Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қирғизистонда «Z» белгиси ва Россиянинг Украинадаги уруш ҳақидаги ташвиқот филмлари тақиқланди

Канат Алтинбаев

Россия байроғи ва Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаш рамзига айланган «Z» ҳарфи туширилган мотоцикллар, 30 апрел, Москвадаги тураргоҳлардан бири. [Наталья Колесникова/AFP]

Россия байроғи ва Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаш рамзига айланган «Z» ҳарфи туширилган мотоцикллар, 30 апрел, Москвадаги тураргоҳлардан бири. [Наталья Колесникова/AFP]

БИШКЕК – Қирғизистон Россиянинг Украинадаги урушга оид ташвиқот филмлари ва бошқа рамзларга нисбатан қатъий чоралар кўрмоқда.

Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Азамат Жаманқулов 23 апрел куни «Facebook»да Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Қирғизтасмаси» давлат кино маркази Украинадаги воқеаларга бағишланган бир қатор Россия бадиий филмлари намойишини тақиқлаганини хабар қилди.

Жаманқуловнинг баёнотидан бир неча кун аввал Кремл томонидан молиялаштириладиган Бишкекдаги «Гармония» рус маданият маркази «Ҳақиқат вақти» кинофестивали доирасида «Донбасс. Сарҳад» (2019), «Ополченочка» (2019) ва «Офтоб тиғи» (2021) филмларининг намойиши учун рухсат сўраб «Қирғизтасмаси»га мурожаат қилган эди.

Уччала филмдаги воқеалар Украина шарқидаги уруш вақтида содир бўлади, уларда Россия қўлловидаги айирмачилар қаҳрамон қилиб кўрсатилган. Украина ҳарбийлари эса салбий образда тасвирланган.

2 апрел куни Бишкекдаги Горкий хиёбонида Украина байроғини ҳилпиратаётган урушга қарши митинг иштирокчиси. [Вячеслав Оселедко/AFP]

2 апрел куни Бишкекдаги Горкий хиёбонида Украина байроғини ҳилпиратаётган урушга қарши митинг иштирокчиси. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Қирғизистоннинг кинематографияни назорат қилиш идораси дастлаб намойишга рухсат берган, бироқ кейинчалик ўз қарорини бекор қилган.

«Мавжуд халқаро вазиятдан келиб чиқиб, Қирғизистон республикасининг бетарафлигини инобатга олган ҳолда, «Қирғизтасмаси» давлат агентлиги илгари берилган рухсатларини қайтариб олади ва юқорида тилга олинган филмларнинг Қирғизистон республикасидаги намойишини тақиқлайди», дейилади расмий баёнотда.

Қирғизистон фуқаролари вазирнинг «Facebook»даги постида қарорни маъқуллаганлар.

«Тўғри қарор қабул қилиб, уруш ташвиқотини тўхтатган Қирғизистон маданият вазирлигига раҳмат», деб ёзади «Тянши» халқаро савдо дўконининг Бишкекдаги менежери Гулзода Медралиева. «Энди... Россия трансляциялари учун пул тўлашни ҳам тўхтатсак, ажойиб бўларди.»

«Бу тўғри чора, келажакни ўйлашимиз керак», деб ёзади рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Анора Сулаймонова.

«Оловга мой сепмаслигимиз керак», деб қўшимча қилган у.

Евроосиё халқаро архитектура академияси профессори Ойгул Насирдинова ҳам тақиқни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Қирғизистонда Россия филмларини намойиш этишга оид қарор фақат мутахассислар ташвиқот мазмунини тўлиқ таҳлил қилганидан кейингина қабул қилиниши керак, деб ёзади у.

Бишкеклик сиёсатшунос Олмос Тожибойнинг айтишича, санъат одамийлик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиши лозим.

«Адоват, зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишини тарғиб қилувчи асарлар эса тақиқланиши керак», деди у Карвонсаройга.

«Z» тақиқланди

Бу орада Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) 21 апрел куни Москванинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланган «Z» белгисини қўллаш номақбул экани ҳақида огоҳлантирди.

