Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Қозоғистон телевидение ва интернет провайдерлари Россиянинг ташвиқот каналлари трансляциясини тўхтатди

Ксения Бондал

Кремл назоратидаги «Россия 24» сайтидаги янгиликларни ўқиётган қозоғистонлик аёл, Олмаота, 19 октябр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Кремл назоратидаги «Россия 24» сайтидаги янгиликларни ўқиётган қозоғистонлик аёл, Олмаота, 19 октябр. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Кремлнинг ташвиқоти келтириб чиқарган ихтилофлардан хавотирга тушган Қозоғистоннинг интернет ва ТВ провайдерлари Россиянинг ташвиқот каналлари трансляциясини чеклади.

Мамлакатнинг энг йирик хусусий интернет провайдерларидан бири бўлмиш «Билайн Қозоғистон» 5 октябр куни ўз абонентларини Россиянинг 15 та канали, жумладан, «Биринчи канал МДҲ», «НТВ-Мир», «Россия 24» ва «Россия-К» каби асосий каналлар трансляциси тўхтатилганини маълум қилган.

Провайдернинг таъкидлашича, бу қарор томошабинлар хоҳиш-истакларининг ўзгариши туфайли қабул қилинган.

Аввалроқ, феврал ойида Қарағанда вилоятининг «Ремстройсервис» телекоммуникация компанияси Россия давлат телеканаллари трансляциясини тўхтатган эди.

«Ҳурматли обуначилар: Биз урушга ва уруш ташвиқотига қаршимиз. Шунинг учун биз Россиянинг барча давлат телеканалларининг кўрсатувларини вақтинча «Хабар 24»га алмаштирдик», деб эълон қилган Ремстройсервис 28 февралда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бир неча кун ўтиб.

Якунда каналлар трансляцияси 2 март куни қайта тикланган эди.

Россия телевидениеси журналистикадан кўра кўпроқ ташвиқот карнайига ўхшайди, дейди уральсклик ёзувчи, «Просто журналистика» (Шунчаки журналистика) YouTube-канали бош муҳаррири Лукпан Ахмедяров.

«Ҳатто сериаллар, спорт тадбирлари ва ҳажвий кўрсатувларда ҳам Россия телевидениеси ҳукумат сиёсатини тарғиб қилиб, россияликлар ва Осиё мамлакатларидан келганлар ўртасида адоватни кучайтиради», деди Ахмедяров Карвонсарой билан суҳбатда.

«Диққат билан назар солинса, буни англаш мумкин. Бундан келиб чиқадики, ахборот дастурларини эфирга узатишни чеклаш билан иш битмайди. Барча провайдерларимиз Россия ОАВ трансляциясини бутунлай тўхтатиши керак», деди Ахмедяров.

Қозоғистоннинг хатоси шундаки, бу иш анча олдин қилиниши керак эди, деб қўшимча қилди у.

Ахмедяровнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда Россия каналларини кўрадиганлар ва кўрмайдиганлар туфайли Россиянинг босқинига нисбатан жамоатчилик фикрида катта ихтилоф юзага келган.

«Афсуски, уруш бошлангунига қадар Россия каналларини кўрадиган одамларнинг онги россиялик ташвиқотчилар томонидан заҳарлаб бўлинган эди», дейди у.

Эндиликда қозоғистонлик контент ишлаб чиқарувчилар одамларга кўнгилочар ва мазмунли дастурлар, филмларни ўз ичига олган юқори сифатли муқобил контент тақдим этишлари зарур, деб қўшимча қилди у.

«Уларни самарали тарғиб қилиш ҳам керак. Ўз навбатида, давлат ҳам яхши мустақил телеканаллар яратилиши учун медиа соҳасидаги чекловларни юмшатиши лозим», деди Ахмедяров.

«Россия телевидениеси забт этган томошабинни урвоқлар билан боқиб бўлмайди.»

Очиқ ташвиқот

Matritca.kz коммуникация гуруҳи раҳбари Серик Мамбетов ҳам анчадан бери Қозоғистонда Россия каналларининг фаолиятига қарши бўлиб келган.

Қозоғистон ЕОИИ [Евроосиё иқтисодий иттифоқи] ва КХШТ [Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти] аъзоси бўлгани учун ҳукумат «катта эҳтимол билан уларни ўчирмаган», деди у.

