Карвонсарой
Хавфсизлик

«Гуманитар даҳшат»: Россиянинг ракета ҳужумлари туфайли Украинада иссиқлик ва энергия таъминоти узилмоқда

Олга Чепил ва AFP

Cуратда: Россиянинг Украинага босқини чоғида Киевга уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг ёнаётган муҳим энергетик объект. 19 декабр куни эрта тонгда Украина пойтахтига дронлар ҳужуми уюштирилди, деб хабар берган Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти аҳолини ҳаво тревогаларига қулоқ тутишга чақириб. [Сергей Супинский/AFP]

Cуратда: Россиянинг Украинага босқини чоғида Киевга уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг ёнаётган муҳим энергетик объект. 19 декабр куни эрта тонгда Украина пойтахтига дронлар ҳужуми уюштирилди, деб хабар берган Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти аҳолини ҳаво тревогаларига қулоқ тутишга чақириб. [Сергей Супинский/AFP]

КИЕВ – Россиянинг Украинадаги муҳим инфратузилма объектларига давомли ҳужумлари миллионлаб одамларни иссиқлик ва электр энергияси таъминотидан узиб, мамлакатни сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир гуманитар инқироз ёқасида қолдирган.

Феврал ойида Россия Украинага бостириб кириб, пойтахтни эгаллашга уринганидан бери Киев қарийб 10 ойдирки, ҳаво тревогалари ва ракета ҳужумлари ичида қолмоқда.

Россия Украинадаги миллионлаб аҳолини электр, сув ва иссиқлик таъминотидан узиб қўйган ракета ва дронлар билан муҳим инфратузилма объектларини нишонга ола бошлаган октябр ойидан бери ҳужумлар сони ортган.

16 декабр кунги ракета ҳужумлари тўлқини кўплаб шаҳарларни зулматда қолдириб, нолдан паст ҳароратларда одамларни иссиқлик ва сув таъминотидан маҳрум қилган.

Суратда: 10 ноябр куни Украинанинг марказий қисмида юз берган ракета ҳужумидан сўнг «Укрэнерго» операторининг юқори волтли подстанциясида шикастланган электр узатиш линиялари. [Женя Савилов/AFP]

Суратда: 10 ноябр куни Украинанинг марказий қисмида юз берган ракета ҳужумидан сўнг «Укрэнерго» операторининг юқори волтли подстанциясида шикастланган электр узатиш линиялари. [Женя Савилов/AFP]

7 декабр куни Украинанинг Одесса шаҳри яқинида ракета зарбалари натижасида ишдан чиққан юқори волтли электр узатиш линияларини таъмирлаётган ишчилар. Украинанинг «Укрэнерго» компанияси фавқулодда қутқарув бригадалари сонини оширган ва улар ҳозирда суткасига 24 соат ишламоқда. [Александр Гиманов/AFP]

7 декабр куни Украинанинг Одесса шаҳри яқинида ракета зарбалари натижасида ишдан чиққан юқори волтли электр узатиш линияларини таъмирлаётган ишчилар. Украинанинг «Укрэнерго» компанияси фавқулодда қутқарув бригадалари сонини оширган ва улар ҳозирда суткасига 24 соат ишламоқда. [Александр Гиманов/AFP]

Эртаси куни Россия мудофаа вазирлиги бу зарбалар Украинанинг ҳарбий ва энергетик объектларига қаратилгани, шунингдек «хорижда ишлаб чиқарилган қурол ва ўқ-дорилар узатилишини» тўхтатганини айтди.

«Белгиланган барча нишонларга зарба берилди», дейилади вазирликнинг кундалик брифингдаги баёнотида.

Украина армияси маълумотларига кўра, Россия асосан 74 та қанотли ракета учирди, улардан 60 таси ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан уриб туширилди.

Ракеталар Киев ва 14 вилоятдаги электр ва сув тармоқларига келиб тушди, деб айтган президент Владимир Зеленский.

Жума куни Зеленскийнинг она шаҳри – Кривой Рогдаги кўп қаватли бинога зарба берилган.

Зарба натижасида 64 яшар аёл ва ёш болали жуфтлик ҳалок бўлган, яна 13 киши жароҳатланган, деб хабар беради шанба куни Днепропетровск ҳокими Валентин Резниченко.

Аёвсиз вайронагарчиликлар

«Украинадаги уруш аёвсиз гуманитар даҳшат бўлиб, кунлар ўтиши ва ҳарорат тушиши билан оғирлашиб бормоқда», деб айтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш 13 декабр куни ўтказилган «Украина халқи билан» деб номланган халқаро анжумандаги видеомурожаатномасида.

«Қиш фасли оддий аҳолига, айниқса фронт чизиғида яшовчиларга, электр қуввати, иссиқлик ва зарур хизматлардан узилиб қолганларга қимматга тушмоқда.»

«Россиянинг бомба зарбаларидан Украинадаги ҳар бир катта электр станцияси ва электр қуввати узатиш тизими зарар кўрди. Сув, электр ва иссиқлик соҳасидаги муҳандислар кун бўйи энергетика инфратузилмасини тузатиш устида ишлашиоқда», деб айтган у.

Украинанинг «Укренерго» миллий энергетика компанияси фавқулодда бригадалар сонини кўпайтирган бўлиб, улар энди вайрон бўлган инфратузилмани имкон қадар тезроқ тиклаш ва ишга тушириш учун суткасига 24 соат ишламоқда.

