Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия оташкесим режимини бузиб, Украинадаги гуманитар йўлакларда ваҳшийликлар содир этмоқда

Ханна Чертова ва AFP

3 март куни уйларининг ертўласидан паноҳ топган Ирпен аҳолиси. Россиянинг Украинага босқини давом этар экан, кўпчилик у ерда бир ҳафтадан бери яшамоқда. [Карвонсарой учун Алла Кучерук]

КИЕВ – Россия кучлари ўт очишни тўхтатиш уринишларига йўл қўймай, Украинанинг қамалдаги шаҳарларига гуманитар йўлаклар яратишга тўсқинлик қилишда давом этмоқда, дейди расмийлар ва кўмак гуруҳлари.

Душанба куни кечқурун Россия жанубий порт шаҳри Мариуполни эвакуация йўлаклари очиладиган тўртта шаҳардан бири деб атади.

Аммо сешанба (8 март) куни Украина Россияни тинч аҳолига қамал остида қолган шаҳарни тарк этиш имконини берувчи гуманитар йўлакни бузганликда айблаган.

«Душман айнан гуманитар йўлакка қарата ҳужум уюштирди», деб ёзди мудофаа вазирлиги Facebook саҳифасида Россия армияси «болалар, аёллар ва қарияларга шаҳарни тарк этишга рухсат бермаганини» таъкидлаб.

Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳри Харков ўққа тутилганидан кейин вайроналар орасида юрган пиёда, 7 март. [Сергей Бобок/AFP]

Украинанинг иккинчи энг йирик шаҳри Харков ўққа тутилганидан кейин вайроналар орасида юрган пиёда, 7 март. [Сергей Бобок/AFP]

3 март куни ирпенликлар кўп қаватли уйнинг ертўласида жон сақламоқдалар. [Алла Кучерук/Карвонсарой]

3 март куни ирпенликлар кўп қаватли уйнинг ертўласида жон сақламоқдалар. [Алла Кучерук/Карвонсарой]

Озиқ-овқат заҳиралари камайиб борар экан, 3 март куни Киевдаги озиқ-овқат дўконида пештахталар бўшаб қолган. [Ханна Чертова/Карвонсарой]

Озиқ-овқат заҳиралари камайиб борар экан, 3 март куни Киевдаги озиқ-овқат дўконида пештахталар бўшаб қолган. [Ханна Чертова/Карвонсарой]

«Бундай ҳаракатлар геноциддан бошқа нарса эмас», дейилади баёнотда.

«Оташкесим режимига путур етди!» деб ёзган Украина ташқи ишлар вазирлиги Твиттерда.

«Ҳозирда Россия кучлари Запорожьедан Мариуполга очилган гуманитар йўлакни ўққа тутмоқда. 8 та юк машинаси ва 30 та автобус Мариуполга гуманитар ёрдам етказиш ва Запорожьега тинч аҳолини эвакуация қилишга тайёр турибди», деб қўшимча қилди у.

Расмий Киев Мариуполда яшовчи 450 мингга яқин аҳолини эвакуация қилиш учун шимоли-ғарбдаги Запорожьега борувчи 250 км узунликдаги йўлда миналардан тозалаш ишлари олиб борилганини айтди.

Шаҳар бир неча кундан бери Россия армияси қамалида қолмоқда.

Бу Россия назорати остидаги Қрим яримороли ва россиялик бўлгинчилар жойлашган Донбасс минтақасига яқинлиги туфайли муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланади.

Сўнгги кунларда Мариуполдан 300 мингга яқин тинч аҳолини эвакуация қилиш уринишлари бир неча бор муваффақиятсизликка учради.

Украина президенти Владимир Зеленский Мариуполдаги тинч аҳолини эвакуация қилиш «кафолати» бўлгани, аммо у «амалга ошмаганини» айтган.

Шаҳарлардан чиқиш йўллари қочқинларни Россия ёки Беларусга етказиши маълум бўлгач, душанба куни Киев Москванинг бир неча бомбардимон қилинган шаҳарлардан гуманитар йўлак яратиш таклифини рад этган.

Россия бу таклифни билдирган куни Франция президенти Эммануэл Макрон Россия президенти Владимир Путинни иккиюзламачилик ва орсизликда айблаган.

«Буларнинг ҳеч бири жиддий эмас, бу чидаб бўлмайдиган маънавий ва сиёсий сурбетликдир», деб таъкидлаган у LCI телеканалига берган интервьюсида. У фуқаролар Россияга чиқиб кетиши билан уларни ҳимоя қилишга оид ваъдалар «иккиюзламачилик» эканини айтган.

«Террор йўли»

Аввалги муваффақиятсиз оташкесим уринишлари вақтида украиналиклар ўққа тутилганидан кейин Россия Харков, Киев, Мариупол ва Сумидан фуқароларнинг хавфсиз ўтиши таклифини билдирган.

«Душман тинч аҳолига нисбатан террор йўлини танлади», деб айтган 1 март куни брифинг чоғида Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудларини реинтеграция қилиш бўйича вазир Ирина Верещук.

