Карвонсарой
Таълим

Афғон болалари учун мўлжалланган тожик мактаби хайрия туфайли ўз ишини давом эттиради

Карвонсарой

Санасиз сурат: Душанбе шаҳридаги «Сомониён» мактаби боғча ёшидан 11-синфгача бўлган 450 дан ортиқ ўқувчига таълим беради. [Тожикистондаги АҚШ элчихонаси]

Санасиз сурат: Душанбе шаҳридаги «Сомониён» мактаби боғча ёшидан 11-синфгача бўлган 450 дан ортиқ ўқувчига таълим беради. [Тожикистондаги АҚШ элчихонаси]

ДУШАНБЕ – Пайшанба (2 декабр) куни АҚШнинг «Spirit of America» нодавлат ташкилоти (SOA) Америка элчихонаси билан ҳамкорликда Душанбедаги афғон болалари учун мўлжалланган «Сомониён» мактабининг яна бир йил фаолият юритиши учун хайрия маблағи ажратди, дейилади элчихона баёнотида.

Афғонистонлик қочқин болалар таълим оладиган ушбу мактаб август ойида Афғонистонда собиқ ҳукуматнинг қулаши билан боғлиқ шароитда муҳим рол ўйнайди.

SOA қочқин болаларнинг энг зарурий эҳтиёжларини қондиришга 80 минг АҚШ долларидан (900 минг сомоний) кўпроқ маблағ ажратган.

Душанбедаги мактабда боғча ёшидан 11-синфгача бўлган 450 дан ортиқ ўқувчи таълим олади. Таълим аралаш шаклда олиб борилади.

Бу орада Афғонистондаги янги ҳукумат қизларнинг олтинчи синфдан кейин мактабга боришини тақиқлагани айтилмоқда.

Тожикистондаги ягона афғон мактаби

«Сомониён» Афғонистондаги ўқув дастуридан фойдаланадиган ва дари тилида таълим берадиган Тожикистондаги ягона мактаб ҳисобланади.

SОА гранти мактабга «ижара, ўқувчилар қатнови, мебеллар, майда таъмирлаш ишлари ва интернет харажатларини қоплашга ёрдам беради», деди элчихона.

SOA бош директори Жим Хейкнинг айтишича, ташкилот бу мактабни «450 дан ортиқ афғонистонлик қочқин болаларнинг сифатли таълим олиши ва бутун дунёдаги бошқа ўғил-қизлардаги каби орзу-интилишлар билан ўсиб-улғайиши учун» молиялаштирмоқда.

У тожик халқини «мамлакатда бошпана излаган афғонларга нисбатан хайрихоҳлиги ва меҳмондўстлиги» учун мақтаган.

«Ушбу қимматли ёрдам ўқувчиларимиз ҳаётини чинакамига ўзгартиради», дейди Сомониён мактаби директори Ножиа Зоҳир.

«АҚШ ва Тожикистон халқи афғон қочқинлари билан қатъий бирдамликда», деди АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм.

Тожикистондаги афғон қочқинларига ёрдам

Хайрия ёрдами SOA ва АҚШ элчихонаси Ваҳдатдаги учта жамоат марказини қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорлик бошлаши ортидан ажратилган.

Бу марказлар 2500 дан ортиқ Тожикистон ва Афғонистон фуқаролари учун мўлжалланган инглиз тили, технологиялар ва касбий таълим дастурларини тақдим этади.

SOA «Карвон» таълим маркази, Инновацион технологиялар ва коммуникациялар маркази ва Ваҳдат ёшлар марказини реконструкция қилиш ва юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун маблағ ажратди. Бунинг натижасида Ваҳдатдаги тожик ва афғон ёшлари таълим ресурслари ва имкониятларини излаш салоҳиятига эга бўлдилар.

Элчихонанинг маълум қилишича, Қўшма Штатлар «Афғонистон ва минтақадаги афғон қочқинларига ёрдам кўрсатувчи энг йирик гуманитар донор ҳисобланади».

Ўтган йил давомида у Афғонистон билан боғлиқ гуманитар ёрдамлар учун салкам 474 миллион доллар (5,3 миллиард сомоний) маблағ ажратган.

SOA хусусий манбалар тарафидан молиялаштириладиган АҚШ нодавлат ташкилоти бўлиб, «эркин ва яхшироқ ҳаёт умидини сақлаб қолиш учун фуқароларни иттифоқчилар, дўстлар ва ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга жалб қилади», дейилади элчихона хабарида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500