Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Украинага босқин ортидан Россиядаги Марказий Осиёликлар аёвсиз воқелик билан юзма-юз келмоқда

Канат Алтинбаев

Қирғизистонлик парламентарийлар 21 феврал куни Москвада россиялик ҳамкасблари билан музокара ўтказмоқда. [Қирғизистон парламенти матбуот хизмати]

Қирғизистонлик парламентарийлар 21 феврал куни Москвада россиялик ҳамкасблари билан музокара ўтказмоқда. [Қирғизистон парламенти матбуот хизмати]

БИШКЕК – Россиядаги меҳнат мигрантлари арзон ишчи кучига муҳтож, аммо унинг ҳақини ирқчилик билан тўлайдиган мамлакатда юзага келган иккита янги асорат билан курашмоқдалар.

Биринчиси – Россияда сўнгги бир неча кун ичида юз берган иқтисодий инқироз бўлса, иккинчиси ҳар уч ойда қиммат тиббий кўрикдан ўтиш талабидир.

Украинага бостириб кириши ортидан Россияга нисбатан жорий қилинган ва жиддий қийинчиликлар келтириб чиқарган халқаро санкциялар у ердаги мигрантларга таъсир қилмай қолмади.

Жумладан, рубл курси рекорд даражада пасайган – душанба (28 феврал) куни у тахминан 30 фоизга арзонлаб, 1 рубл 1 АҚШ центидан ҳам арзонроқ бўлиб қолган.

Қирғизистон ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари, ўтган йилнинг июл ойида Москвада олинган сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Қирғизистон ва ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари, ўтган йилнинг июл ойида Москвада олинган сурат. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Бу аксарияти ойига 300 доллардан кам маош оладиган ночор мигрантларнинг харид қобилиятига қақшатқич зарба бўлди.

Нархлар кескин ошмоқда, дейди Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳридан келган Улан Оморов Карвонсарой билан суҳбатда. У Москвадаги дўконларнинг бирида ишлайди.

«Биз илгари ҳам камхарж эдик», деди у. «Энди эса ҳар бир рублни тежашга мажбурмиз.»

«Бундай нархлар ва келгусидаги харажатлар билан энди ота-онамга пул жўната олмайман», деб қўшимча қилди у. «Улар қайси пулга яшашади, билмайман.»

Саросимада қолган кўпчилик мигрантлар янги санкциялар шароитида Россия банклари орқали уйларига пул юбора олиш-олмасликларини муҳокама қилмоқдалар, дейди у.

Бундан ҳам оғирроқ аҳволга тушган мигрантлар ҳам йўқ эмас.

«Гуруҳ чатидаги айрим юртдошларим иш берувчилар уларни ҳеч қандай тўловларсиз ишдан бўшатиб юборганини ёзишган. «Улар ишлаётган компаниялар [санкциялардан кейин] фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.»

Ҳақоратомуз тиббий кўриклар

Айни пайтда Бишкек Москвани Қирғизистон фуқаролари ва Марказий Осиёлик мигрантлар учун Россияда жорий қилинган қатъий талабларни бекор қилишга чақирмоқда.

Декабр ойи охиридан кучга кирган янги тартибга кўра, Марказий Осиёлик мигрантлар мамлакатга кириб келганидан кейин 30 кун ичида юқумли касалликларга чалинмагани, шунингдек, гиёҳванд ва психотроп моддалар истеъмол қилмаслигини текширтириш учун тиббий кўрикдан ўтиши керак.

Кейин ҳар уч ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтиш талаб этилади.

Бундан ташқари, мигрантлар рўйхатдан ўтиш учун бармоқ изларини топшириши ва суратга тушишлари керак.

Бу муолажалардан ўтишга мажбур бўлганлар ўзларини «жиноятчи ва террорчидек» ҳис қилганликларини айтишмоқда.

«Улар худди кинодаги каби бизга рақам беришмади, холос», дейди январ ойи бошида Москвага борган Қора-Болта шаҳрилик Жумғал Болотбеков Карвонсарой билан телефон суҳбатида.

Бу камситишлар камлик қилгандек, талабларга жавоб бериш учун мигрантларнинг ўзлари пул тўлашлари керак.

Тиббий кўрик 6000 рубл (тахминан 80 доллар) туради. Бу – одатда ойига 300 доллардан кам маош оладиган мигрант учун сезиларли сумма.

Болотбековнинг Қирғизистон элчихонасидаги танишларига таяниб айтишича, Россия соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарорида ҳар уч ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтиш шарт қилиб белгиланмаган.

«Ушбу ғалати қоидани ким жорий қилгани номаълум, бу мигрантлардан пул шилиш йўлидаги навбатдаги ноқонуний уринишга ўхшайди», деди у.

«Муаммоли»

Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар учун инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият кўп йиллар давомида аянчли бўлиб келган эса-да, сўнгги чоралар расмий Бишкек ва Қирғизистонлик депутатларни муносабат билдиришга мажбур қилган.

Қирғизистон парламенти спикери Талант Мамитов 21 феврал куни Россияга ишчи ташрифи чоғида Россия давлат думаси раиси Вячеслав Володин билан учрашиб, камситувчи ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш масаласини муҳокама қилди, дейилади Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси баёнотида.

