НУР-СУЛТОН – Кремл шошма-шошарлик билан ишлаб чиққан COVID-19 вакцинасини фаол реклама қилаётганига қарамай, Қозоғистон АҚШнинг Pfizer фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ва синчиклаб синовдан ўтказилган вакцинага юзланди.
Душанба (28 декабр) куни Нур-Султондаги Қозоғистон Марказий коммуникациялар хизмати (МКХ) идорасида ўтказилган брифингда соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Шоранов Қозоғистон Pfizer вакцинасини сотиб олишга тайёрлигини эълон қилди.
«Биз бугун Pfizer билан... келишув имзоладик ва бу вакциналарни Қозоғистонга келтириш устида иш бошлаяпмиз», дейилади «Казинформ» хабарида. «Ҳаммаси компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва республика ҳудудига дори-дармон етказиб бериш имкониятига боғлиқ бўлади.»
Pfizer вакцинасини Қозоғистонга етказиб беришни тезлаштиришга оид музокаралар чоршанба (30 декабр) куни бошланиши керак, деди брифингда Қозоғистон тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини назорат қилиш қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Нурлибек Асилбеков.
«Pfizer дунё миқёсида ишонч қозонган мураккаб вакциналарни катта ҳажмда ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича муваффақиятли ва узоқ йиллик тажрибага эга. Биз COVID-19 вакцинаси билан ютуқларимиз кўламини кенгайтиришни давом этяпмиз», дейилади компания сайтидаги баёнотда.
Бу хабар Қозоғистонда Россия вакцинасини ишлаб чиқариш ҳақидаги келишувдан бир неча ҳафта ўтиб пайдо бўлган.
Қозоқлар «ҳақиқий вакцинани кутмоқдалар»
Кўпчилик қозоқлар Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан шубҳада. У хавфсизлик ва самарадорликка оид кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда.
Бу шубҳалар интернетда қолдирилган фикр-мулоҳазаларда очиқ акс этган.
«Спутник-5» билан эмланиш хавфли, деб ёзган Tengrinews.kz веб-сайти ташрифчиси «Спутник V» вакцинасини назарда тутиб. «Қандай асоратлар келиб чиқиши номаълум. Бу каби асоратлар учун 100 фоиз соғлом бўлишингиз керак. Текинга ҳам керак эмас.»
«Мен бу бўлмағур нарса (Россиянинг Спутник V» вакцинасини) билан эмланмайман, дейди Айтим Малик исмли фойдаланувчи. «Мен ҳақиқий «Pfizer» вакцинасини кутяпман.»
«Ўз ҳаётини хавф остига қўядиган ахмоқ йўқ», деб ёзган яна бир фойдаланувчи.
Россиянинг «Спутник V» вакцинаси кексалар учун мўлжалланмаган, «Pfizer» вакцинаси эса бундай шартлардан холи, деб ёзган Аскар Бўлатов.
«Pfizer вакцинасини ҳам олсак бўлади. Ҳатто АҚШ 78 ёшли президенти Жо Байден ҳам у билан эмланса, биз нимадан қўрқамиз? Сотиб оламиз ва эмланамиз, тамом-вассалом. Бўлмаса, Россия яна ўзиникини тиқиштиради», деб фикр билдирган Абин.
Мутахассислар ҳам «Спутник V» вакцинасига худди шундай шубҳа билан қарашмоқда, уларнинг фикрича, Россия уни шошма-шошарлик билан тақдим этган.
«Тиббиётга оид илмий нашрларда ҳам Россия вакцинаси борасида кўп танқид ва гумонлар билдирилган», дейди Нур-Султонлик фармацевт-кимёгар Элизабет Ким. «Рости, мен ўзим ва яқинларимга уни қўлламаган бўлар эдим.»
«Клиник синовлардан ўтган Pfizer ва қозоқ вакцинасига ишонч юқорироқ», деди у.
19 декабр куни Қозоғистонда ишлаб чиқилаётган вакцина синовларининг учинчи босқичи бошланган, унда 3000 нафар кўнгилли иштирок этмоқда, дейилади МКХнинг 28 декабр кунги баёнотида.
