Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиянинг Украинага босқини билан боғлиқ иқтисодий оқибатлар Марказий Осиёда ҳам акс этмоқда

Рустам Темиров ва AFP

Олмаотадаги валюта айирбошлаш шахобчаси, 2020 йил, 12-март. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Олмаотадаги валюта айирбошлаш шахобчаси, 2020 йил, 12-март. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Кремл Украинага бостириб киргани учун мисли кўрилмаган иқтисодий санкцияларга дучор бўлар экан, Марказий Осиёнинг Россия билан алоқалари янги хатарларни пайдо қилмоқда, дейди иқтисодчилар ва бошқа кузатувчилар.

24 феврал куни бошланган босқин ортидан Европа давлатлари ва Қўшма Штатлар Россияни жаҳон молиявий ва савдо тизимидан яккалаб қўйишга қаратилган кенг қамровли санкцияларни жорий қилди.

Санкциялар туфайли рубл курси тарихдаги энг паст кўрсаткичга тушган.

Йирик ритейлерлар Москвадаги кўплаб савдо марказларида ўз эшикларини ёпиб, бир кечада Россиядаги сотувларини тўхтатди.

Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳридаги Қоракўл-Бишкек автомобил йўли ёқасидаги қирғизистонлик мева-сабзавот сотувчилар, ўтган йилнинг 24 июли. Украинадаги уруш фонида Қирғизистонда озиқ-овқат нархлари ошади, деб огоҳлантирмоқда иқтисодчилар. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳридаги Қоракўл-Бишкек автомобил йўли ёқасидаги қирғизистонлик мева-сабзавот сотувчилар, ўтган йилнинг 24 июли. Украинадаги уруш фонида Қирғизистонда озиқ-овқат нархлари ошади, деб огоҳлантирмоқда иқтисодчилар. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Тошкент банкларининг биридаги валюта айирбошлаш шахобчаси, 3 март. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Тошкент банкларининг биридаги валюта айирбошлаш шахобчаси, 3 март. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Сешанба (8 март) куни АҚШ президенти Жо Байден Россияга қарши навбатдаги чорани қабул қилди – Россия нефтини импорт қилишни тақиқлади.

Британия йил охирига қадар Россия нефтидан воз кечишини айтди. Айни пайтда Европа Иттифоқи Россиядан табиий газ импорти ҳажмини учдан иккига камайтиришни режаламоқда.

Иқтисодий жиҳатдан Россия билан боғланган ва у ерда миллионлаб фуқаролари мигрант бўлиб ишлайдиган Марказий Осиё давлатлари учун Кремлнинг Украинани босиб олиш қарори улкан хавотирга сабаб бўлмоқда.

Мигрантлар ва уларнинг пул ўтказмаларига кун кўрадиган уйдаги оилалари қалтис вазиятда қолишган.

Ўзбекистон банклари бундай пул ўтказмаларининг узилиб қолмаслиги учун тезкор чоралар кўрмоқда.

2021 йилда Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали 8,1 миллиард доллар юборилган бўлиб, бу 2020 ва 2019 йиллардагига нисбатан 34 фоизга кўп – ўшанда бу сумма 6 миллиард долларни ташкил қилган эди.

Ўша йили Россияда ишлаш учун рухсатнома олган Ўзбекистон фуқаролари сони 1,3 миллиондан ошган эди.

«Рубл курсининг пасайиши ҳам пул ўтказмалари ҳажмига катта зарба беради. Рубл долларга нисбатан неча фоизга тушса, мигрантларнинг даромадлари ва доллардаги пул ўтказмалари айнан шунчага камаяди», дейди 1 март куни Repost.uz нашри билан суҳбатда бўлган тошкентлик иқтисодчи Юлий Юсупов.

«Жорий қилинган ва режалаштирилаётган санкциялар ўта жиддий ва аввалгиларига нисбатан анча қатъийроқ эканини кўриб турибмиз», деди у.