«Электр энергияси тизимининг ярмидан кўпи вайрон қилинган», деди Украина Келажак институтининг энергетика соҳаси бўйича таҳлилчи Андриан Прокип Карвонсарой нашрига. «Айни вақтда электр қуввати етишмовчилиги 30 фоизни ташкил этмоқда, урушдан аввал у керагидан ортиқ эди, ўзимизга керак бўлганидан икки марта кўпроқ ишлаб чиқарар эдик.»

«Вазият мураккаб», деб айтган у.

«Таъмирлаш ишларини якунлаш учун барча чоралар кўрилмоқда, шу қадарки, ҳатто кўплаб расмиятчилик ва бюрократик тартиб-қоидалар четга суриб қўйилган», деб қўшимча қилди у. «Аввал ишни қилиш, кейин эса нарсаларни тартибга солиш – ёндашув шундай бўляпти... Ҳамма бир-бирига ёрдам беряпти.»

«Улар заҳира ва вақтинчалик ечимлардан фойдаланишмоқда. Электр тармоғи жуда ривожланган ва тўйинган бўлгани учун, айланма ва захира линияларни қуриш йўллари мавжуд», деб айтган Прокип.

Украинада кунлаб электр қуввати бўлмаслиги мумкин, аммо россияликлар Украинанинг чироғини буткул ўчириб қўя олмайди», деб қўшимча қилган у.

«Мутлоқ зулматда қолдириш мумкин бўлмаган иш», дейди Прокип.

Иттифоқчилар чора кўрмоқда

Украинанинг иттифоқчилари ҳам мамлакатга гуманитар фалокатни енгиш учун ёрдам бермоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 15 декабр куни Украинага энергия хавфсизлиги лойиҳаси доирасида 150 та генератор ва тўртта экскаватор ҳадя қилди.

Аввалроқ Киевнинг Россия ракета ҳужумлари натижасида шикастланган 11 километрлик иссиқлик тармоқларини алмаштириш учун ускуналар етказиб берилган эди.

«USAID тақдим этган дизел генераторлари қозонхоналар, иссиқлик ва электр станцияларига, шунингдек диспетчерлик ва алоқа эҳтиёжлари учун етказиб берилган», деб ёзди Киев ҳокими Виталий Кличко ўзининг Телеграм каналида.

«Булар мустақил электр манбаи билан таъминланиши зарур бўлган иншоотлардир», деди у.

«Генераторлар авариялар юз берганида Киев аҳолисига иссиқлик тақсимотидаги узилишларни камайтиришга ёрдам беради ва электр таъминоти узилганида узоқ вақт давомида «КиевТеплоЭнерго» блоклари ўртасидаги алоқани таъминлайди», деб қўшимча қилди Кличко Киев шаҳар коммунал хизмати хабарига таяниб.

Европа Иттифоқи ҳам «Умид генераторлари» кампанияси орқали Украинага генераторлар ва бошқа қурилмаларни тақдим этган.

Бу кампания ноябр ойида Европа парламенти ва Европанинг 38 давлати бўйлаб 200 дан ортиқ катта шаҳарларини ўз ичига олган Eurocities тармоғи тарафидан ишга туширилган.

Кампаниянинг мақсади Украинанинг энергетик эҳтиёжларини шаҳарлараро қондиришни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш, хусусан, асосий хизматларнинг ишини давом эттириш, шифохоналар, мактаблар, сув таъминоти иншоотлари, ёрдам марказлари, бошпана, телефон миноралари ва бошқаларни энергия билан таъминлашдир.

Миллионлаб аҳоли азият чекмоқда

Ракета ҳужумлари (Россия президенти Владимир) Путиннинг НАТО давлатларига у билан бевосита низога кирганда нималар кутаётгани ҳақидаги сигналдир», деб айтган Киевда жойлашган Уруш сиёсати институти раҳбар Евген Магда.

«Украинага осон бўлмайди», деди у. «Аммо энергия инфратузилмасини таъмирлаш учун бизни турли компонентлар билан таъминлаш ва осмонни янада самарали ҳимоя қилишга ёрдам берадиган ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш вазиятни ўнглаши мумкин.»

«Нима бўлганида ҳам Россиянинг ракета заҳираси чексиз эмас, у тугаб бормоқда», деб қўшимча қилди у.

Кремлнинг мақсади – украиналикларни музлатиб, оч қолдириш, охир-оқибат музокаралар столига келтириш», деб айтган Human Rights Watch ташкилотининг Украина бўйича катта тадқиқотчиси Юлия Горбунова. «Россия бу ниятларини яширмаяпти – улар аниқ.»

«Халқаро ҳуқуқ томонидан қуролли тўқнашув ҳолатларида тақиқланган муайян ҳаракатлар ва уруш усуллари бор. Бу ҳолатда Human Rights Watch айнан шундай ҳаракатлар содир этилмоқда, деб ҳисоблайди.»

«Уларнинг мақсади тинч аҳолини қўрқитиш», деб айтган Горбунова.

«Миллионлаб одамлар қийналмоқда... Қиш аллақачон бошланди, ҳарорат 15-20 даража совуққа тушадиган бўлса, ҳалокат юз бериши мумкин.

«Ва биз имкониятлари чекланган, ёлғиз яшайдиган ва ўзларига ғамхўрлик қила олмайдиган кексаларни, кислородли аппаратлар каби тиббий асбобларга қарам бўлган одамларни эсдан чиқармаслигимиз керак.»

«Шунингдек, шифохоналарни ҳам. Шифокорларнинг фонар ёрдамида операция қилаётган юракни вайрон қилувчи тасвирларини ҳаммамиз кўрдик», дейди Горбунова. «Бундай бўлмаслиги керак.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500