«Тинч аҳоли яшаётган туманлар ўққа тутилмоқда, сув ва электр қуввати йўқ. Одамлар ертўлаларда озиқ-овқатсиз, сувсиз қолишга мажбур бўлмоқда.»

«Улар орасида аёллар, ёш болалар, қариялар, беморлар ва ногиронлар бор», деб айтган Верешук.

Сешанба куни Москва билан келишувга асосан, Сумидан Украина назоратидаги ҳудуддан 150 км жануби-ғарбдаги Лохвица шаҳрига фуқароларни эвакуация қилиш бошланган.

Аммо, бошқа шаҳарлар бўйича келишувлар ҳали амалга ошмаган.

Душанба куни AFP мухбирлари минглаб фуқароларнинг Киев ғарбидаги Ирпен шаҳридан норасмий йўналиш орқали пойтахт томон қочаётганига гувоҳ бўлишган.

Украиналик десантчилардан бири Ирпендаги «юзма-юз» жанг ҳақида сўзлар экан, «биз (россиялик аскарларни) сиқиб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз, аммо буни уддалай оламизми-йўқми, билмайман», деб айтган.

«Ер билан яксон бўлган» шаҳарлар

«Шаҳар аскарларимизни қўллаб-қувватлаяпти, аммо отишмалар тўхтамаяпти, жанг туну кун давом этяпти», деб айтган ирпенлик Алла Кучерук Карвонсарой нашрига.

«Шаҳар вайрон қилинган, кўп одам ўлган. Қоча олмаганлар шу ерда қолишган», деб айтган у болали оилаларнинг аксари ҳали ҳам шаҳарни тарк эта олмаганини қўшимча қилиб.

Кучерукка кўра, у яшайдиган бинонинг ертўласида ҳар куни 20 га яқин киши тунамоқда. Уруш бошланганидан бери ногиронлар аравасидаги 80 яшар эркак ертўладан чиқмаган.

Шаҳардаги энг катта муаммо озиқ-овқат ва дори-дармоннинг етишмаслиги, деб айтган у.

«Дўконлар ҳувиллаб қолган. Шаҳарга ҳеч нима олиб келишмаяпти», деб айтган у. «Аммо одамлар бир-бирига ёрдам беряпти. Менга ўхшаб урушдан аввал озиқ-овқатни ғамлаб қўйганлар энди бошқалар билан улашмоқда.»

Кучерук расталарида «бир нечта шоколад» бўлган ва бир мижозга фақат бир килодан ун берган озиқ-овқат дўконни эсга олди.

Ирпен – озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келган ягона шаҳар эмас.

«Ушбу мудҳиш ҳафта давомида ертўлада ухладик. Чунки уйларимиз хавфсиз эмас», дейди харковлик Наталя Дрантусова Россия босқинидан бир ҳафта ўтиб. «Россия самолётлари турар жой мавзеларини ўққа тутмоқда».

«Дастлабки беш кун давомида туманда ҳеч қаер ишламади. Ҳатто сув сотиб олиш имконсиз эди», дейди у.

«Шаҳар вайрон бўлган, у бамисоли ер билан яксон қилинган.»

Ҳаётий муҳим ёрдамга муҳтожлик

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Украинадаги можаро ҳудудларига гуманитар ёрдам етказиш учун хавфсиз йўлак зарур, деди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффиц душанба куни Хавфсизлик кенгашида.

«Мариупол, Харков, Мелитопол ва бошқа жойлардаги тинч аҳоли ёрдамга, айниқса ҳаётий муҳим тиббий воситаларига жуда муҳтож», деди у.

Украина расмийлари ҳарбий ҳолат шароитида озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашга ҳаракат қилаётган бўлса-да, қамалдаги шаҳарлар билан узуқ-юлуқ алоқа ёрдам етказишни қийинлаштирмоқда.

«Охирги 24 соат ичида биз бутун Украинадан турли ёрдамга муҳтож одамлардан 20 мингта сўров олдик», дейди Украина кўнгиллилар хизмати директори Анна Бондаренко Карвонсаройга.

«Озиқ-овқат ва дори-дармонга бўлган эҳтиёждан ташқари, тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳам кўплаб илтимослар келиб тушмоқда», деди у.

«Аммо энг асосий муаммо шундаки, Россия қўшинлари кўпчилик шаҳар ва аҳоли пунктларида атайлаб гуманитар ёрдам йўлакларига рухсат бермаяпти», деди у. Бизнинг украиналик кўнгиллиларимиз ҳам, Қизил Хоч вакиллари ҳам аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун шаҳарга кира олмаяптилар».

Бондаренконинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари инсонпарварлик ёрдамини олиб киришга рухсат бериш масаласида маҳаллий ҳукумат билан музокаралар олиб боришдан бош тортмоқда.

«Фавқулодда хизматларнинг ўққа тутилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам содир бўлди», деди у. «Бошқача айтганда, бирор масалада келишувга эришишга уриниш мутлақо фойдасиз бўлиб қолмоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500