Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Ўзбекистонда аксилсовет исёнчиларининг оқланиши Россия матбуотини ғазабга солди

Рустам Темиров

Суратда: Босмачиликда айбланганларнинг ишига оид материаллар. Айбланувчиларнинг суд ҳужжатлари тайёрланиб, 6 январ куни суд мажлиси ўтказилди. [Анора Содиқова]

Суратда: Босмачиликда айбланганларнинг ишига оид материаллар. Айбланувчиларнинг суд ҳужжатлари тайёрланиб, 6 январ куни суд мажлиси ўтказилди. [Анора Содиқова]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон ҳукуматининг 1920-1930-йиллардаги аксилсовет исёнчиларини оқлашга оид саъй-ҳаракатлари россиялик кремлпараст шарҳловчиларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Шу ой бошида Ўзбекистон Олий суди совет давридаги қатағон қурбонларининг 120 нафарини оқлаш ҳақида қарор чиқарди, Россия матбуоти эса буни «аксилроссия чораси» сифатида қоралаган.

6 январда куни суд томонидан оқланганлар 1910-1930-йиллардаги босмачилар ҳаракати номи билан машҳур бўлган совет ҳукуматига қарши исёнда иштирок этишган.

Декабр ойида Олий суд аксари Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) «учликлари» томонидан сургунга ёки қатлга ҳукм қилинган айбланувчиларга доир олтита жиноий ишни кўриб чиққан. Уч кишидан таркиб топган судлар жуда тезлик билан, кўп ҳолларда сиртдан ва шикоятга имкон қолдирмасдан отувгача бўлган шафқатсиз ҳукмларни эълон қилган.

6 январ куни Ўзбекистон Олий суди 120 нафар совет қатағони қурбонини оқлади. Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи, 23 январ кунги сурат. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

6 январ куни Ўзбекистон Олий суди 120 нафар совет қатағони қурбонини оқлади. Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи, 23 январ кунги сурат. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

15 ноябр куни Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилоти идорасида архив ҳужжатларини кўздан кечираётган ходим. Россия Олий суди декабр ойи охирида ушбу ташкилотни тугатиш ҳақида қарор чиқарган. 1990-йилларда Россия демократлашувининг рамзи бўлган «Мемориал» тарихий ҳақиқат учун кураш олиб бориб, Совет давридаги жиноятларнинг улкан архивини яратган. [Александр Неменов/AFP]

15 ноябр куни Москвадаги «Мемориал» ҳуқуқбон ташкилоти идорасида архив ҳужжатларини кўздан кечираётган ходим. Россия Олий суди декабр ойи охирида ушбу ташкилотни тугатиш ҳақида қарор чиқарган. 1990-йилларда Россия демократлашувининг рамзи бўлган «Мемориал» тарихий ҳақиқат учун кураш олиб бориб, Совет давридаги жиноятларнинг улкан архивини яратган. [Александр Неменов/AFP]

Айбланувчилар орасида 1925 ва 1930-йилларда учлик кенгашлари томонидан «қуролли қаршилик кўрсатишда иштирок этиш» айби билан ҳукм қилинган бир гуруҳ ўзбеклар ҳам бор эди.

«Тройка»ларнинг ҳукмлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид бўлган, дейди Олий суд мажлисларида иштирок этган журналист Анора Содиқова.

«Бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши эди... Уларнинг барча ҳукмлари ноқонуний бўлгани учун айбланувчиларнинг барчаси оқланишга ҳақли», деди у Карвонсарой билан суҳбатда.

Ўтган йил август ойида Олий суд яна олтита жиноий ишни кўриб чиқиб, 1920-1930-йилларда қатл этилган ёки Совет ГУЛАГига юборилган 115 нафар айбланувчини оқлаган эди.

2020 йил октябр ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш ва хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши билан Республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, қатағон қурбонларининг рўйхати тузилган.

Ҳозирга қадар оқланган айбланувчиларнинг тўлиқ рўйхати Ўзбекистон Олий суди сайтида эълон қилинган.

Содиқованинг сўзларига кўра, бу Иосиф Сталин режими томонидан қатл этилган, қамоққа ташланган ёки сургун қилинганларнинг оз қисми, холос.

Россия архивларида бу каби кўплаб жиноий ишлар бор ва ҳали қилинадиган ишлар кўп, дейди у.

«Қатағон қурбонларининг яқинларида тегишли ҳужжатлар бўлса, улар моддий зарар ундириш учун даъво қилиш имкониятига эга бўлдилар», деди Содиқова Карвонсарой билан суҳбатда.

Қаршилик ҳаракати

Босмачилик ҳаракати Ўрта Осиёда совет тузумини ағдаришга ва мустақил давлат яратишга қаратилган эди. «Босмачи» сўзи «босма» сўзидан олинган бўлиб, қуролли юриш ёки ҳужум деган маънони билдиради.

Иброҳимбек қўрбоши номи билан танилган Иброҳимбек Чакабоев ушбу озодлик ҳаракати етакчиларидан бири бўлган.

У 1919-1931-йилларда ҳозирги Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида совет тузумига қарши уюшган қаршиликка раҳбарлик қилиб, Афғонистондан трансчегаравий рейдларни амалга оширган.

ОГПУ Иброҳимбекни 1931 йил июн ойида қўлга олиб, икки ойдан кейин отиб ташлаган. У 42 ёшда эди.