ГКНБ 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба муносабати билан ўтказиладиган парад либосларини ижарага берувчи муассасаларга «Z» белгисидан фойдаланмасликни тавсия қилган, чунки бу «миллатлараро адоват қўзғаши мумкин» ва Қирғизистон қонунига кўра жиноят деб ҳисобланади.

Шунингдек, ГКНБ фуқароларни 9 май куни Бишкекда бўлиб ўтадиган парадда Z билан боғлиқ белгиларни тақиб юришдан тийилиш ҳақида огоҳлантирган.

Лотин алифбосидаги бу ҳарф Украинага бостириб кирган Россия қўшинларининг танклари ва кийимларида акс эттирилган.

У Россия жамиятида мазкур урушни қўллаб-қувватловчиларни рағбатлантириш ва унга қарши бўлганларга таҳдид қилиш рамзига айланди.

Қирғизистон ички ишлар идоралари ходимлари, шунингдек, автомобиллар ойналари ёки кузовларига «Z» ҳарфини тушириб олган ҳайдовчиларни жаримага тортмоқда.

Қирғизистонда «Z» белгисини ёпиштирганлик учун жарима камида 5500 қирғиз сўмини (70 доллар) ташкил қилади.

«Россия каналларини ёпиш

Қирғизистон ҳукумати Москвани танқид қилишдан тийилса-да, мамлакат фуқаролари Россиянинг Украинага бостириб киришини очиқдан-очиқ қораламоқда.

Март ойи охирида Бишкекда одамлар Қирғизистон ва Украина байроқларини ва «Урушга йўқ деймиз!», «Қирғизистон Украина билан» деган ёзувларни кўтариб намойишлар ўтказишган.

Қирғизистон Россия етакчилигидаги иқтисодий ва ҳарбий блокларни тарк этиши керак, дейди намойишларда иштирок этган бишкеклик журналист Одил Турдиқулов.

«Бундан ташқари, биз мамлакатдан Россиянинг барча ҳарбий базаларини чиқариб юборишимиз лозим», деб айтган у Карвонсарой нашрига.

Яна бир намойишчи, бишкеклик Асел Кубаничбековага кўра, унинг ҳамма дўстлари, ҳамкасблари ва танишлари Украинага ҳамдард ва Россия ҳужумини қоралайди.

«Объектив сабабларга кўра, ҳукуматимиз нейтралликни сақлаб қолиши керак, аммо биз қирғиз халқи жим туришга мажбур эмасмиз», деб айтган у.

«Россия биродар украин халқининг бошига даҳшатли кунларни солаётганига қарши эканимизни дунё билиши керак.»

«Кремл қўлловидаги телеканаллар одамларни манқуртга айлантирмоқда, уларнинг аксарияти ҳақиқатни ёлғондан ажрата олмайди ва Россия нацистларга қарши курашяпти деб ўйлашади», деб айтган Кубаничбекова.

«Айни вақтдаги вазият мамлакатимизда Россия телеканалларини ёпиш муҳимлигига яна бир жиддий сабабдир.»

Россия ғазабда

Россия ОАВ Қирғизистон ҳукуматининг сўнгги чораларини «Қирғизистон хавфсизлик идораларининг фуқароларга нисбатан босими» дея танқид қилган.

14 апрел куни Бишкекда АҚШ давлат котибининг фуқаролик хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея ва Қирғизистоннинг юқори лавозимли расмийлари, жумладан ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ўртасидаги учрашув россияликларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Иштирокчилар Қирғизистон ва Қўшма Штатлар ўртасида икки томонлама ва халқаро масалалардаги ҳамкорликни, демократик институтларнинг аҳамиятларини муҳокама қилдилар.

Россия ОАВ учрашувни қоралаган, «Московский комсомолец» кремлпараст нашри эса музокараларни Қирғизистон томонидан «белга пичоқ санчиш» билан тенглаштирган ва «тез ва қатъий жавоб» берилишини ваъда қилган.

Россияликлар Қирғизистоннинг иқтисодий заифлигига эътибор қаратишга ҳаракат қилишади.

