Карвонсарой
Дипломатия

Хитойнинг Россиядан нефт импортини ошираётгани Кремлнинг империалистик амбицияларини кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россия артиллерияси Украинадаги позицияларга зарба бермоқда, май ойи. [Россия мудофаа вазирлиги]

Россия артиллерияси Украинадаги позицияларга зарба бермоқда, май ойи. [Россия мудофаа вазирлиги]

ПЕКИН – Пекин ва Хитой компаниялари Ғарбнинг шиддатли санкциялари ортидан пайдо бўлган бўшлиқни тўлдиришга киришар экан, Россия Хитойнинг энг йирик нефт таъминотчисига айланди.

Хитой Бош божхона бошқармаси томонидан 20 июн куни эълон қилинган маълумотларга кўра, май ойида Хитой Россиядан 8,4 миллион тонна нефт импорт қилди, бу эса ўтган йили Саудия Арабистонидан импорт қилинган 7,8 миллион тоннадан 55 фоизга кўп.

Россиянинг Хитойга нефт экспорти ҳажми ўтган ойга нисбатан 28 фоизга ўсиб, рекорд даражага етди ва Кремлга 5,7 миллиард доллар даромад келтирди.

Bloomberg News маълумотларига кўра, умумий ҳисобда Хитой май ойида Россиядан 7,47 миллиард долларлик энергетика маҳсулотларини сотиб олди – бу апрел ойидагидан қарийб 1 миллиард долларга кўп.

28 июн куни – Россия ҳаво ҳужумига учраганидан бир кун ўтиб, Украинанинг Кременчук шаҳридаги Amstor савдо мажмуаси вайроналарни тозалаётган қутқарувчи. [Женя Савилов/AFP]

28 июн куни – Россия ҳаво ҳужумига учраганидан бир кун ўтиб, Украинанинг Кременчук шаҳридаги Amstor савдо мажмуаси вайроналарни тозалаётган қутқарувчи. [Женя Савилов/AFP]

Хитой марказий телевидениеси (CCTV) кадрлари: 30 март куни Анхой провинциясининг Хуаншан шаҳрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашди. Бу Москва феврал ойида Украинага бостириб кирганидан кейин унинг Хитойга илк ташрифи бўлди. [STR/AFPTV/CCTV/AFP]

Хитой марказий телевидениеси (CCTV) кадрлари: 30 март куни Анхой провинциясининг Хуаншан шаҳрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) хитойлик ҳамкасби Ван И билан учрашди. Бу Москва феврал ойида Украинага бостириб кирганидан кейин унинг Хитойга илк ташрифи бўлди. [STR/AFPTV/CCTV/AFP]

Бу даромад манбаи Украинага шафқатсиз босқинини давом эттираётган Кремл учун ҳаётий аҳамиятга эга, зеро Россия президенти Владимир Путин ўзини 18-асрда Россия империясини кенгайтирган Буюк Пётрга қиёслаган.

15 июн куни ХХР раиси Си Цзинпин Путинни Хитойнинг Россия суверенитети ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашига ишонтирди.

Хитой Москванинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳужумини қоралашдан бош тортар экан, Ғарб санкцияларига путур етказган ҳолда Россияни дипломатик ҳимоя билан таъминлаб, Киевга қурол-яроғ сотиб келган.

Хитой марказий телевидениесига (CCTV) кўра, Си Цзинпин Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида Хитой «умумий манфаатлар ҳамда суверенитет ва хавфсизлик каби асосий масалаларда [Россияга] ёрдам беришда давом этишини айтган.

Бу 24 феврал – минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва миллионлаб одамларни қочқинга айлантирган Путиннинг Украинага босқини бошланганидан бери икки лидер ўртасидаги иккинчи телефон суҳбати бўлди.

CCTV хабарига кўра, Си Цзинпин йил бошидан буён «жаҳондаги нотинчлик ва ўзгаришлар шароитида икки томонлама муносабатлардаги «тараққиётнинг ижобий динамикасини» юқори баҳолади.

Пекин «икки мамлакат ўртасидаги стратегик мувофиқлаштирувни жадаллаштиришга тайёр», деди Си.

Кремлнинг баёнотига кўра, етакчилар иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганлар.

«Ғарбнинг ноқонуний санкциялар сиёсати туфайли жаҳон иқтисодиётидаги мураккаблашган вазиятни инобатга олган ҳолда, энергетика, молия, саноат, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди», дейилади Кремлнинг телефон суҳбати ортидан эълон қилинган баёнотида.

«Тарихнинг тескари томони»

Қўшма Штатлар Пекиннинг Москва билан келишувига совуқ муносабат билдирган.

