Карвонсарой
Намойишлар

Украинага босқин туфайли қозоғистонликлар Россия ОАВдан воз кечмоқда

Канат Алтинбаев ва AFP

6 март куни Олмаотадаги тинч намойишга 2000 дан ортиқ одам йиғилган бўлиб, тинчликни ёқловчи шиорлар ва Россия президенти Владимир Путинга қарши ҳайқириқлар янграган. [Малика Ауталипова/AFP]

6 март куни Олмаотадаги тинч намойишга 2000 дан ортиқ одам йиғилган бўлиб, тинчликни ёқловчи шиорлар ва Россия президенти Владимир Путинга қарши ҳайқириқлар янграган. [Малика Ауталипова/AFP]

ОЛМАОТА – Украинадаги воқеаларни кузатиб бораётган қозоғистонликлар Кремл ташвиқотини ёйинлаётган ёки бутунлай сукут сақлаётган Россия телеканалларидан ҳафсаласи пир бўлмоқда.

Олмаоталик мустақил ҳуқуқшунос, Осиё халқаро кабел операторлари уюшмаси ижроия кенгашининг собиқ раиси Антон Шин «Мир» телерадиокомпаниясини урушнинг авж палласида Украинадаги воқеаларни ёритмаётгани учун танқид қилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) қарашли бўлган «Мир» Россия ва бошқа собиқ Совет республикалари, шу жумладан Қозоғистон томонидан таъсис этилган.

Шундай экан, компания низомида таъкидланганидек, ушбу мамлакатлар фуқаролари «давлатларнинг фуқаролик ва сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти тўғрисида холис, адолатли ҳисоботни» кўриш ҳуқуқига эга, деб ёзади Шин 2 март куни Facebook саҳифасида.

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митингда плакат кўтариб турган намойишчи. [Малика Ауталипова/AFP]

6 март куни Олмаотада Украинани қўллаб-қувватлаб ўтказилган митингда плакат кўтариб турган намойишчи. [Малика Ауталипова/AFP]

У «Мир» раҳбариятидан Украинадаги жанглар ҳақида хабар бера бошлашни талаб қилган.

Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги «Қозоғистон Республикасининг ушбу компания билан ҳамкорлигини қайта кўриб чиқиши ва Қозоғистоннинг бу компания бизнесидаги молиявий иштирокини бекор қилишга қаратилган бошқа чораларни кўриши мумкин», деди у.

Кремл қўлловидаги телеканаллар Европанинг кўпмаданиятлилик ва либерал қадриятларига нисбатан нафрат уйғотувчи, аксилғарб ғояларини тарқатишга мўлжалланган Россия президенти Владимир Путиннинг асосий карнайидир, дейди Қозоғистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бюроси директори, олмаоталик Сергей Дуванов.

«Путинни Совуқ урушдаги мағлубият, Совет Иттифоқининг қулаши ва Россиянинг иқтисодий муваффақиятсизликлари қийнаб келади ва бу туйғуни у МДҲ, жумладан Қозоғистондаги кўп миллионли аудиторияга сингдиришга уринмоқда», деди у Карвонсаройга.

Россия телеканаллари Путинга қозоғистонликлар орасида бузғунчи ғояларни тарқатиш имконини берди, бу эса миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан бу тарғибот воситаларини олиб ташлаш ва уларни юқори сифатли қозоқча контент билан алмаштириш масаласини муҳим ўринга қўяди, деди у.

«Аммо Путин «миллатчи» Қозоғистондан ранжиши, кейин эса бу ерда ҳам Украина сценарийси такрорланиши хавфи мавжуд», деди у.

Қозоқ провайдери Россия телеканалларидан воз кечди

Қозоғистоннинг «Ремстройсервис» провайдери Украинадаги уруш туфайли Россия каналлари намойишини тўхтатди, деб хабар қилди КазТАГ янгиликлар сайти 28 феврал куни компания баёнотига асосланиб.

«Ҳурматли обуначилар: Биз уруш ва уруш ташвиқотига қаршимиз. Шунинг учун биз Россиянинг барча давлат телеканаллари кўрсатувларини вақтинча Хабар24 телеканалига алмаштирдик», дейилади компаниянинг Телеграм-каналида эълон қилинган баёнотда.

Қарағанда вилоятининг Шахтинск шаҳрида жойлашган «Ремстройсервис» интернет ва рақамли телевидение хизматларини тақдим этади.

«Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида номаълум манба Россиянинг бу каналлари частотасида Украинага қарши ташвиқот видеоларини узата бошлагани сабабли биз шундай қарорга келдик», деди «Ремстройсервис» ходими Карвонсаройга анонимлик шарти билан.

Маҳаллий томошабинлар Россия каналларининг ғойиб бўлганидан ранжигани йўқ.

«Ишончим комилки, бу сирли манба сўнгги кунларда ҳар қачонгидан ҳам жирканч, ёлғон ташвиқот билан шуғулланаётган Россия каналларининг ўзи», дейди Шахтинскда яшовчи тизим администратори Алибек Кўкпаев.

