ПЕКИН – Россиянинг Украинани босқини бошланганидан бери Хитой оммавий ахборот воситалари Россияни айблашдан қочиш ва президент Владимир Путиннинг ҳаракатларини оқлаш мақсадида Москва ташвиқотини такрорлаб келмоқда.
Россия санкцияларнинг таъсирини, кутилмаганда қурбонлар сонининг ортганидан, техникани бой берганидан ва яккаланишни ҳис қилганидан кейин Украина билан урушда Хитойдан ҳарбий ва иқтисодий ёрдам сўраши билан бундай хабарлар оҳанги давом этмоқда, деб ёзади АҚШ нашрлари якшанба (13 март) куни.
ОАВнинг АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, Россия ўзининг асосий иттифоқдошидан дастак, ҳарбий техника ва иқтисодий кўмак сўраган, деб хабар беради New York Times.
Шахсини очиқлашни истамаган расмий Россия айнан нима сўраганини ва Хитой жавоб берган-бермаганини айтмаган.
Ўз навбатида бу хабарларга бевосита муносабат билдирмаган Пекин Вашингтонни Украина урушидаги Хитой роли борасида «дезинформация» тарқатаётганликда айблаган.
Ҳозирга қадар Пекин Москвани на қўллаб-қувватлаган ва на қоралаган, аммо Қўшма Штатлар ва НАТОнинг «шарқ томон экспансиясини» тангликни авж олдиришда айблаган.
Бундай позиция Хитойнинг қатъий назорат қилинадиган ахборот маконида, давлат босма нашрлари ва телевидениеси, шунингдек ижтимоий тармоқларда ўз аксини топмоқда.
24 феврал куни Путин Украинага бостириб киришини эълон қилганида Хитойнинг Синьхуа расмий ахборот агентлиги буни «ҳарбий операция» ва Москва Украина ҳудудини босиб олиш «ниятида эмас» деб ёритган.
Ўтган ой давлат назоратидаги ОАВда тарқатилувчи хабарлар учун берилган кўрсатмада Россия учун номақбул ёки ғарбпараст мазмундаги контент чоп этмасликка буйруқ берилган.
Хитой давлат оммавий ахборот воситалари Украина ҳақидаги хабарларни «босқин» атамасидан фойдаланмай, унинг ўрнига вазиятни «низо» ёки «тўқнашув» деб таърифламоқда.
Хорижий журналистларга интервью берган Хитой расмийлари ҳам «босқин» атамасини рад этиб, Хитой ҳар бир мамлакат суверенитетини ҳурмат қилишини айтганлар.
Цензура ва миллийлик
Шунингдек, Хитой ўзини тинчлик саъй-ҳаракатлари билан ёрдам бера оладиган вазмин воситачи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Хитой «Украина масаласида мустақил сиёсат тарафдори бўлган ва дунёда барқарорликни таъминлаш учун ҳар бир томон билан алоқаларни ривожлантирмоқда», деб хабар берган Global Times жума куни.
«Бу тўғри гапларни топиш йўлидаги ҳаракат эмас», дейди Полшанинг халқаро муносабатлар институти таҳлилчиси Юстина Шудлик AFP нашрига.
«Ғарб давлатлари билан муносабатларида дипломатик хавфларни камайтириш учун Хитой атайин жуда ноаниқ таърифларни қўлламоқда», деди у.
Шу билан бирга, Пекиндаги қишки Паралимпия ўйинларининг очилишида урушни қатъий қоралови Хитой телевидениесида ўз аксини топмади.
Англия Премьер-лигаси ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқига эга Хитой телеканаллари эса, футболчиларнинг Украина билан бирдамлик изҳор қилиши мумкинлигини билиб, март ойи бошида дам олиш кунларидаги ўйинларни эфирга узатмаган.
Интернет фойдаланувчилари Хитойнинг кенг миқёсдаги қўллови таъсирида Россияга хайрихоҳлик билдиришмоқда.
Weibo сайтида Путинни қўллаб-қувватловчи хештегларни тарқатишга, шунингдек, унинг нақадар жасоратли экани ва украиналикларни таслим бўлишга чақирувчи изоҳларга рухсат берилган.
Аксинча, давлат оммавий ахборот воситалари Россия ташвиқотини қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги мақолалар «ёлғон маълумот» сифатида ўчириб ташланган.
«Бошқа ҳар қандай давлат сингари, Хитой ҳам... ўз хавфсизлиги манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўяди», дейди Ҳаага стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Ричард Гиази.
«Ушбу хавфсизлик ҳисоб-китобида Россия билан барқарор ва одатий алоқалар муҳим аҳамиятга эга», деди у.
Аммо Гиасининг айтишича, Хитой бу босқинни Россиянинг хавфсизлик манфаатларига путур етказадиган НАТОга қарши «мудофаа» чораси деб ҳисобламоқда.
«У аниқ позицияни эгаллади ва уни деярли ўзгартиргани йўқ», деди у.
«Эксклюзив» ҳуқуқ
Хитой оммавий ахборот воситалари Пекин чизган чизиқ бўйлаб юришдан ташқари, Россиянинг дезинформациясини такрорламоқда.
Айрим Хитой ОАВ хабарларида Кремлнинг нуқтайи назаридан фойдаланиб, Украина армияси ва халқи орасида «неонацистлар» мафкураси авж олгани иддао қилинмоқда.
Путиннинг ўзи урушни оқлаш учун Украина президенти Владимир Зеленскийни «гиёҳванд нацист» деб атаган эди.
Миллати яҳудий бўлган Зеленский 2019 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловларида 73% овоз билан ғалаба қозонган. Уруш билан боғлиқ вазиятни бошқара олгани учун унинг рейтинги 90% дан ошиб кетган.
Босқин бошланганидан бир неча соат ўтиб, Хитой компартиясининг «Global Times» газетаси Кремлнинг RT ташвиқот телеканалига таяниб, кўп сонли украиналик аскарлар таслим бўлгани ҳақидаги видеохабарни эълон қилган.
Икки кун ўтиб, Хитойнинг марказий телевидениеси (CCTV) Зеленский Киевни тарк этгани ҳақидаги Россиянинг ёлғон хабарини такрорлаган – бу хабар бошқа маҳаллий нашрларда ва Хитойнинг Weibo порталида ҳам чоп этилган.
Weibo сайтидаги тегишли хештег 510 миллион марта кўрилган ва мамлакатдаги 163 та ОАВ томонидан қўлланган, деб ёзади The New York Times.
26 феврал куни CCTV Кремлнинг навбатдаги дезинформациясини тарқатиб, Украина тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланаётгани ҳақидаги Путиннинг асоссиз иддаоларини келтирган.
Оммавий ахборот воситалари ҳам Россиянинг фитна назарияларини очиқдан-очиқ ёйинлай бошлаганлар.
«Оловсиз тутун бўлмайди», деб ёзган Global Times Украинадаги АҚШ молиялаштирувчи биологик лабораториялар кўршапалак коронавируси билан тажриба ўтказаётгани ҳақидаги Россиянинг иддаоларини такрорлаб.
Вашингтоннинг бу даъволар «бориб турган ёлғон» эканига оид изоҳлари ҳақида эса хабар берилмаган.