Қирғизистонга қарши уларнинг чораларига Россия компаниялари томонидан инвестициявий фаолиятларнинг чекланиши, меҳнат мигрантларининг депортация қилиниши, расмий ва норасмий пул жўнатмаларнинг тўхтатилиши, Қирғизистонга озиқ-овқат ва нефт экспортини қайта кўриб чиқиш кабилар кириши мумкин, дейилади 20 апрелда россиялик дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.

«Бу бошланиши», дейилади Россияда уйга мунтазам равишда пул жўнатмалари юборадиган бир миллионга яқин қирғизлар яшаб ишлаётгани таъкидланган мақолада.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қирғизистонда Z белгиси тақиқланмаган. Қирғизистонда Z символикаси учун 5500 сўмлик жарима йўқ. Муайян белги учун эмас, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солинади, чунки ҳар қандай белгини ўрнатиш учун у автоинспекцияда рўйхатга олиниши ва техпаспортда кўрсатилиши керак.

Жавоб бериш

Украина ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти вазиятни тубдан ўзгартириб, Россия армиясига қақшатқич стратегик талафотлар етказишга муваффақ бўлди. Украина ҳарбийлари НАТО ва Ғарбнинг билим ва тажрибасини, ҳарбий техникасини қисқа вақтда ўзлаштириб, уларнинг Россия кучларига қарши самарали қўллай олди. Натижалар ҳайратланарли ва кўзга кўринарли: бир неча кун ичида украиналиклар Лиманни эгаллаши ва Луганск/Донбасснинг жанубий жабҳаларига кириб бориши мумкин бўлади. Бу стратегик жиҳатдан жуда муҳим қадам. Бироқ, ҳарбий муваффақиятсизликлари туфайли ўзини бурчакка қадалгандек ҳис қилган Путин урушнинг боришини ўзгартириш учун тактик (кичик ҳажмдаги) ядро қуролини қўллармикин? Сохта ва алдовдан иборат референдумлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Путин буткул... Бундан ташқари, россияликларни ҳарбий хизматга мажбуран сафарбар қилиш билан Путин бу ўйинни Грузия, Чеченистон, Қрим ва Сурияда қўллаган одатдаги Россия ҳарбий сценарийси билан ўйнагандек туюлмоқда: урушда ғалаба қозониш, кўп қон тўкиш, тинч аҳолини кўпроқ қўрқитиш, тинч аҳолини ўлдириш, зўрлаш ва қўрқув ва даҳшатни янада кучайтириш учун кўпроқ уруш жиноятларини содир этишда давом этиш. Айни пайтда НАТО давлатлари Путинга нисбатан қатъийроқ ва очиқроқ таҳдид қилиши ва ҳатто мамлакатдан қочаётган руслар учун чегараларни ёпиш масаласини ўйлаш кўришлари керак. Айнан шу одамлар, уларнинг катта қисми (75% -80%) Путиннинг хунрезликлари ва Украинага қарши урушини қўллаб-қувватладилар ва энди улар ҳам жавобгарликка тортилиши керак. Улар Ро

Жавоб бериш

Бу ерда бундай рамзлар учун уларни жаримага тортамиз.

Жавоб бериш

Ҳозирда маданиятли одамлардан кимдир бу рамзлардан фойдаланишга рози бўлиши номаълум. Энди у абадий геноцид, талончилик, ташвиқот ва ёлғон билан боғлиқ бўлиб қолган.

Жавоб бериш

Тўғри. Қирғизистоннинг ўз рамзлари бор.

Жавоб бериш

Рус бўлмаган халқлар ичида русларга энг кўп хизмат қилувчи ва руссевар қирғизлар шу ишни қила бошлаган бўлса, демак Россияга нимадир бўлган...

Жавоб бериш

Россия аллақачон айниб бўлган. Муваффақиятсизликлар устига муваффақиятсизликлар, вайрон бўлган иқтисодиёт, қашшоқликда яшовчи одамлар, хориждаги тажовузлар, бир ҳовуч телбалар эгаллаган ҳокимият. Анчадан бери ҳаммаси йўлдан тойилиб кетган.

Жавоб бериш