«Улар Россия иқтисодига жуда оғриқли зарба бера бошлади. Рубл курсининг пасайиши ва нархларнинг кескин кўтарилиши – бошланиши, холос», дейди Юсупов.

«Шунинг учун Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласини қайта кўриб чиқиш жуда муҳим», деди Лондонда истиқомат қиладиган Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Алишер Илҳомов Карвонсарой нашрига.

«ЕОИИга аъзолик ва умуман, иқтисодий жиҳатдан Россияга жуда яқин бўлиш Ўзбекистон учун ўта заҳарли бўлиб қолаётгани аён бўлмоқда. Ҳукумат буни тушунади деган умиддаман», деди Илҳомов.

Ўзбекистон ҳукумати Россия етакчилик қиладиган савдо блоки – ЕОИИга қўшилиш бўйича Кремлнинг босимига бир неча бор қаршилик кўрсатган.

Илҳомовнинг фикрича, Россия иқтисодиёти дефолтга яқинлашмоқда. Жиддий иқтисодий санкциялар ишсизлик даражасининг ортишига олиб келади, бу эса хорижий ишчи кучига бўлган талабнинг пасайишини ҳам англатади.

«Тез орада Россиядан ўзбек мигрантларининг улкан оқими бошланади деб қўрқаман. Натижада Ўзбекистонда ишсизлик кескин ошади», деб қўшимча қилди у.

«Бу ҳолатда ортиқча ишчи кучини жалб қилишга имкон берадиган иқтисодий ўсишга кўмаклашиш сиёсатини тубдан яхшилаш кераклигига оид масала ўртага чиқади», деди Илҳомов.

Фалокатли оқибатлар

Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидаги таҳлилчи ва иқтисодчилар ҳам Украинадаги уруш уларнинг иқтисодига жиддий зарар етказиши мумкинлигидан хавотирда.

Россиянинг Украинани босиб олиш қароридан Тожикистон ва Қирғизистон энг кўп зарар кўради, дейди бишкеклик журналист ва таҳлилчи Одил Турдиқулов.

Мигрантларнинг пул ўтказмалари ушбу мамлакатлар иқтисодиётининг ярмидан кўпини ташкил қилади. 2021 йилнинг 11 ойида мигрантлар Қирғизистонга 2,5 миллиард доллардан ортиқ пул юборган, деб хабар беради Кактус Медиа.

«Қирғизистон импортга қарам мамлакат. Украинадаги можаро нархлар, айниқса энерготашувчилар нархинин ошишига олиб келади, . Бизда бу нозик масала», деди Турдиқулов Карвонсаройга.

Турдиқуловнинг ҳисоб-китобларига кўра, Қирғизистон 90% Россиянинг нефт маҳсулотларига қарам ва улар қимматлашса, озиқ-овқат нархи ҳам кўтарилади.

«Доллар курси 85 рублдан 97 рублгача кўтарилди. Ҳозир эса доллар ҳамма шахобчаларда ҳам сотилаётгани йўқ», деди у.

Қирғизистон Россиянинг тажовузини қўллаб-қувватламади ва Ўзбекистон ва Қозоғистон каби бетараф позицияни сақлаб келмоқда, деб қўшимча қилди у.

Душанбелик ҳуқуқшунос олим Шокир Ҳакимовга кўра, Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар Тожикистон иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатади, чунки нефт, қурилиш материаллари, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларга тегишли кўплаб маҳсулотлар Россиядан импорт қилинади.

Тожикистон иқтисоди ҳам пул ўтказмаларига қарам – 2021 йилнинг тўққиз ойида тожик фуқаролари Россиядан 1,3 миллиард доллар пул жўнатганлар, деб ёзади «Взгляд» газетаси.

«Албатта, Россияга қарши санкциялар мигрантлар даромадини сезиларли даражада камайтириши ва қўшимча муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Уларнинг кўпчилиги ишсиз қолиши мумкин», деди Ҳакимов Карвонсаройга.

