Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Ўзбекистонда озиқ-овқат нархлари ошмоқда

Рустам Темиров

Фарғона вилоятида ғалла ҳосилини йиғиб олаётган деҳқонлар, 15 июн. [Тимур Йўлдошев]

Фарғона вилоятида ғалла ҳосилини йиғиб олаётган деҳқонлар, 15 июн. [Тимур Йўлдошев]

ТОШКЕНТ – Россиянинг Украинага асоссиз босқини тўртинчи ой давом этар экан, июн ойи бошидан бери Ўзбекистонда нон, ун ва шакар нархлари ошган.

Ўзбекистон урушдан олисда бўлса-да, Россия хатти-ҳаракатларининг оқибатларидан четда қололмади.

Россия ҳарбий денгиз кучларининг Украинадаги Қора денгиз портларини қамал қилиши оқибатида буғдой ва маккажўхори экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринда турадиган мамлакатдан бу маҳсулотларнинг чиқиши тўхтаган, бу эса даромади паст мамлакатларда озиқ-овқат танқислиги ва очарчилик хавотирини келтириб чиқарган.

Украина ҳукуматига кўра, жами 20-25 миллион тонна маҳсулот ушлаб турилган бўлиб, улар тез орада жўнатилмаса, чирий бошлаши мумкин.

Қарши кўчаларидаги кулча нон сотувчилари, 10 июн. [Гулчеҳра Ҳамидова]

Қарши кўчаларидаги кулча нон сотувчилари, 10 июн. [Гулчеҳра Ҳамидова]

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти асосан буғдойнинг ярмидан кўпини Украина ёки яна бир йирик ишлаб чиқарувчи – Россиядан импорт қиладиган Африка мамлакатларида «очлик бўрони» ҳақида огоҳлантирган.

Ўз навбатида Ўзбекистонда ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб, шакар тақчиллиги кузатилмоқда.

Украинадаги уруш туфайли яшаш қимматлашиб кетди, дейди Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида яшовчи 46 ёшли Зафар Тўлаев.

«Ун, сариёғ ва шакар нархи сезиларли даражада ошди. Тандирда нон пишириш учун унни доим қоплаб сотиб оламиз», дейди етти кишилик оила бошлиғи Тўлаев.

«Украинадаги урушга қадар бир қоп (50 кг) ун 250 минг сўм (22,60 доллар) турган бўлса, ҳозир 400 минг сўмдан (36,20 доллар) сотиб оляпмиз», деди у.

Бозорда авваллари 3 минг сўм (0,27 доллар) бўлган ёпган ноннинг бир донаси энди 4-5 минг сўмдан (0,36-0,45 доллар) сотилмоқда.

Мамлакатда энг кам ойлик 920 минг сўмни (83,3 доллар) ташкил этади.

Шакар тақчиллиги мамлакатдаги озиқ-овқат дўконлари ва бозорларда саросима келтириб чиқарган.

Термизлик 39 яшар Ғулом Алиқуловнинг айтишича, уруш бошланганидан бери шакар нархи икки баравар ошган.

Бир килограмми 11 минг сўм (1 доллар) турган шакар энди дўконларда 22 минг сўмдан (2 АҚШ доллари) сотилмоқда. Унинг нархи бозорда 17 минг сўмгача (1,54 АҚШ доллари) бўлса-да, киши бошига 2 килограммдан ортиқ берилмайди.

«Аммо 40 даража иссиқда бозорда навбатда туриш – азоб. Аввалги тинч ҳаёт ва барқарор нархлар қайтса яхши бўларди», дейди Алиқулов.

Импорт харажатлари ошмоқда

Россия босқини ва савдо қамалининг таъсири Ўзбекистон импорт қиладиган озиқ-овқат нархларининг ошишида ўз аксини топмоқда.

2022 йилнинг дастлабки тўрт ойида озиқ-овқат импорти қиймати 48,9 фоизга ёки 370,2 миллион долларга ўсди. Ўзбекистон ҳукуматига кўра, мамлакат озиқ-овқат импорти учун жами 1,12 миллиард доллар сарфлаган.