«Хитой нейтралликни даъво қилса-да, унинг ҳаракатларидан ҳали ҳам Россия билан яқин алоқаларга сармоя киритаётгани аниқ», дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Баёнотда таъкидланишича, «Хитой аллақачон ўз танловини қилиб бўлган».

Россиянинг Украинадаги урушига қарийб беш ой тўлар экан, «Хитой ҳамон Россия тарафида. У ҳамон Россия ташвиқотини дунё бўйлаб акс эттирмоқда. У ҳали ҳам Россияни халқаро ташкилотларда ҳимоя қилмоқда... Ҳанузгача Россиянинг Украинадаги ваҳшийликларини рад этмоқда ва бунинг ўрнига уларнинг саҳналаштирганини тахмин қилмоқда», дейилади унда.

«Владимир Путин тарафини оладиган мамлакатлар охир-оқибат тарих саҳифаларида нотўғри томонга тушиб қолишади.»

«Ҳозир иккиланадиган, яширинадиган ёки нима бўлишини кутиб ўтирадиган пайт эмас. Нималар содир бўлаётгани аллақачон ойдинлашган», дейилади баёнотда.

Ғарб Украинага бостириб кирган Россияга нисбатан мислсиз санкцияларни жорий қилди, Москва эса Европа ва Қўшма Штатларни бу билан глобал иқтисодиётнинг секинлашувини келтириб чиқаришда айбламоқда.

Москва ҳужумдан кейин Россияни тарк этган йирик хорижий компанияларнинг ўрнини босувчи бозорлар ва таъминотчиларни излаш билан банд.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Пекиннинг Россия урушини қўллаб-қувватлаши ёки Москванинг Ғарб санкцияларидан қочишига ёрдам бериши ўзаро алоқаларга путур етказиши билан огоҳлантирган.

«Чегарасиз» дўстлик

Совуқ уруш даврида ашаддий душман бўлган Пекин ва Москва сўнгги йилларда АҚШнинг глобал ҳукмронлигига қарши ҳамкорликни кучайтирган.

Икки мамлакат сиёсий, тижорий ва ҳарбий соҳаларда ўз таъбири билан айтганда «чегарасиз» дўстлик доирасидаги алоқаларни кучайтирган.

Бу ойда улар Россиянинг Благовешенск шаҳрини Хитойнинг Хэйхэ шаҳри билан боғловчи илк автомобил кўпригини ишга туширдилар.

Икки етакчининг 15 июн кунги телефон суҳбати Сининг 69 ёшни нишонлашига тўғри келган ва Россиянинг Украинани босиб олишидан бери хабари чиққан илк мулоқоти бўлди.

Хитой божхона маълумотига кўра, Пекин Москванинг энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, ўтган йилги савдо ҳажми 147 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Мақолага асосланадиган бўлсак, Россияга Хитой ҳомийлик қилмоқда. Уларга бу нима учун кераклиги ва қандай манфаатларга эга экани мутлақо тушунарсиз. Балки Россия Хитой билан чегарадош ҳудудларининг бир қисмини берар ва у билан бир томонга қийшайиб ҳамкорлик қилар. Тарих бизнинг кўз ўнгимизда ёзилмоқда, лекин нега бунинг учун бошқа давлатлар азоб чекиши ва бунчалик кўп болалар ҳалок бўлиши керак?

Жавоб бериш

Қизиқ, қувурлар максимал даражада юкланган бўлса, улар қандай қилиб кўпроқ нефтни етказиб беришмоқда? Бу шунчаки Россия ҳар қандай урушларига ҳомийлик қилиш: Украинадаги уруш, Суриядаги уруш, бутун дунё билан уруш кабидир.

Жавоб бериш

Путин режими қулаб, Украина урушда ғалаба қозонганидан сўнг, НАТО ўз эътиборини Марказий Осиёни Хитойнинг империалистик амбицияларидан ҳимоя қилишга қаратиши керак бўлади. Қуролли кучларимизни НАТО стандартларига мувофиқ тайёрлаш учун бизга НАТО ёрдами керак бўлади. Туркия НАТОга аъзо давлат сифатида Марказий Осиёда ҳарбий базалар қуриши керак.

Жавоб бериш

Улар бошиданоқ ўз режаси асосида Қўшма Штатларга қарши кучларни бирлаштиргани аниқ, аммо иккала иттифоқчи ҳам фақат ўз манфаатларини ўйлагани учун қанчалик ўзгарувчанлигини инобатга олсак, улар келажакда ролларни қандай тақсимлаши қизиқ.

Жавоб бериш

Россиянинг Украинадаги урушига ҳомийлик қилаётганлардан бири Хитойнинг ўзи-ку. Муҳими, улар [Россияни] ошкора қоралаб, нима деса ҳам, барибир урушга ҳомийлик қилиб, Россияга бегуноҳ давлатга ҳужум қилишда ёрдам беришмоқда.

Жавоб бериш