Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ Қозоғистоннинг COVID-19 вирусига қарши кураши учун қўшимча 1,7 млн. доллар ёрдам ажратди

Айдар Ашимов

Суратда: Коронавирусга қарши курашаётган қозоқ шифокорлари, 28 апрел, Нур-Султон. АҚШ коронавирус тестлари, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва Марказий Осиё давлатларида клиник протоколларни жорий қилиш учун 6,8 миллион доллар ажратди. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

Суратда: Коронавирусга қарши курашаётган қозоқ шифокорлари, 28 апрел, Нур-Султон. АҚШ коронавирус тестлари, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва Марказий Осиё давлатларида клиник протоколларни жорий қилиш учун 6,8 миллион доллар ажратди. [Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги]

НУР-СУЛТОН – АҚШ Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари (CDC) Марказий Осиё давлатларига коронавирус тарқалишига қарши курашда ёрдам бериш учун молиявий ёрдамни кучайтирмоқда.

CDC Қозоғистонга 1,68 миллион долларлик ёрдам тақдим этади. Ушбу маблағ маҳаллий давлат идоралари билан келишилган ҳолда пандемия шароитида мамлакатнинг энг муҳим эҳтиёжларини қондириш учун сарфланади, дейилади 30 апрел куни Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси сайтида эълон қилинган баёнотда.

CDC Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўз ваколатхоналарига эга.

Ушбу маблағ АҚШнинг 6,8 миллион долларлик пандемияга қарши кураш бўйича умумий ёрдам пакетининг бир қисмидир.

«Марказий Осиёдаги COVID-19 билан боғлиқ вазиятни январ ойидан бери диққат билан кузатиб келмоқдамиз ва авария оқибатларини бартараф этишда минтақадаги барча ҳукуматларга техник ёрдам кўрсатдик», деди CDCнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Даниел Сингер.

CDCга кўра, маблағ COVID-19 тестларини ўтказиш учун лаборатория ашёлари ва ускуналарини сотиб олиш, тиббиёт ходимлари учун ўқув машғулотлари уюштириш, чегарадаги соғлиқни сақлаш тадбирлари учун техник ёрдам, шунингдек клиник протоколларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга» йўналтирилади.

CDC инсон иммунитети танқислиги вируси, сил ва пандемик касалликларига қарши курашда катта тажрибага эга ва бу «юзага келаётган таҳдидлар, жумладан ҳозирги коронавирус пандемиясига қарши тез ва самарали тайёргарлик учун асос бўлди», дейилади баёнотда.

Узоқ тарихга эга шериклик

«Ушбу қўшимча маблағ COVID-19 тарқалишига қарши курашда Қозоғистон тарафида эканлигимизни кўрсатади, ундан ҳам муҳимроғи, охирги 25 йил ичида CDC ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган ва коронавирусни енгганимиздан кейин ҳам узоқ давом этадиган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигимиздир», дейилади АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Мозернинг баёнотида.

Бу «бебаҳо ёрдам» бўлди, дейди қозоғистонлик шифокорлар учун мўлжалланган CDC тренингини якунлаган туркистонлик инфекционист Азамат Назаров.

«CDC кўп йиллардан бери соғлиқни сақлаш тизимининг кўплаб соҳаларида, жумладан жиддий вирусли инфекцияларнинг олдини олишда ёрдам бериб келмоқда», деди Назаров.

У америкалик ҳамкасбларининг тажрибаси ва ёрдамини юқори баҳолади.

«Пандемиягача бўлгани каби, COVID-19 билан боғлиқ кутилмаган таҳдид шароитида ҳам Америка тиббий муассасаларининг бизга ёрдам бераётгани қувонарли. Уларнинг моддий ёрдами ва таълими бебаҳо бўлиб, қозоғистонликлар саломатлигига хизмат қилмоқда», деди Назаров.

Коронавирус пандемияси бошланганидан бери Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёга ўз ёрдамини жўнатиб турибди.

АҚШ ҳукумати қатор дастурлар доирасида тиббиёт ходимлари учун лаборатория ускуналари ва шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олишга катта маблағ ажратган.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар коронавирусга оид дезинформацияга қарши курашга ҳам кўмаклашди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500