Юзага келаётган вазият шароитида Тожикистон хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун муқобил имкониятларга эга бўлмоқда», деди Ҳакимов.

«Биз миллий манфаатларимиз, фуқароларимизнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини оширишни ҳисобга олган ҳолда янги воқеликлардан оқилона ва асосли фойдаланишимиз зарур», деди у.

Туркманистон Россияга йилига 4 миллиард куб метрга яқин табиий газ сотади, дейди Англияда яшовчи туркманистонлик таҳлилчиси Какамурод Хидиров.

Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар Туркманистонда сезиларли оқибатларга олиб келади, деди Хидиров. Улар оддий туркманларнинг шундоқ ҳам катта бўлмаган даромадига ҳам таъсир қилади.

«Туркманистон миллий валютаси – манатнинг курси қўлда бошқарилади. Марказий банк доллар курсини пасайтирмоқда, шу билан манатни мустаҳкамлаяпти. Лекин Туркманистон етарлича маҳсулот ишлаб чиқармаётган бўлса, қандай қилиб манатни мустаҳкамлаш мумкин?» деб савол беради Ҳидиров Карвонсарой билан суҳбатда.

ЕОИИ билан боғлиқ хатарлар

Қозоғистон бозори ҳам азият чекмоқда. 2 март куни АҚШ долларининг тангага нисбатан курси 6,68 центга кўтарилиб, 492,21 тенгени ташкил этган.

Қозоғистондаги Public Policy Research Center маркази директори Меруерт Махмутованинг фикрича, охирги санкциялар Россия 2014-йилда Қримни аннексия қилганидан кейин жорий қилинган санкциялардан кўра кенгроқ қамровга эга.

Қозоғистон иқтисодиёти Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби Россия иқтисодиёти билан чамбарчас боғлиқ.

Махмутованинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг ташкил этилиши вазиятни янада оғирлаштирган, чунки аъзо давлатлар ўртасида божхона чегаралари йўқ.

Экспорт бозорларини йўқотгач, Россия товарлари Қозоғистон бозорига оқиб кела бошлайди, рублнинг кескин девалвацияси эса уларни янада арзонлаштиради.

Бу девалвация қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларни яскон қилиши мумкин, дейди у. 2022 йилгача ҳам Қозоғистоннинг Россия билан савдо балансида камомад бор эди, энди эса у фақат ошади.

«Россия компаниялари санкциялардан қочиш учун Қозоғистонга кўчиб ўтиши мумкин, худди Қрим аннексия қилинганида, 2014-2015 йилларда бўлгани каби. Бу ҳам Қозоғистон хавфсизлигига таҳдиддир», деди Махмутова.

Шунингдек, экспертнинг тахминига кўра, Россияда ишлаётган марказий осиёлик мигрантларнинг салмоқли қисми ватанига қайтишга мажбур бўлади. Уларнинг айримлари Қозоғистонга кўчиб ўтиши ва бу – меҳнат бозорида танглик келтириб чиқариши мумкин.

«Хомашё бозорларидаги юқори нархларга қарамай, рублнинг ортидан тенге ҳам қадрсизланади. Қозоғистон импортининг деярли 42 фоизи ва экспортининг 11 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади ва савдо баланси камомади ошиб боради», деди Махмутова.

Танганинг қадрсизланиши нархларнинг ошишига, инфляцияга ва аҳоли турмуш даражасининг пасайишига олиб келади, деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоғистон бу иттифоқни тарк этмаслиги ва унда аъзоликни тўхтатмаслиги керак. Қозоғистон Қирғизистон ва Тожикистонни тўплаб, ЕОИИ ва Божхона иттифоқи йиғилишини ўтказиши ва Украинага бостириб киргани учун Россияни, Озарбайжон ҳудудини босиб олгани учун Арманистонни Божхона иттифоқи ва ЕОИИдан чиқариб юбориши керак. Ва шу сабабларга кўра КХШТни тарк этиши ёки дастлаб унга аъзоликни тўхтатиб туриши керак.

Жавоб бериш