ТАРАЗ/БИШКЕК – Қозоғистонлик ва қирғизистонлик фуқаролар ҳаёти секин-аста ўз изига қайтмоқда. Бу мамлакатлар ҳукуматлари янги коронавирус пандемияси муносабати билан бир қатор чекловлар жорий қилган эдилар.
Қозоғистон ҳукумати июнь ойи бошида йўллардаги блокпостларни олиб ташлашга киришган, шаҳарлараро автобус қатнови ва ҳаво транспорти ҳаракати қайта тикланган.
Қозоғистонда карантин вақтида 400 га яқин блокпостга 6000 нафар полициячи жойлаштирилган эди, деб хабар беради Ички ишлар вазирлиги.
Мамлакатда поездлар қатнови босқичма-босқич тикланмоқда. Айни вақтда йўловчиларга 90 та поезд хизмат кўрсатмоқда.

Фавворалар олдида сайр қилаётган туркистонликлар, 7 июнь. (Айдар Ашимов)
Қатор вилоятларда болалар боғчалари, диний муассасалар, давлат хизматлари марказлари, автобус ва темирйўл вокзаллари, шунингдек хиёбонлар ва фитнес заллари очила бошлади.
«Кўп чекловлар бекор қилинди. Биз ишлай бошладик», деди 27 яшар таразлик Қуралай Акиева.
«Яқинда фарзандларимизни яна болалар боғчаларига олиб борамиз. Коронавирус таҳдиди ортда қолишини ва тўлақонли ҳаётга қайтишни сабрсизлик билан кутмоқдамиз», деди у.
20 июндан 5 июлга қадар Қозоғистон бўйлаб ташкил этилган 161 та пунктда санитар-эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда мактаб битирувчилари учун ягона умуммиллий тест синовлари ўтказилади.
Кинотеатрлар, кўнгилочар марказлар ва тунги клублар ёпиқлигича қолган. Оммавий тадбирлар ҳам ўтказилаётгани йўқ.
Бу орада Қирғизистонда СOVID-19 пандемияси билан боғлиқ фавқулодда вазият икки ойдан ортиқроқ давом этган.
Турли маълумотларга кўра, 80 мингга яқин ишчи ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарилган ёки ишдан бўшатилган.
21 майдан бошлаб ҳукумат айрим иқтисодий фаолият турлари, хусусан, паспорт идораларига, мебель, соат ва пойафзал таъмирлаш устахоналарини очишга рухсат берган.
25 май куни кийим-кечак бозорлари ва ресторанлар ишга тушган, жамоат транспорти ҳаракати тикланди.
Карантин чекловлари юмшатилганига қарамай, иккала мамлакат шифокорлари ҳам фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга, ниқоб тақиб юришга ва ижтимоий масофаланишга риоя қилишга чақирмоқдалар.
Нима учун инсонпарварлик ёрдамини – ниқоблар, салфеткалар, қўлқопларни бозорда сотишяпти?
Жавоб беришФикрлар 1