Постсовет даврнинг илк йилларида айрим тарихчилар босмачилик ҳаракатини қайта кўриб чиқиш ҳақида гапира бошладилар, аммо унинг аъзоларини оқлаш масаласига ҳали жиддий киришилмаган эди.

Босмачилар ҳаракатига совет тузумига нисбатан қаршилик ҳаракати сифатида қараш лозим, дейди бу мавзуда тадқиқот олиб борган тошкентлик Мавлон Шукурзода.

«Босмачилар турли-туман одамлардан ташкил топган бўлишига қарамай, у ўз ватанини болшевиклардан озод қилиб, мустақилликка эришмоқчи бўлган халқ озодлик ҳаракати эди», деди Шукурзода Карвонсарой билан суҳбатда.

Оқлаш амалиёти босмачилик ҳаракати аъзоларигагина қаратилмаслиги керак, деди Шукурзода.

«Шунингдек, «қулоқ»қа тортилиб, Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларига бадарға қилинганлар ҳам оқланиши зарур», деди у Сталин томонидан ўлдирилган ёки сургун қилинган бадавлат деҳқонларни назарда тутиб.

Журналист Содиқованинг фикрича, ҳозирги кундаги тарих дарсликлари «замондан ортда қолмоқда».

«Ўзбекистоннинг янги тарихи» постсовет даврида ишлаб чиқилган бўлса-да, унда босмачилар ҳаракати ёки Сталин қатағонларига етарлича ўрин ажратилмаган, дейди у.

«Ёшлар XIX асрнинг иккинчи ярмида Россия империясининг Туркистонни босиб олиши, Бухоро амирлиги ҳамда Хива ва Қўқон хонликларида юз берган қонли урушлар ҳақида жуда кам маълумотга эга», деди у Чор Россияси Марказий Осиёни ўз мустамлакасига айлантиргани ҳақида гапириб.

«Ўзбек ёшлари ота-боболаримизнинг рус босқинчиларига қарши қандай курашганини билиши лозим», деди Содиқова.

«Аксилроссиявий»

Ўзбекистондаги оқлаш амалиётлари Кремлнинг нафақат Россиянинг бугуни, балки ўтмишини ҳам тобора кучлироқ назорат қилишга уринаётган бир пайтда содир бўлмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида Россия Олий суди «хорижий агентлар» тўғрисидаги баҳсли қонунни бузганликда айблаб, Сталин давридаги сиёсий қатағон қурбонларини оқлаш билан шуғулланган «Мемориал» халқаро ташкилотини тугатиш ҳақида қарор чиқарди.

Айни пайтда Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон суди қарорларини Россияга қарши ҳаракат сифатида талқин қилмоқда.

«Ўзбекистоннинг 1920-йилларда болшевикларга қарши курашган босмачиларни оқлаш тўғрисидаги қарори аксилсовет ва табиийки, қисман аксилроссиявий ҳамдир», деб ёзади Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти институти директори Владимир Лепехин 7 сентябр куни «Взгляд» газетасида чоп этилган мақолада.

У август ойида чиқарилган суд қарорларига жавобан шундай фикрларни билдирган.

Шунингдек, сентябр ойида кремлпараст «Ритм Евразии» сайти 1920 йиллардаги босмачилар «ваҳҳобийлик» ҳаракатининг бир кўриниши бўлганини даъво қилиб, Иброҳимбекни Британия разведкаси қўллаб-қувватлаганини таъкидлайди.

«Мамлакат Олий судининг қарори Ислом шиорлари остига яширинган шафқатсиз бандитлар қўлида ҳалок бўлганлар хотирасини таҳқирлашдир», дейилади сайтдаги муаллифсиз рукнда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 8

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳукм 200 фоиз тўғри. Босмачилар ҳаракати ваҳобийлик эмас. Нима, сизлар ГУЛАГ тарафдоримисизлар???

Жавоб бериш

Туркистон мустақиллиги учун курашганларни қандай қилиб босмачи дейиш мумкин?! Бу худди Наполеон босқини ва Гитлер агрессияси вақтидаги рус партизанларини босмачи деб атагандек гап...

Жавоб бериш

Россияда ахлат қутилари ҳам қулфлаб қўйиладиган бўлди, чунки маҳаллий аборигенлар овқат излаб ахлат қутисига шўнғишни одат қилишди.

Жавоб бериш

Россия ёвузлик ва тажовузкорлик демакдир! \Кремл\ шовинистлари тинчланиб, ўз муаммолари билан машғул бўлишсин. Бу сизнинг ишингиз эмас! Ўзбекистон президенти совет ўтмишига қандай муносабатда бўлишни яхши билади! Менга Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати ёқади! Аллоҳ унга саломатлик берсин!

Жавоб бериш

СССРда яхши вақтлар ҳам бўлган, лекин мудҳиш жиноятлар ҳам бўлган. Уларни ортиқча сиёсат ва тарафкашликсиз тергов қилиш керак.

Жавоб бериш

Совет даврида Марказий Осиёда кўп одамлар ўлдирилган

Жавоб бериш

Бандерага шон-шарафлар, Иброҳимбекка шон-шарафлар, Кремл фашистларига эса уят

Жавоб бериш

Нима учун Россия урушқоқлик қилмоқда? Сталин маньяк эди; бу ҳақиқат.

Жавоб бериш