«Биз одатда кўнгилочар дастурларни томоша қиламиз, чунки уларнинг янгиликлари мияни заҳарлашдан бошқа нарса эмас», деди у.

«Украинадаги уруш Россия учун нозик масала, Кремл эса бу ерда Киевдаги «нацистлар», гўёки украин халқи уларнинг чангалидан қутқарилаётганига жамоатчиликни ишонтириш учун Қозоғистонда фаол ташвиқот олиб бормоқда», деди Кўкпаев.

Путин назоратидаги ОАВ ўз «аскарларини» йўқотмоқда

Сўнгги танқидлар Кремл назоратидаги ОАВнинг айрим журналистлари Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик сифатида истеъфога чиқиши ортидан юзага келган Россия ташвиқот маконидаги можаролар фонида янграган.

Кремл назоратидаги RT халқаро телерадиокомпанияси бош муҳаррири Мария Баронова босқин бошланганидан кўп ўтмай истеъфога чиққан.

«Бир ҳафта олдин мен ҳали ҳам «НАТО ҳамкорлари» ва «НАТО ташвиқоти» ҳақида ёзар, уларни лаънатлардим, хиёнат ва русофобия ҳақида гапирардим, демократик шизофренияни мазах қилардим – аммо якунда улар ҳақ, мен эса ноҳақ бўлиб чиқдим», деб ёзади Баронова 27 феврал куни Телеграм каналида.

Путиннинг тоталитар режими россияликларнинг ҳаётини «адоғи йўқ жаҳаннамга» айлантирди ва энди бу тизимни Украинага мажбуран экспорт қилишга уринмоқда, дейди у.

Берлинда жойлашган Россиянинг Ruptly давлат ахборот агентлиги ходимлари ҳам Украинага Путин буйруғи билан Россия қўшинлари бостириб кирганидан сўнг ишдан кетишни бошлаганлар, деб хабар беради Рейтер 28 феврал куни.

Ходимлар умумий мажлис чоғида уларга можаро ҳақида холисона хабар бериш, масалан, «босқин» сўзини ишлатишга рухсат берилмаганидан шикоят қилганлар.

Ruptly 2013 йилда RT ва бошқа мижозларга янгиликлар, жумладан, бутун дунёдан видеолавҳалар ва жонли эфирларни тақдим этиш мақсадида таъсис этилган.

Ruptly – Путиннинг иттифоқчиси Маргарита Симонян томонидан бошқариладиган халқаро медиа-империясининг бир қисми бўлиб, унинг таркибига RT ва Sputnik ҳам киради, деб қайд этади Reuters.

Симонян Россиянинг ташвиқот машинасида «марказий фигура» сифатида ўрин эгаллагани учун Ғарб санкциялари нишонига айланган.

Путинга қарши мисли кўрилмаган митинг

Дам олиш кунлари қозоқлар тинчлик йўлида митинг уюштириб, Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши намойиш ўтказдилар. Кўпчилик урушнинг Россия оммавий ахборот воситаларида қандай ракурсда ёритилаётганига эътироз билдирган.

Якшанба (6 март) куни Олмаотада Украина мадҳияси садолари остида 2000 дан ортиқ одам намойиш ўтказди, унда тинчликни ёқловчи шиорлар ва Путинга қарши хақоратли ҳайқириқлар янграган.

Қозоғистон одатда сиёсий намойишларни ўтказишга тўсқинлик қилади, бироқ собиқ совет давлатларида жамоатчилик кайфияти ўзгариб бормоқда ва кўпчилик Украина масаласида Ғарбнинг Россияга нисбатан мисли кўрилмаган санкциялари Москванинг иттифоқдошларини ҳам нишонга олади, деган тахминлардан хавотирда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги можарода ўзининг бетараф эканлигини таъкидлади ва ўтган ҳафта Британия парламенти депутати мамлакатда Путинга «шерик ва уни қўллаб-қувватловчи» шахсларга қарши санкция қўллашни талаб қилганидан кейин Британия элчисини музокарага таклиф қилди.

Маслаҳатлашувлар 28 феврал куни мухолифатдаги Лейбористлар партияси аъзоси, британиялик депутат Маргарет Хож Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трассдан «Қозоғистон ва Озарбайжон каби юрисдикцияга эга» мамлакатлардан бўлган шахсларга Россиянинг Украинага босқини сабаб санкциялар жорий қилинадими, деб савол берганидан кейин ўтказилган.

Трасс «Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар билан боғлиқ муаммоларни кўриб чиқишини» айтган.

Шанба куни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Украинага босқини муносабати билан мамлакат Буюк Британия томонидан санкцияларга дучор бўлмаслиги ҳақида Лондондан кафолатлар олганини маълум қилди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Украина ғалаба қозонади.

Жавоб бериш

Жирканч

Жавоб бериш

Ҳаммаси тўғри. Фашистик Россия ОАВ ҳамма жойда ёпилиши керак.

Жавоб бериш