Карвонсарой
Таҳлил

Хитой мамлакат ичида Путинга хайрихоҳликни ошириб, хорижда Кремл ташвиқотини кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

29 ёшли украиналик эколог-педагог Лидия Жгир (чапда) ва техник ходим Валерия Литовка (ўнгда) Украинадаги можарога оид онлайн контентни муҳокама қилмоқда, 27 март куни Пекиндаги қаҳвахонада олинган сурат. Россия Украинага бостириб кирганидан бери Хитойдаги украин диаспораси Пекиннинг Москвага ён босишига қарши курашмоқда. [Ноэль Селис/AFP]

29 ёшли украиналик эколог-педагог Лидия Жгир (чапда) ва техник ходим Валерия Литовка (ўнгда) Украинадаги можарога оид онлайн контентни муҳокама қилмоқда, 27 март куни Пекиндаги қаҳвахонада олинган сурат. Россия Украинага бостириб кирганидан бери Хитойдаги украин диаспораси Пекиннинг Москвага ён босишига қарши курашмоқда. [Ноэль Селис/AFP]

Хитой дунёга ўзини Украинадаги урушнинг бетараф кузатувчиси қилиб кўрсатмоқда – Россия босқинини қораламаяпти, аммо халқаро миқёсда яккалаб қўйилган давлатга очиқ ёрдам беришдан ҳам чўчимоқда.

Воқеликда эса Пекин Москва номидан икки томонлама дезинформация урушини олиб бормоқда.

Пайшанба (14 апрел) куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзян Пекин позициясининг «холис ва бетарафлиги» ҳамда «тарихнинг тўғри тарафида» эканини таъкидлаган.

Унинг бу баёноти АҚШ молия вазири Жанет Эллен Ғарбнинг аксилроссия санкцияларида иштирок этмаётган Хитой иқтисодий оқибатларга дучор бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганидан бир кун ўтиб янграган.

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин 4 феврал куни Пекиндаги учрашув чоғида суратга тушмоқдалар. Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирганидан бери Хитой унинг тарафида бўлиб турибди. [Алексей Дружинин/ Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин 4 феврал куни Пекиндаги учрашув чоғида суратга тушмоқдалар. Россия 24 феврал куни Украинага бостириб кирганидан бери Хитой унинг тарафида бўлиб турибди. [Алексей Дружинин/ Sputnik/AFP]

У Хитойни «урушни тугатишга ёрдам беришга» чақирар экан, тезроқ ҳаракат қилмаса, Пекин «дунёнинг Хитойга муносабати ва унинг кейинги иқтисодий интеграцияни қабул қилишга шайлиги» ёмонлашиб кетиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Пекин ўзининг яқин иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш ва Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бевосита бузишдан тийилиш орқали Ғарб билан алоқаларни сақлаб қолиш ўртасида дипломатик мувозанатни сақлаб турибди.

Аммо март ойида Европа ва дунёнинг бошқа мамлакатларида Россия давлат ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларининг блокланиши ёки чекланиши ортидан Кремл ташвиқоти зарбага учрар экан, Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Кремл нуқтайи назари учун қудратли кучайтиргичга айланди.

Шу билан бирга, Хитой коммунистик партияси (ХКП) мамлакат ичида Ғарб гегемонлигининг азалий жабрдийдаси деб кўрилган Россияга хайрихоҳлик уйғотишга қаратилган кампания олиб бормоқда.

Кремл ташвиқот тақиқларини четлаб ўтмоқда

Россиянинг Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай, Европа комиссияси Россия давлат оммавий ахборот воситаларини тақиқлаганини эълон қилди. Facebook, Twitter, TikTok ва YouTube ҳам Кремл назоратидаги ОАВ, жумладан RT ва «Спутник»ка киришни ёпди ёки чеклади.

Натижада, Москва зўр бериб айланма йўлларни топишга уринди.

Мустақил журналистларнинг аниқлашича, Кремлпараст қарашларни илгари суриш учун TikTok тармоғидаги инфлюенсерларга пул тўланиши билан боғлиқ мувофиқлашган схема борлиги маълум бўлган. Washington Post нашрининг 8 апрел кунги хабарига кўра, яна бир ҳолатда Trementum Analytics тадқиқотчилари YouTube тармоғидаги Украинага оид видеолар остида россияпараст тролларнинг спам юбораётганини аниқлаган.

Россиянинг дунё мамлакатларидаги элчихоналари ҳам ўз платформаларидан фойдаланиб, Twitter, YouTube, Facebook ва Телеграмдаги ўн минглаб обуначиларга дезинформация тарқатгани маълум бўлди.

Камроқ чекловларга учраган Телеграм оммабоп танловга айланди. Исроилнинг FakeReporter дезинформацион тадқиқот гуруҳи маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери Россия элчихоналари 65 та янги Телеграм каналини очган.