Клиник тадқиқотлар қозоқ вакцинасининг россиялик рақобатчисидан самаралироқ эканлигини кўрсатди, дейилади баёнотда. Натижалар мос равишда 96 фоиз ва 92 фоиздан сал пастроқ. Россия камида иккита COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқаришини айтган эди.
«Спутник V» вакцинасига «ишонч йўқ»
Халқаро кузатувчилар август ойида эълон қилинганидан бери Россия вакцинаси борасида ўз шубҳаларини изҳор қилиб, Кремлнинг вакцина ишлаб чиқариш «пойгасида» биринчи бўлишга уриниши унинг самарадорлиги ва хавфсизлигига таъсир қилишидан хавотир билдирганлар.
Россиянинг аниқ ва текширилган маълумотлар тақдим этмай, «Спутник V» вакцинасини халқаро муқобиллар билан бир хил даражада ёки ундан ҳам фаолроқ реклама қилишга уриниши жамоатчиликнинг номзод-вакцинага бўлган ишончига путур етказган.
«Pfizer» ва «BioNTech» ўз вакциналарининг самарадорлигини 90 фоиздан юқори деб эълон қилганларидан икки кун ўтиб, 11 ноябр куни Кремль «Спутник V» 92 фоиз самарали эканлигини таъкидлашига дунё олимлари ва кузатувчилари эътироз билдирганлар.
Орадан бир ҳафта ўтмай, АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш институти билан ҳамкорликда ўзининг COVID-19га қарши вакцинасини ишлаб чиққан Moderna биотехнология компаниясининг хабар беришича, дастлабки натижалар номзод-вакцинанинг 94,5 фоизга самарадор эканини кўрсатган.
Кимўзарга ҳаракат қилаётган россияликлар 24 ноябрь куни «Спутник V» вакцинаси самадорлигини 95 фоизга ўзгартиришган.
«Россия вакцинасига ишонч йўқ», дейди «Tengrinews.kz» веб-сайтининг Т. Султон исмли муштарийси. У россиялик интернет-тролларнинг танқидий фикр-мулоҳазаларга «салбий» баҳо бераётганини қўшимча қилган.
Тадқиқотчилар вирусни тўлиқ ўрганмагани ёки Россия вакцинаси барча синовлардан ўтмаганига қарамай, Россия ҳукумати уни дарҳол «дунёдаги биринчи» вакцина деб рўйхатдан ўтказди, дея таъкидлаган Амрис.
«Бу кимга ва нима учун керак?», деди Амрис ва ўз саволига ўзи жавоб беришга ҳаракат қилди: «Бу жуда катта пул.»
Қозоғистондаги кўпчилик шифокорлар Россия вакцинасига шубҳа билан қарашади.
«Спутник V» вакцинасининг самарадорлиги шубҳали сир бўлиб қолмоқда, деди Олмаотадаги биринчи ёрдам ходимаси Айгерим Жакашева.
«Россия аниқ қандай қилиб «Спутник V» вакцинасини синовдан ўтказганини яширмоқда», деди Жакашева. «Улар клиник протоколни очиқламаяптилар. Намуна кичкина ҳажмда ва кўнгиллиларда синов ўтказиш учун етарли эмас. Бизга фақат лойиҳани молиялаштирган ташкилотнинг пресс релизи топширилган холос.»
«Россия ўз вакцинаси самарадорлигини қай тарзда баҳолагани тушунарсиз», деб қўшимча қилди у.
Бу орада Sinopharm вакцинасининг 3-босқич синовлари унинг 79 фоизга самарали эканлигини кўрсатди, деб хабар берган Хитой фармацевтик гиганти чоршанба (30 декабр) куни. Бу кўрсаткич Pfizer-BioNTech ва Moderna тарафидан ишлаб чиқилган рақобатчи вакциналарникидан пастроқ.
Россия вакцинаси пул учун, Американики эса текин ва ҳайриягами... ахмоқлар))) Қозоқларнинг қимизи, вой йўғей вакцинаси билан эмланиш керак эмаслиги аниқ. Чао, тентакмиялар )))
Жавоб беришФикрлар 2
«Спутник V» вакцинасига ишонч йўқ, унинг атрофида жуда кўп носоғлом гап-сўзлар юради. Воз кечган маъқул
Жавоб беришФикрлар 2