«Аммо, очиқ ташвиқот аллақачон чегараларни кесиб ўтгани аниқ.»

«Бу «Соловьёвлар» ва «Симонянлар»нинг бари мутлақо сохта ва... журналистика стандартларига умуман алоқаси йўқ», деди Мамбетов Кремл томонидан қўллаб-қувватланадиган ТВдаги икки таниқли шахсни назарда тутиб.

Чимкентда яшовчи Татьяна Роговцева унинг оиласида мунтазам равишда жанжал келтириб чиқараётган Россия каналларини тақиқлаш ғоясини тўла қўллаб-қувватлайди.

«Турмуш ўртоғим Совет армиясида хизмат қилган ва у... Путиннинг қойилмақом лидер эканига, у ҳаммани забт этиб, америкаликларга рус аскарлари қанчалик жасур эканини исботлашига чин дилдан ишонади», деди у Карвонсаройга.

«Шу туфайли уйимизда тинимсиз тортишувлар юзага келади. Бу мен учун ёқимсиз, чунки мен урушга қаршиман», деди Роговцева.

Қозоғистонлик фаоллар 2000-йилларнинг бошларидаёқ компанияларни Кремлнинг ташвиқот каналлари трансляциясини чеклашга чақирган эдилар.

Олмаотада яшовчи жамоатчилик фаоли Дўс Кошим ушбу муаммо билан 2003-йилдан бери шуғулланиб келади. У Россия телеканаллари одамлар онгини заҳарлаши ҳақида огоҳлантирган.

Бундай каналларни томоша қилувчилар халқнинг келажаги ва орзу-умидларига бошқача қарайди, деди Кошим Карвонсаройга.

Кўпчилик «Россия оммавий ахборот воситаларининг Украина неонацистларига оид ва Донбасcдаги рус армиясининг иши тўғри экани ҳақидаги риторикасини такрорлай бошлади», деди Кошим. «Бунга сабаб, одамларнинг Россия информацион ахлатини истеъмол қилаётганидир.»

Кошим дунёда аллақачон кенг тарқалган амалиётга ишора қилган: ҳеч бўлмаганда, Россиядан келаётган ахборот оқимини назорат қилиш ёки уни бутунлай тақиқлаш.

Британия, Польша, Германия, Финляндия, Канада, АҚШ ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги провайдерлар RT каби очиқ ташвиқот билан шуғулланувчи ОАВдан воз кечишган.

«Бу иш тўғри, чунки улар кўплаб давлатлар, жумладан, ватанимиз Қозоғистон ҳақида ҳам дўстона бўлмаган маълумотларни тарқатмоқда», деб қўшимча қилди Кошим.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳеч кимнинг Америка ташвиқотини чеклашга ҳадди сиғмайди

Жавоб бериш

Нега унда Украина оммавий ахборот воситаларини тақиқлашмайди? У ерда ҳам ташвиқот тўлиб-тошиб ётибди. Бу бир томонлама қарор, Украина оммавий ахборот воситаларини ҳам ўчиринглар; улардаги ташвиқот ҳатто Россия оммавий ахборот воситаларидан ҳам баттарроқ.

Жавоб бериш

Уҳ, қандай ақлли гаплар! Сен ўзинг ташвиқот мутахассиси бўлсанг керак. Россия ва Украина ОАВларидаги иш тажрибанг ҳақида гапириб берарсан балки? Ёки шунчаки вентиляторга сўз ташлаб, нимадир илинишига умид қиладиганларданмисан? Ҳозирча ҳафсаласи пир бўлган россиялик ташвиқотчига ўхшаяпсан холос.

Жавоб бериш

Ҳа, гўё барча провайдерлар бир вақтнинг ўзида бир хил каналлар ва уларнинг сайтларини блоклаган, бу уларнинг ўз ташаббуси бўлган )) Мақола муаллифи, эҳтимол, ушбу сайт аудиториясини ахмоқ деб ўйласа керак. Бу борада у ўша нодон сиёсатшуносларга ўхшаб кетади.

Жавоб бериш

Тўғри. Руслар ўзининг «дилбузарини» томоша қилаверсин, бошқаларга керакмас.

Жавоб бериш