Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ Россияни Украинага бостириб киришнинг жиддий оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Карвонсарой ва AFP

image

2020 йилда Россия жанубидаги ҳарбий машғулотлар пайтида чанг-тўзон ичидан юриб ўтаётган рус зобити. [Димитар ДИЛКОФФ/AFP]

РИГА, Латвия – Вашингтон Россиянинг Украинага бостириб киришни режалаётганига оид «далилларни» кўрмоқда, деди чоршанба (1 декабр) куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳужум қилган тақдирда Москвага оғир иқтисодий санкциялар билан таҳдид қилиб.

Стокголмда россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан инқироз юзасидан музокара ўтказишга ҳозирлик кўраётган Блинкен Москвани Украина чегараси яқинида «ўн минглаб қўшимча жанговар кучларни» тўплашда айблаган.

2014 йилда Москва Қримни Украинадан аннексия қилиб олганидан бери Россия билан чегарадош икки ҳудуддаги россияпараст айирмачилар билан Украина армияси ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда.

«Россиянинг Украинага қарши жиддий тажовузкор чоралар режасини тузгани ҳақидаги далиллардан чуқур ташвишдамиз. Бу режалар Украинани ичидан беқарорлаштириш, шунингдек кенг миқёсдаги ҳарбий операциялар ўтказишни ўз ичига олади», деб айтган Блинкен Латвиянинг Рига шаҳрида НАТО ташқи ишлар вазирлари билан учрашув чоғида.

image

Украина шарқида Россия қўлловидаги айирмачилар билан уруш давом этаётган маҳал Донецк вилоятининг Авдеевка шаҳри яқинидаги дала истеҳкомида турган украин аскарлари, 2019 йил, 29 март. [Анатолий Степанов/AFP]

«Ҳозир биз президент Путин мамлакатга бостириб киришга қарор қилгани ёки йўқлигини билмаймиз. Агар у шундай қарорга келса, бу ишни қисқа муддат ичида амалга оширишга имкон яратаётганини биламиз», деб айтган у.

«Узоққа борувчи оқибатлар»

Блинкен «бу эҳтимолий инқирозни дипломатия орқали ҳал қилиш – ягона тўғри йўл» эканлиги, аммо Москванинг агрессияни давом эттириши «узоқ муддатли оқибатларга» олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтган.

«Биз Кремлга қатъий чоралар билан жавоб беришимиз, жумладан аввал қўлламанган бир қатор самарали иқтисодий чораларни кўришимизни билдирдик», деб айтган Блинкен.

Киевнинг ғарбий иттифоқчилари ўтган ойдан бери Украина чегараси бўйлаб Россия аскарлари тўпланаётгани ва қишда бостириб кириш эҳтимоли ҳақида хавотир билдириб келган.

Россия ҳужумга тайёргарлик кўраётганини қатъий рад этиб, НАТОни кескинликни кучайтиришда айблаган.

Ўз навбатида Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат шарқидаги Россия қўллаб-қувватлаган айирмачилар билан авж олаётган низолар борасида Москва билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб боришга чақирди.

«Россия билан бевосита музокара олиб бормай урушни тўхтата олмаслигимизни тан олишимиз керак», деб айтган Зеленский Киевда депутатларга ҳар йилги мурожаати чоғида.

2014 йилда Украина ва россияпараст айирмачилар ўртасида бошланган уруш оқибатида 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ажралиб чиққан иккита ҳудудда бўлгинчилар тарафидан «Халқ республикалари» шакллантирилган.

Россия зўравонлигига қарши ҳимоя

Путин Ғарб ва Киевни «қизил чизиқни» кесиб ўтаётгани ҳақида огоҳлантирган, аммо НАТО иттифоқчилари «Украина ўзини ҳимоя қила олиш воситаларига эга эканлигига амин бўлмоқда», деб айтган Блинкен Ригада.

НАТО шарқий қанот бўйлаб кучларни фаоллашаётганини кузатар экан, иттифоқ «Россиянинг агрессияси юз берган ҳолатда ўз мудофаасини кучайтириш учун нималар қилиш зарурлигини кўриб чиқади», деб айтган у.