«Ҳукуматлар ва технологик платформалар Россия ташвиқотини тақиқлаш ёки чеклашга ўтаётган бир пайтда, Кремлпараст тезислар инфлюенсерлар ва ишончли вакиллар, жумладан, Хитой расмийлари ва давлат оммавий ахборот воситалари орқали ёйинланмоқда», деб айтган Хитой ва Россия давлат оммавий ахборот воситаларини кузатиб борадиган «Маршалл» АҚШ-Германия жамғармасида жойлашган Демократияни таъминлаш алянсининг ахборот манипуляцияси гуруҳи катта илмий ходими ва раҳбари Брет Шафер.

Хитой нашрлари «Россия давлат оммавий ахборот воситаларига нисбатан қўйилган чекловларга дуч келмаяпти», деди у Washington Post билан суҳбатда.

«Бу Кремлга Россия ташвиқоти тарқалишини чеклашга қаратилган тақиқларни самарали четлаб ўтишга имкон берди.»

Хитойнинг «кучайтиргичлари»

Таҳлилчиларга кўра, Хитой оммавий ахборот воситалари Россия ташвиқотининг энг йирик тарқатувчиларидир.

Британиянинг рақамли адоватга қарши кураш бўйича нотижорат маркази маълумотларига кўра, Хитойнинг тўртта етакчи давлат нашри – CGTN, Global Times, Xinhua News ва T-House биргина Facebook ижтимоий тармоғида 283 миллион обуначига эга бўлган улкан аудиторияни қамраб олади.

Демократияни таъминлаш алянси маълумотларига кўра, Хитойнинг давлат назоратидаги каналлари биргина Facebook ижтимоий тармоғида умумий ҳисобда бир миллиарддан ортиқ обуначига эга, гарчи мамлакатда бу ижтимоий тармоқ тақиқланган бўлса ҳам.

Хитой оммавий ахборот воситалари ва расмийлари Украинага нисбатан Кремл афзал кўрган атамалардан фойдаланишда эҳтиёткорлик билан йўл тутди.

Россия президенти Владимир Путин 24 феврал куни Украинага ҳужум бошланганини эълон қилар экан, Синхуа бу «ҳарбий операция» эканлиги ва Москва Украина ҳудудини босиб олиш «ниятида эмаслигини» таъкидлади.

Феврал ойида интернетда тарқаган, давлатга алоқадор нашр учун чиқарилган йўриқномада ҳам Россия учун ноқулай ёки ғарбпараст мазмундаги хабарларни чоп этмаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Хитой нашрлари томонидан тарқатилган бошқа ёлғон нарративлар орасида можарода НАТОнинг «шарқ томон кенгайиши»ни айбловчи неонацистларнинг лавҳалари ва Россиянинг Украинага босқинини АҚШнинг Ироқ, Сурия ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларига тенглаштиришга уриниш ҳам бор.

Хитой каналлари АҚШ Украинада биологик қурол лабораторияларини бошқараётгани ва украиналик неонацистларнинг болалар касалхонасини бомбардимон қилгани ҳақида ёлғон хабар тарқатган – аслида у Россия қўшинлари томонидан бомбаланган.

Хитойнинг Шимолий Ирландиядаги бош консули ҳам Твиттерда Россия давлат ОАВ Украина президенти Владимир Зеленский Полшада яширингани ҳақида ёлғон хабар берганини ёзди.

Путин – «қаҳрамон»

Айни пайтда Хитойда ХКП томонидан суратга олинган Путинни расмийлар орасида «қаҳрамон» қилиб кўрсатувчи ҳужжатли филм тарқалди, деб ёзади New York Times 4 апрел куни.

Эмоционал мусиқа ва тасвирлардан иборат ушбу ҳужжатли филмда россияликларнинг совет тарихига оид ватанпарварлик ғурурини ҳамда Иосиф Сталиннинг уруш даври буюк етакчиси сифатидаги обрўсини тиклагани учун Путинга мақтовлар айтилган.

Унда таъкидланишича, Сталин даврига оид тозалашлар чегарадан чиқиб кетган бўлса-да, улар Совет ҳокимиятига таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда аввал-бошдан «зарурий чора» бўлган.

Ел университетининг тарихчиси ва ёзувчиси Тимоти Снайдерга кўра, Сталиннинг 1930-йиллардаги «Буюк террори» даврида совет диктатори уч миллионга яқин фуқарони ГУЛАГ меҳнат лагерларига жўнатган ва унинг сиёсатига қарши чиққани ёки содир этмаган турли жиноятлари учун камида бир миллион фуқарони қатл этган.

1930-1933 йиллардаги очарчилик вақтида беш миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Айрим тарихчилар Совет Иттифоқи бўйлаб 20 миллион одамнинг ўлимини Сталин ҳукмронлиги билан боғлайдилар.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги қатор филмлар, тарихий китоблар ва суд жараёнлари Сталиннинг шафқатсиз мероси ҳақидаги хабардорликни оширган.

