Карвонсарой
Дипломатия

Душанбедаги АҚШ элчихонасида янги «Америка маркази» иш бошлади

Карвонсарой

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси 25 май куни Душанбеда янги Америка марказини очди, у ерда тожикистонлик фуқаролар инглиз тилини яхшилаши, янги кўникмаларни ўрганиши, ўз дастурларини олиб бориши, филмлар томоша қилиши ва америкаликлар билан учрашиши мумкин. [АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси]

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси 25 май куни Душанбеда янги Америка марказини очди, у ерда тожикистонлик фуқаролар инглиз тилини яхшилаши, янги кўникмаларни ўрганиши, ўз дастурларини олиб бориши, филмлар томоша қилиши ва америкаликлар билан учрашиши мумкин. [АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси]

ДУШАНБЕ – Сешанба (25 май) куни Тожикистондаги АҚШ элчихонаси Душанбеда янги Америка марказини ишга туширди. У ерда тожикистонликлар инглиз тилини яхшилаши, янги кўникмаларни ўрганиши, ўз дастурларини олиб бориши, филмлар томоша қилиши ва америкаликлар билан учрашиши мумкин.

Замонавий муассасанинг майдони 700 кв. метрга тенг, дейилади элчихона баёнотида.

У тўққизта дастур бурчаги, жумладан муҳандислик маҳоратини оширишга мўлжалланган «Maker Space» инновацион студияси, блогерлар ва ҳаваскор журналистларнинг эфирлари учун медиалаборатория, бой кутубхона ва Тожикистондаги энг тезкор бепул интернет билан жиҳозланган.

Америка маркази Мирзо Турсунзода кўчаси, 49-уйдаги «Пойтахт» савдо марказининг 3-қаватида жойлашган бўлиб, сешанбадан шанбага қадар соат 10.00 дан 19.00 гача ишлайди.

Америка маркази кириш ва ундаги барча дастурларда иштирок этиш бепул.

Марказнинг очилиш маросимида АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм ҳамда Тожикистон таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари Салоҳиён Муҳаммаддовуд Қаюм иштирок этди.

Поммершайм Америка марказини «Америка халқининг Тожикистон халқига совғаси» деб атар экан, жумладан шундай деди: «У мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликнинг ёрқин намунаси бўлиб, бизнинг «биргаликда олдинга» шиоримизни ўзида акс эттиради.»

«Бу марказ инглиз тилини ўрганиш, кўникмаларни эгаллаш ва маданиятлар алмашинуви орқали халқларимизни бирлаштиради», деди у ва барча тожикистонлик фуқароларини ўз маҳоратини ошириш ва кўмак ҳамжамияти сафига қўшилиш учун Америка марказига таклиф қилди.

«Ишонаманки, бу марказдан етакчи сифатида ўсиш учун фойдаланасиз, зеро Тожикистон келажаги сизнинг қўлингизда» деди у тадбирда иштирок этаётган тожикистонлик ёшларга юзланиб.

Америка марказининг очилиши – Қўшма Штатлар ва Тожикистон ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги нишонланадиган келгуси йил учун режалаштирилган кўплаб тадбирларнинг биринчиси, деди Поммершайм.

Ўзаро англашув

Душанбеда янги очилган Америка маркази – Душанбе, Хўжанд, Исфара, Бўхтар, Кўлоб, Хоруғ, Ғарм ва Панжакент шаҳарларида жойлашган саккиз марказдан бири.

Тожикистондаги илк Америка маркази 2005 йилда Кўлоб шаҳрида иш бошлаган.

«Америка марказлари – бу ижобий ўзгаришлар масаласида ҳамфикр бўлган фаол тожикистонликлар ва америкаликларнинг ҳамкорликдаги ташаббусидир», дейилади баёнотда.

Сентябрь ойида АҚШ фуқаролари Америка марказида инглиз тилидаги мунозара клубларини олиб бориш ва ўқув дастурларини ташкил қилиш мақсадида Тожикистонга ташриф буюрадилар.

Барча марказлар Facebook, Instagram ва Twitter ижтимоий тармоқларида ўз аккаунтларига эга бўлиб, улар орқали тадбирлар жадвалидан бохабар бўлиш ва айрим виртуал дарсларда иштирок этиш мумкин.

Пандемия вақтида Америка марказлари тўлиқ виртуал режимда фаолият олиб борди. Сўнгги ойларда улар офлайн фаолият турига қайтишни бошлаган.

Бу марказлар Қўшма Штатлар ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро англашувни яхшилаш ва тожикистонлик фуқароларнинг глобал кўникмаларга эга бўлиш имкониятларини ошириш учун хизмат қилади.

Америка марказлари тармоғи – бу АҚШ элчихонасининг тожикистонлик фуқаролар учун таълим олиш имкониятларини яратишга қаратилган кўплаб дастурларидан биридир.

«АҚШ ҳукумати тожикистонлик талабалар, мактаб ўқувчилари ва мутахассислари учун 25 хил алмашинув дастурларини таклиф қилади. Шу кунга қадар АҚШ ҳукуматининг алмашинув дастурларида 5000 дан ортиқ тожикистонлик фуқаро иштирок этган», дейилади баёнотда.

АҚШ кўмаги

1992 йилдан бери АҚШ ҳукумати Тожикистонга 1,8 миллиард доллар (20,5 млрд сомоний), шу жумладан таълим соҳасига 100 миллион долларлик (1,1 млрд сомоний) ёрдам кўрсатди.

Сўнгги ёрдамларнинг бири коронавирус пандемиясига қарши кураш воситаларини ўз ичига олган.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) шу ой бошида Тожикистон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига 264985 доллар (3 млн сомоний) миқдорида лаборатория жиҳозлари ва ускуналарини етказиб берди, деб хабар қилади АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси 21 май кунги баёнотида.

«Биологик хавфсизлик шкафлари, ўта паст ҳароратли (-86 °C) музлаткичлар ва бошқа лаборатория жиҳозлари, жумладан вирусларни ташиш ва сақлаш воситалари, биологик хавфли моддаларни йўқ қилиш стендлари ва стерил филтрлар учликлари шулар жумласидандир», дейилади элчихона хабарида.

Улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Исфара, Истаравшан, Қубодиён ва Панжакент туманларидаги лабораториялари ихтиёрига тоширилади.

Пандемия бошланганидан буён CDC томонидан Тожикистонга беғараз тақдим этилган ускуналар ва лаборатория материалларининг қиймати 584305 АҚШ долларини (6,6 млн сомоний) ташкил этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Тожикистондаги умумий ўрта таълим мактабларига қандай ёрдам бера оласиз? Масалан, инглиз тили хонасини жиҳозлаш учун.

Жавоб бериш

Америкага раҳмат, ажойиб мамлакат.

Жавоб бериш

Мамлакатларимиз халқлари ўртасида бевосита мулоқот учун бундай марказлардан иложи борича кўпроқ очилгани яхши. Доим жанг қилишдан кўра гаплашиш яхшироқдир. Ушбу акция учун америкаликларга катта раҳмат.

Жавоб бериш