Россия Қримни назоратга олган пайтда қўллаган «сценарийдан» фойдаланмоқда, жумладан Киевни «зўравон» қилиб кўрсатиш орқали «дезинформацияни» кучайтирмоқда, деб айтган Блинкен.

Кремлнинг кенг қамровли дезинформация кампанияси дунё бўйлаб COVID-19, бошқа давлатлардаги сайловлар ва бошқа мавзулар борасида ёлғон ахборот тарқатиб келган.

ЕИ ташқи сиёсати раҳбари Хосеп Боррел ҳам блок «ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига путур етказишга қаратилган ҳар қандай уринишлар олдида Украина билан қатъий бирга туришига» ваъда берган.

«Украинага қарши ҳар қандай тажовузга қарши қатъий жавоб қайтарилишини аниқ кўрсатиш учун барча чоралар кўрилмоғи зарур.»

Европани парчалашга уриниш

Чоршанба куни Латвия бош вазири Россияни Украина инқирози ёрдамида Европани парчалаш ва беқарорлаштириш йўлларини излаётганликда айблаган.

Бош вазир Кришянис Каринш AFP билан суҳбатида ҳарбийларнинг тўпланишини «хавотирли» ҳолат деб атаб, буни газ етказиб беришга тўсқинлик қилиш, Беларус режимини қўллаб-қувватлаш ва дезинформация каби Кремл томонидан олиб борилаётган ўзаро боғлиқ ҳаракатларнинг навбатдагиси эканлигини қўшимча қилган.

Октябр ойида табиий газ нархларини ошириш орқали Россия Молдовани Кремлга мойил сиёсатни қабул қилишга мажбурлай олмади.

НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирларини Ригада ўтган мажлисидан кейин чиқиш қилар экан, Каринш Россиянинг хатти-ҳаракатларига қарши альянснинг шарқий қанотида НАТОни ўз ҳозирлигини кучайтиришга чақирди.

«Буларнинг бари Европада беқарорлик ёки тарқоқликни келтириб чиқаришга қаратилган ўзаро боғлиқ ҳодисалар каби кўринмоқда», деб айтган Каринш.

Путиннинг стратегияси масаласида у шундай деди: «Путиннинг Совет Иттифоқига ўхшаш русийзабон империяни қайта тиклаш ғояси асосий кун тартибида эканлигига ишонаман.»

«Агар Россия қаршиликка учрамаслигини билганида, ҳарбий низо келиб чиқиш эҳтимоли катта бўларди», деб қўшимча қилган у.

Россиянинг НАТО ва Европани парчалаш ҳаракати Европа Иттифоқини яна «бирлаштирди» – альянснинг Ригадаги учрашуви буни тасдиқлайди, деб таъкидлади у.

Россиянинг тажовузи юз берган ҳолда «ҳарбий альянс сифатида НАТОнинг албатта имкониятлари кенг», «кучайтирилган ва мақсадли, ҳатто кенг қамровли иқтисодий санкциялар» қўлланиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 6

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия думини қисиб қочди :)))

Жавоб бериш

Россия Украинага ҳужум қилмайди, бу ҳақда ёзгандим. У буни истайди, лекин қўлидан келмайди. Россиянинг дами қайтмоқда.

Жавоб бериш

Одамлар, уруш хавфини тўхтатинг, огоҳ бўлинг! Ҳаммамиз учун битта сайёра ва битта Қуёш бор! Дунёни асранг!

Жавоб бериш

Россия Украина чегараси яқинида 100000 га яқин аскар йиққан. Путин буни жуда катта рақам деб ўйласа керак, лекин Украина армиясида 200 минг аскар бор. Бундан ташқари, захирада яна 100 000 қўшин. Шундай экан, Россия ҳужум қилиш учун аскарларини сонини ўн баробар ошириши керак.

Жавоб бериш

Россия Украинага кирмайди. Кучи етмайди, ҳозир 2014 йил эмас, у вақтлар ўтиб кетган.

Жавоб бериш

Украина кучли

Жавоб бериш