Санасиз сурат: Жамбил вилоятидаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти ходимлари COVID-19га қарши синов вакцинаси устида иш олиб бормоқда. [БХМИТИ]

3 август куни ҳукумат расмийлари ва БХМИТИ олимлари Жамбил вилоятида барпо этилаётган янги фармацевтика заводининг қурилиш майдончасида бўлишди. [БХМИТИ]

3 август куни ҳукумат расмийлари ва БХМИТИ олимлари Жамбил вилоятида барпо этилаётган янги фармацевтика заводининг қурилиш майдончасида бўлишди. [БХМИТИ]

Тадқиқотлар Олмаотадаги миллий фтизиопульмонология илмий марказида олиб борилади.

«Улкан ютуқ»

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти БХМИТИ олимлари томонидан ишлаб чиқилган биринчи қозоқ вакцинасини клиник синовлар учун тасдиқланган вакциналар рўйхатига киритиб бўлган, дейилади институтнинг 29 август кунги хабарида.

«БХМИТИ томонидан ишлаб чиқилган COVID-19га қарши инактивацияланган қозоқ вакцинасининг клиникаолди синовлари якунланди. Вакцинанинг ҳайвонлар учун хавфсизлиги ва токсик таъсири синчиклаб текширилди ва энди у кўнгиллилар иштирокидаги клиник синовларда қўлланиши мумкин», деб хабар берган эди БХМИТИ 19 август куни.

Вакцина касалликка чалинган қозоғистонликлардан олинган вирус штамми асосида яратилган.

Июл ойида вакцина ихтирочиларидан 7 нафари уни кўнгилли равишда ўзида синаб кўрди, ножўя таъсирлар кузатилмади.

Октябр ойидан бошлаб то декабрга қадар қозоғистонлик 200 нафар кўнгиллида клиник синовлар ўтказиш режалаштирмоқда. БХМИТИ маълумотларига кўра, синовлар ЖССТ талабларига мувофиқ тарзда амалга оширилади.

Қозоғистон вакцинаси якунда қўлланиш учун рухсат олган тақдирда, Жамбил вилоятида барпо этилаётган фармацевтика заводида ишлаб чиқарилади. Унинг қурилиш ишлари июнь ойидан бери давом этяпти.

3 август куни БХМИТИ томонидан ўтказилган йиғилишда қурилишга оид режалар, объектни фойдаланишга топшириш муддатлари ва лойиҳа билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди.

Завод маҳаллий вакцинация дастурини муваффақиятли амалга оширишда муҳим рол ўйнайди, деб таъкидлади Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Сапарбаев учрашув давомида.

«Фармацевтика заводини ўз вақтида фойдаланишга топшириш ҳаёт-мамот масаласидир, чунки бу заводда ишлаб чиқарилган вакцина минглаб қозоғистонликлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», дейди Сапарбаев. «Коронавирус инфекциясига қарши вакцина мамлакат халқи учун катта ютуқ ва фахрга айланади».

Заводни фойдаланишга топшириш муддати очиқланмаган бўлса-да, БХМИТИ йил охирига қадар, ҳатто завод ишга туширилгунича 2 миллион доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Маҳаллий вакцинанинг яратилиши «катта ютуқдир», дейди Нур-Султонлик шифокор Нагима Утекова.

Қозоғистоннинг юқори сифатли вакцинага эга бўлиши мамлакатни Кремл жар солаётган шубҳали Россия вакцинасидан ҳимоя қилишга имкон беради.

Россия вакцинаси атрофидаги хавотирлар

Бутун дунёдаги тиббиёт соҳаси олимлари ва тиббий мутахассислар президент Владимир Путиннинг Россияда коронавирусга қарши илк вакцина ишлаб чиқарилгани ҳақидаги баёнотини хавотир билан қарши олдилар.

Аксар мутахассислар тахминича, мамлакатнинг самараси исботланмаган, синовдан ўтмаган «Спутник V» препарати амалда COVID-19нинг ўзидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин.

Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини «COVID-19 юқтириш хавфи бўлган айрим одамларда қўллаб бўлмайди», деб айтган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Марат Шоранов 3 сентябр куни онлайн брифингда.

Унинг сўзларига кўра, вакцина ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, сурункали касалликдан азият чекувчилар, шунингдек 18 ёшдан кичик ва 60 ёшдан ошган одамлар учун хавфли бўлиши мумкин.

Қозоғистон эҳтимолий харид учун бошқа вакциналар устида олиб борилаётган ишларни ҳам диққат билан кузатмоқда.

Июн ва июл ойларида касалланишлар сонининг кескин ошиши билан пандемия Қозоғистонга жуда катта зиён етказди. 11 май куни ҳукумат фавқулодда ҳолатни бекор қилиб, карантин чораларини юмшатди.

Ўшандан бери касалланиш ҳолатлари камайган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда август ойининг илк ҳафтасида 7108 одам коронавирус инфекциясига чалинган ва 222 киши ўлган. 17-23 август оралиғида бу рақам мос равишда 1685 ва 108 тага камайган.

Шунингдек, коронавирус билан боғлиқ пневмония ҳолатларида ҳам касалликка чалиниш ва ўлим даражасининг пасайиши кузатилди. Августнинг биринчи ҳафтасида 7940 бемор пневмония билан касалланган, 122 нафари вафот этган бўлса, 17-23 август оралиғида 4138 киши касал бўлган ва 40 та ўлим қайд этилган.

Сешанба (22 сентябрь) ҳолатига кўра, Қозоғистонда COVID-19га чалиниш билан боғлиқ 107374 ҳолат тасдиқланган, 1671 дан ортиқ одам ўлган, деб хабар беради мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Вируслар манбаи – Қозоғистондаги биологик қуроллар ишлаб чиқарадиган биогенетик лабораторияларга қарши эмас, балки вирус оқибатларига қарши мутлақо бемаъни, ахмоқона кураш бу. Битта хатони қайта-қайта такрорлаш муҳимроқми дейман.

Жавоб бериш

Ҳа! Нега унда ваҳима қилиб, россиялик шифокорларни ёрдамга чақиришди? Улар-ку ёрдамга келишди. Энди эса [ёрдам сўраганлар] уларни ҳақорат қилишяпти. Тушунарли. Рақобат бу. Вакцинадан олинадиган даромад ҳеч кимга зарар қилмайди. Лекин ўзингизни яхши кўрсатиш учун рақибингизни ёмонотлиқ қилишингиз пасткашликдир.

Жавоб бериш