ХКП ҳужжатли филми ўтган йили якунланган бўлиб, унда Украинадаги уруш тилга олинмаган, лекин Россия ўзининг собиқ совет Иттифоқи бўйича қўшнилари ҳақида қайғуриши тўғри эканлиги таъкидланади.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин, дейилади унда, «Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказортидаги айрим давлатлар Ғарбнинг Россияни тийиб туриши ва унинг ишларига аралашиши учун асосий баҳонага айланди».

«Ядровий қуролдан ташқари, Ғарбнинг энг кучли қуроли – мафкуравий курашда қўллаётган усулларидир», дейди ҳужжатли филмнинг дағал овозли сухандони россиялик олимлардан бирининг фикрини ифодалаб.

Огоҳлантириш

Пекин анчадан бери Советлар инқирозини огоҳлантириш сифатида қўллаб келади, аммо президент Си Цзинпин уни янада мудҳиш қилиб кўрсатган.

«Аслида улар рангли инқилоблар ҳақидаги ўз талқинларга ишонадилар ва бу ҳолатни Путинни ағдариш учун АҚШ раҳбарлигидаги рангли инқилоб деб билишади», дейди Вашингтондаги Хитой стратегияси гуруҳи президенти ва Марказий разведка агентлигининг Хитой сиёсати бўйича собиқ таҳлилчиси Кристофер Жонсон.

«Си ҳукуматга келганидан бери мамлакат ичида ва халқаро миқёсда ушбу нотинч талқинни илгари суриб келади», деб айтган Жонсон New York Times нашрига. «Бу унга ҳокимиятда куч тўплаш ҳамда кураш ва хавф туйғусини яратиш орқали ўзи қилган ўзгаришларни оқлаш имконини беради.»

Ҳужжатли фильмдан ташқари, Хитой университетлари талабаларга Украинадаги уруш ҳақида «тўғри тушунча» бериш бўйича дарсларни ташкиллаштирганлар.

Бундай мафкуравий маърузалар расмийларнинг ёш, ўқимишли хитойлилар Пекиннинг Россия борасидаги позициясини танқид қилишга мойиллигидан хавотирда эканлигини кўрсатади.

Партияларда айрим норозиликлар кўзга ташланаётгани сабабли Пекиннинг хавотирланиши ўринли.

Кўплаб сиёсий алоқаларга эга шанхайлик олим Ху Вей 12 март куни US-China Perception Monitor веб-сайтида чоп этган очеркида Пекиннинг Путинни қоралашдан бош тортаётганини танқид қилган.

Интернетда тарқаб кетган ушбу очерк айрим муштарийларнинг олқишларига сазовор бўлган. Ҳукумат Хитойда блокланган бу сайтни ижтимоий тармоқларда ҳам цензуралашга ҳаракат қилган.

Украинадаги уруш Хитой ичида «кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда, уни қўллаб-қувватловчилар ва унга қаршиларни бир-бирига зид қутбларга қўймоқда», деб ёзади Ху.

«Хитой Путинга боғланмай, ундан имкон қадар тезроқ узоқлашиши керак», деб огоҳлантирган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Вовка [Путин] Хитойга Узоқ Шарқдаги улкан ҳудудларни ваъда қилган бўлса керак.

Жавоб бериш

Шунақага ўхшайди, ёки Хитой Россиянинг уруш туфайли бутунлай заифлашишини кутади ва гўёки Россияга ёрдам бергандек бўлиб, мамлакат шарқидаги айрим ерларни тортиб олади. Кейин Хитой у ерда заводлар қуради ва Путинга берган ваъдаларини унутади.

Жавоб бериш

Коммунистлар бу коммунистлар. Улар азалдан озодликнинг душмани бўлиб келган, шундай бўлиб қолишди. Улар Ғарб бизнесининг очкўзлиги ва аҳмоқлигидан ўз манфаати йўлида қандай фойдаланишни билади.

Жавоб бериш

Коммунизм кўп йиллар, ҳатто ўнлаб йиллар давомида Хитойнинг утопик орзуси бўлиб келган. Лекин, улар ўз орзулари нимани англатишини луғатдан кўрмай, ўз мамлакатлари ва сайёранинг бойликларини сўриб оладиган навбатдаги бир партия диктатурасини барпо қилдилар.

Жавоб бериш

Қизиқ, Хитой неча миллиард эвазига бу ифлос ишга рози бўлдийкин?

Жавоб бериш

Одамларни нимагадир ишонтириш қанчалик осон эканлиги ҳайратланарли. Маълумотни шунчаки ўзингга керакли кўринишда тақдим этиб, бошқа манбаларни узиб қўйишнинг ўзи етарли. Ўзларидаги миллиардлар билан хоҳлаган нарсани қилишади ва дунёнинг қолган қисми бу ҳақда билмайди ҳам. Шу тариқа улар Россияда қўлланган ташвиқот билан одамларни заиф ва қарам, қўрқоқ бўлиш ажойиб ғоя эканига ишонтирадилар.

Жавоб бериш