Карвонсарой
Сиёсат

Махфий ҳисоботга кўра, Хитой Россиянинг босқинчилик режасидан хабардор бўлгани айтилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Ўт ўчирувчилар Украинанинг Харков шаҳрида Россия томонидан ўққа тутилган Каразин номидаги Харков миллий университетининг иқтисодиёт факултети биносида юз берган ёнғинни ўчирмоқда, 2 март. [Сергей Бобок/AFP]

Ўт ўчирувчилар Украинанинг Харков шаҳрида Россия томонидан ўққа тутилган Каразин номидаги Харков миллий университетининг иқтисодиёт факултети биносида юз берган ёнғинни ўчирмоқда, 2 март. [Сергей Бобок/AFP]

ВАШИНГТОН – Бир неча ҳафта давом этган инкор ва дипломатик ваъдаларга қарамай, Россиянинг Украинадаги босқинчилик уруши аввалдан режалангани ва Хитой ундан хабардор бўлганини тасдиқловчи далиллар кўпайиб бормоқда.

Хитой учун дунёдаги тинчлик сақлаш эмас, балки Россиянинг кичикроқ қўшнисига бостириб кириши ҳақидаги хабарлар туфайли қишки Олимпия ўйинлари барбод бўлмаслиги устувор масала эди, деб ёзади The New York Times нашри чоршанба (2 март) куни.

«Хитойлик юқори мартабали мулозимлар феврал ойи бошида Россиянинг юқори мартабали амалдорларига Пекиндаги қишки Олимпиада якунланмагунича Украинага бостириб кирмасликни айтганлар», деб ёзади Times Ғарб разведка идорасининг махфий ҳисоботи билан таниш бўлган АҚШ мулозимлари ва Европа расмийсига таяниб.

AFP ва Times хабарларига кўра, бу хабар ошкор бўлганидан хижолатда қолган Хитой Россиядан босқинни Пекиндаги қишки Олимпиада ўйинлари якунига қадар қолдиришни сўраганини бир неча бор рад этган.

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин 4 феврал куни Пекиндаги учрашув чоғида суратга тушмоқдалар. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин 4 феврал куни Пекиндаги учрашув чоғида суратга тушмоқдалар. [Алексей Дружинин/Sputnik/AFP]

Қишки Олимпия ўйинлари 4 февралда бошланиб, 20 февралда якунланди. 24 феврал куни Россия кучлари бир неча жабҳадан Украинага бостириб кирди.

Иккиюзламачилик ва шериклик

Ҳисоботда Россия ва Хитойнинг давомли иккиюзламачилиги ва шерикчилиги таърифланади.

«Юқори мартабали хитойлик амалдорлар ўтган ҳафта босқин бошланишидан олдин Россиянинг урушга оид режалари ёки ниятлари ҳақида маълум даражада бевосита маълумотга эга бўлган», деб ёзади Times махфий разведка ҳисоботидан иқтибос келтириб.

Россия етакчиси Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзинпин 4 феврал куни Пекинда музокара ўтказиб, глобал сиёсий ва ҳарбий тартибнинг «янги даврида» бир сафда бўлишга ваъда берган эдилар.

«Икки давлат ўртасидаги дўстлик чегараланмаган», дейилади уларнинг учрашувдан сўнг эълон қилган қўшма баёнотида. «Ҳамкорликда тақиқланган соҳалар йўқ».

Бундан ташқари, босқин олдидан Россия қўшинларининг Узоқ Шарқдан уруш ҳудуди томон ҳаракатланиши «Россия ва Хитой расмийлари ўртасидаги ишончнинг юқори даражасини» намойиш этган.

Ўтган йил бошида Украина чегарасида Россия қўшинлари тўплана бошлаганидан бери Кремл расмийлари қўшинлар у ерда фақат машғулотлар ўтказишини таъкидлаган эди.

Ноябр ойидан АҚШ расмийлари хитойлик ҳамкасблари билан разведка маълумотларини алмаша бошлаган ва улардан Россия босқинининг олдини олишга ёрдам беришни сўраганида, хитойликлар бу воқеа юз бермаслигини таъкидлаган эдилар.

Бундан ҳам ёмони, декабр ойида АҚШ расмийларига келиб тушган разведка маълумотларига кўра, «Пекин Москва билан маълумот алмашиб, русларга Қўшма Штатлар низо келтириб чиқаришга уринаётгани ва Хитой Россиянинг режаларига тўсқинлик қилмаслигини айтган», деб ёзади Times.

Босқин ортидан Хитой ҳукумати ҳам ваҳимали тарзда Тайван Хитойнинг бир қисми эканлигини қайта таъкидламоқда.

«Тайван ҳар доим Хитой ҳудудининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу рад этиб бўлмайдиган тарихий ва юридик факт», деб баёнот берди ТИВ матбуот котиби Хуа Чунйин 23 феврал куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Путин ўз қилмишини такрорлади

Украинага 2022 йилдаги босқин Путин режимининг Олимпиада вақтида уруш режалаши билан боғлиқ учинчи ҳолатдир.

2008 йилда Пекиндаги ёзги ўйинлар вақтида Путиннинг Грузияга бостириб киргани «айрим Хитой расмийларини ранжитган», деб ёзади Times. Бу йил у Хитойни бошқа ранжитишни истамай, қишки Олимпия ўйинлари тугашини кутди.

Путин ўз намойиши – 2014 йил Сочидаги қишки ўйинларга доғ туширмади ва илк марта Украинага бостириб кириш ва Қримни эгаллаб олиш учун ўша йили Олимпиада тугашини кутди.

Россияни қўллаш билан Хитой якуний ҳисобда яккамохов давлатни қўллаб-қувватлади.

Чоршанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Россиянинг Украинадан «зудлик билан» чиқиб кетишни «талаб қилувчи» резолюцияни қабул қилди, деб хабар беради AFP.

Мажбурий кучга эга бўлмаган резолюцияни 193 давлатдан 141 таси ёқлаган.

Бетараф қолган 35 давлат ичида Хитой ҳам бор, фақат беш мамлакат – Эритрея, Шимолий Корея, Сурия, Беларус ва Россия резолюцияга қарши овоз берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хитойга унинг қўлга ўргатилган ити буйруқ билан вовуллаши керак.

Жавоб бериш