2021 йилнинг дастлабки тўрт ойида бу рақам 756,4 миллион долларни ташкил этди. Харидларнинг асосий қисми буғдой, шакар хомашёси, маргарин ва водородланган ёғлар, гўшт ва картошкадан иборат бўлган.

Россия 283 миллион доллардан ортиқ озиқ-овқат етказиб берган бўлса, Беларус ва Украинанинг улуши тегишли равишда тахминан 49 миллион ва 12 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон расмийлари жамоатчиликни озиқ-овқат етарли эканига ишонтирмоқда.

30 май куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда жорий йилнинг августигача етадиган ғалла захираси борлигини маълум қилди.

«Июн ойида далаларимиздан 7 миллион тоннадан ортиқ ғалла йиғиштириб оламиз. Бу йилги ҳосил ўтган йилгига нисбатан 1 миллион тоннадан кўпроқ бўлиши кутилмоқда», деган эди ўшанда вазирлик вакили Абдулла Мансуров Podrobno.uz нашрига.

«Шундан 5,5 миллион тонна ғалла аҳоли истеъмоли ва бошқа эҳтиёжлар учун етарли бўлади», деб қўшимча қилди у.

Россия муаммолари

Ўзбекистон нархларнинг кескин ошишига қисқа муддат бардош бера олса-да, Россия босқинининг узоқ муддатли оқибатларини тахмин қилиш мушкул, дейди иқтисодчилар.

«Россия иқтисодиёти таназзулга учрамоқда. 2022 йил охиригача ЯИМнинг 30 фоизга тушишини прогноз қилмоқдамиз», деб ёзган Халқаро молия институти бош иқтисодчиси Робин Брукс май ойида твиттерда.

«Россия иқтисодиёти вайрон бўлиши мумкин ва бу Евроосиёдаги барча иқтисодлар учун хавфлидир», дейди тошкентлик молиявий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.

Россия ўзининг 1990-йиллардаги иқтисодий кўрсаткичларига қайтмоқда, деб огоҳлантирди у. «Кекса авлод ўшанда Россияда нималар бўлганини жуда яхши эслайди. Давлатчилик кўз ўнгимизда парчаланиб кетган эди».

Швецияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатчи Пўлат Охунов Украинадаги уруш билан боғлиқ бошқа қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтган.

Авваллари Ўзбекистонга йўналган барча асосий транспорт йўлаклари Россия орқали ўтар эди, аммо энди санкциялар туфайли Россия ҳудуди орқали етказиб бериш тўхтатилди ёки қийинлашди, деди у.

«Йил оғир ўтади. Озиқ-овқат билан боғлиқ катта муаммолар юзага келади. Нархлар кўтарилади. Россия урушни давом эттирадиган бўлса, Африка ва Яқин Шарққа озиқ-овқат инқирози таҳдид солиши мумкин», деди Охунов Карвонсаройга.

«Бизда ҳам муаммолар бўлади, аммо очарчилик бўлмайди. Нархлар ўсишда давом этади», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон озиқ-овқат етказиб беришнинг янги йўлларини ва янги ҳамкорларни излаши керак, деди у.

Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят Россияга «боғлиқликдан» воз кечиб, транспорт йўналишларини диверсификация қилишни бошлаши керак; акс ҳолда Россиядаги кичик муаммолар Ўзбекистонда ҳам муаммолар пайдо қилади, дейди Охунов.

«Ўйлашимча, яқин 2-3 йил ичида Ўзбекистон ўз озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида ўзи қайғуриши керак», дейди озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича тошкентлик таҳлилчи Ойбек Кимсанбоев.

Россия ва Украина, шунингдек, қисман Қозоғистон ва Беларус ҳам Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ғалла, бошқа экинлар ва ўғитларнинг асосий экспортчилари бўлиб, озиқ-овқат импортининг қарийб 40-45 фоизи шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади, деди у.

Энг аввало Ўзбекистон экинларнинг генетик селекцияси ва уруғларни, айниқса генетик модификация қилинган экинларни етиштиришга алоҳида эътибор қаратиши керак, дейди у.

«Бу аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш нуқтайи назаридан миллий хавфсизликнинг жуда муҳим соҳасидир.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500