Мамитов Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси экани, унинг асосий тамойили аъзо давлатлар фуқароларининг эркин ҳаракатини кўзда тутишини инобатга олиб, россиялик ҳамкасбини қирғизистонлик мигрантларга қўйилган қатъий талабларни қайта кўриб чиқишга чақирган.

Қирғизистон Россияда ишлаётган фуқаролари учун қулай шароит яратилади деган умидда Россия бошчилигидаги ЕОИИга қўшилган.

Мамитов, шунингдек, Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенкодан миграция қоидаларини бузгани учун «қора рўйхатга» киритилган ва энди Россияга кира олмайдиган Қирғизистон фуқароларига оилалари бағрига қайтишга ёрдам беришни сўради.

«Афсуски, йил бошидан буён мигрантларнинг юқорида тилга олинган тартиб-қоидалардан ўтишида қийинчиликлар юзага келди», деб таъкидлаган Қирғизистон ТИВ 17 феврал куни янги чораларга ишора қилиб.

«Ҳозирда Москва шаҳри ва вилоятида истиқомат қилувчи Қирғизистон фуқаролари учун барча мажбурий амалиётлар узун навбатлар юзага келган Москва шаҳри ва вилоятидаги кўп функцияли миграция марказларида олиб борилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.

Шу куннинг ўзида элчихона Россия ТИВдан тиббий кўрикдан ўтказиш, бармоқ изларини ва суратга олиш ишлари олиб бориладиган муассасаларда «ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари учун алоҳида йўлак очилишига ёрдам беришни» сўраган.

Бу Қирғизистон элчихонасининг Россия ташқи ишлар вазирлигига ёрдам сўраб йўллаган иккинчи нотаси бўлди. 24 январ куни ҳам у худди шундай илтимоснома юборган эди.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Гулнора-Клара Самат ҳам Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев номига қирғиз мигрантлари учун мажбурий бўлган «процедуралардан ўтишдаги қийинчиликлар» юзасидан мурожаат йўллаган.

Бу мурожаатга Россия тарафидан қандай жавоб берилгани маълум эмас.

Бу масала Қирғизистон парламенти эътиборига ҳавола қилинган.

Янги қонун билан юзага келган қийинчиликлар ҳар куни мингдан ортиқ одамни тиббий кўрикдан ўтиш учун навбатга туришга мажбур қилмоқда, деди депутат Дастан Бекешев парламентнинг 16 феврал кунги йиғилишида.

«Президентимиз Россия раҳбарига мурожаат қилсин. Улар буни очиқ муҳокама қилишлари керак. Мигрантларимиз у ердан кетиши керакми ёки нима қилиши керак?» деди у ҳамкасбларига.

Худди шу мажлисда парламентнинг яна бир депутати Бакит Торобаев ЕОИИни танқид остига олган.

«ЕОИИнинг мигрантлар билан боғлиқ қоидаларигина эмас, савдо, пул ўтказмалари ва юк ташишга доир келишувлари ҳам ишламаяпти», деди у.

Қирғизистон ЕОИИга қўшилаётганида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши ваъда қилинган, бироқ амалда Россия фақат чекловлар жорий этди, дейди у.

«Фуқароларимиз бундан кейин ҳам азият чекаверадими?» деб савол берган у.

«Этномаданий мувозанатни сақлаш»

Айни пайтда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари мигрантлар ҳаётини мураккаблаштиришда давом этмоқда.

Россия тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин президент Владимир Путинга қонунчиликни янада қатъийлаштириш таклифи билан мурожаат йўллади, деб хабар беради «База» Телеграм-канали 7 феврал куни.

Хусусан, Бастрикин мамлакатга келувчиларнинг ДНК реестрини яратиш ва йирик шаҳарларда «аҳолининг этник-маданий мувозанатини сақлаш» чораларини таклиф қилган. Шунингдек, у ижтимоий тангликни юмшатиш мақсадида меҳнат мигрантлари ўрнини Россия фуқароларига алмаштириш таклифини билдирган.

Бастрикин Россия фуқаролари Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантлар маиший хизмат кўрсатиш соҳасидаги иш ўринларини эгаллаб олганидан «жиддий хавотирда» эканини айтган.

Сўнгги йилларда Россия ҳукумати қирғизистонлик мигрантларнинг ҳуқуқий мақомини сезиларли даражада мураккаблаштирди, ҳозирда улар «ҳар қачонгидан ҳам ҳимоясизроқ», дейди Бишкек адвокатлар уюшмаси директори, меҳнат муҳожирларига тез-тез ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб турадиган адвокат Ислом Байгараев.

Бу ҳам етмагандек, айрим давлат идоралари ҳам қўшимча ноқонуний талабларни илгари сурмоқда», деди Байгараев Карвонсаройга.

Россиядаги меҳнат мигрантлари атрофида тартибсизлик ва ўзбошимчалик ҳукмрон, бироқ бу муаммони ҳал қилишдан ҳеч ким манфаатдор эмас», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500