Шу ҳафта бошида Польшага келиб тушган ракета Россияга тегишли бўлмаса-да, ҳодиса Москва кучлари Украина аҳолиси ва инфратузилмасига зарбалар бераётган пайтда содир бўлгани сабабли бунга Кремл жавобгар, дейди бир қатор Ғарб мамлакатлари расмийлари.
Икки кишини ҳалок қилган ва Украина низосининг кескинлашувига оид хавотирларни кучайтирган сешанба (15 ноябр) кунги портлашга дастлаб Россия ракетаси сабаб бўлгани айтилган, аммо кейинчалик Польша бу Киев томонидан учирилган ва йўлида адашган ер-ҳаво ракетаси бўлгани ҳақида хабар берган.
«Биз маълумот тўплашда яқин иттифоқчимиз Польша ва бошқалар билан ишлашда ҳамда НАТОдаги иттифоқдошларимиз ва қадрли ҳамкорларимиздан маслаҳат олишда давом этамиз», деб айтган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин чоршанба куни Киевни қўллаб-қувватловчи ўнлаб мамлакатлардан иборат Украина мудофааси алоқа гуруҳининг виртуал учрашуви олдидан.
«Бу ҳодиса қандай вазиятда юз берганини биламиз. Россия жанг майдонида кетма-кет муваффақиятсизликка учрамоқда ҳамда Украина фуқаролари ва фуқаролик объектларини мўлжалга олмоқда», деб қўшимча қилган у.
Украина алоқа гуруҳи учрашувида иштирок этиши керак бўлган НАТО раҳбари Йенс Столтенберг «Бу Украинанинг айби эмас» дея очиқчасига Россияни айблаган.
«Украинага қарши ноқонуний уруш олиб бориш давом этар экан, якуний жавобгарлик Россиянинг зиммасидадир», деди у ўзининг раислигида ўтган НАТО элчилари учрашувидан сўнг.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен пайшанба куни Бангкокда бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани саммитида журналистларга мурожаат қилиб, украиналик ҳамкасби билан тергов бўйича яна суҳбатлашишини айтган. «Якуний хулоса қандай бўлишидан қатъи назар, биз бу фожиа учун Россия жавобгар эканлигини аллақачон биламиз.»
«Россия муҳим инфратузилмани йўқ қилиш, мамлакатнинг кундалик ҳаёт тарзини таъминловчи электр қуввати, иссиқлик таъминоти объектларини нишонга олиб, ҳУкраинага ракета ёғдираётганига ҳар куни гувоҳ бўлмоқдамиз», деб айтган у.
Ракеталар «ёмғири»
Киевга кўра, сешанба куни Россия миллионлаб одамни электр қувватисиз қолдириб, Украинага қарата ўнлаб ракеталар учириши ортидан Польшанинг шарқий ҳудудида портлаш юз берган.
Киевга турли ракета тизимларини тақдим этган Украинанинг иттифоқчилари бу каби зарбаларга қарши бир нечта босқичли ҳаво мудофаасини яратиш ниятида.
Остин чоршанба куни Вашингтон юборган илғор NASAMS тизимлари Украинада қўлланилаётгани ҳақида хабар берган.
«Кремл Украинани шафқатсиз бомбардимон қилишни, жумладан, кечаги ҳужумларни ҳам давом эттирар экан, ҳозирда бизнинг NASAMS ҳаво мудофаа тизимларимиз ишлаб турибди ва улар Россия ракеталарини тўхтатишда 100 фоизлик муваффақиятга эришди», деб айтган у.
«Биз Россия ўзининг ракета террори ва унинг Украина, Полша ва Молдова ҳудудидаги оқибатлари учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олиши кераклиги ҳақидаги фикрга қўшиламиз», деб ёзган Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Твиттерда.
Чоршанба куни Полша президенти Анжей Дуда буни «бахтсиз ҳодиса» деб атади ва ракета Украина ҳаво мудофааси тизимларидан учиб келганига қарамай, ушбу зарба учун Россия жавобгар эканлигини айтди.
«Бу Польшага қарши қасддан содир этилган ҳужум эканлигига ҳеч қандай ишора йўқ», деб айтган Дуда.
Брюсселда йиғилган Европа Иттифоқи дипломатлари Украинанинг энг яқин дўстларидан бири ва Россиянинг ашаддий душмани бўлган Варшавани вазмин жавоби учун олқишладилар.
Столтенберг НАТО Украинадаги урушга жавобан шарқий қаноти бўйлаб мудофаани кучайтирганини маълум қилар экан, иттифоқнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишламай қолгани ҳақидаги хабарларни инкор этган.
НАТО раҳбари Польша Ғарб мамлакатлари иттифоқи битимининг тўртинчи моддасини қўлламаганини айтган, унга кўра аъзо мамлакатлар «томонлардан бирининг ҳудудий яхлитлигига, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлигига таҳдид қилинган ёки йўқлигини» муҳокама қилиши керак бўлар эди.
НАТОнинг энг қудратли аъзоси – АҚШнинг Полшада юзлаб аскарлари бор ва у Киевдаги Владимир Зеленский ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун қурол етказиб беришда Ғарбга етакчилик қилмоқда.
«Ҳарбий жиноятлар»
Россия Украинага 24 феврал куни ҳужум қилган ва жанг майдонидаги бир қатор муваффақиятсизликларига қарамай, ҳали ҳам бир қанча ҳудудларни эгаллаб турибди.
Ушбу можаро Украина билан 530 километрлик умумий чегарага эга ва Совет даври ҳақидаги хотиралар сақланиб қолган қўшни Полшада чуқур хавотир уйғотган.
АҚШнинг нуфузли ҳарбий зобити, генерал Марк Милли сўнгги зарбалар урушнинг энг оғир зарбаси бўлиши мумкинлигини айтиб, фуқаролик инфратузилмасининг нишонга олинишини қоралади.
«Фуқаролик электр тармоқларини атайин нишонга олиш, тинч аҳолига ортиқча зарар ва кераксиз азоб-уқубатларни келтириб чиқариш уруш жиноятидир», деб айтган Милли.
Пойтахт Киевда камида бир кишининг ҳаётига зомин бўлган зарбалар Украина ва қўшни Молдовада кенг миқёсдаги электр таъминоти узилишларига сабаб бўлган.
Электр қувватининг ўчиши Европадаги энг йирик атом энергетика иншооти – Запорожье ҳамда бошқа кичикроқ станцияларнинг электр энергиясини ташқаридан олиш имкониятини вақтинча тўхтатди.
«Кечаги энергия ўчиши Украинадаги ядровий хавфсизлик билан боғлиқ вазият тўсатдан ёмон томонга ўзгариши ва ядровий фавқулодда вазият хавфини ошириши мумкинлигини кўрсатмоқда», деб айтган чоршанба куни Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаел Мариано Гросси.