Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш миллий стратегияси эълон қилинди

Рустам Темиров

Жиззахлик Акмал Аҳмедов парранда етиштириш билан машғул, 29 март кунги сурат. 2022 йилда банкдан олинган имтиёзли кредит унга фермер хўжалигини очиш ва даромадини уч баробар ошириш имконини берди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Жиззахлик Акмал Аҳмедов парранда етиштириш билан машғул, 29 март кунги сурат. 2022 йилда банкдан олинган имтиёзли кредит унга фермер хўжалигини очиш ва даромадини уч баробар ошириш имконини берди. [Рустам Темиров/Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Яқинда Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қишлоқларда саноатни кенгайтириш, инфратузилмани яхшилаш ва урбанизацияни қўллаб-қувватлашга қаратилган қашшоқликка қарши кураш бўйича миллий стратегияни эълон қилди.

Янги ёндашув ҳақида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 18 май куни Тошкентда бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш бўйича иккинчи Ўзбекистон халқаро форумида маълум қилди.

Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), БМТ Тараққиёт дастури, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, БМТ болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Осиё тараққиёт банки иқтисодчилари дохил 200 дан ортиқ вакил қатнашди.

Форум Марказий Осиё Россиянинг Украинага босқини иқтисодий оқибатлари билан курашаётган бир пайтда ўтказилмоқда.

18 май куни Тошкентда камбағалликни камайтириш бўйича иккинчи Ўзбекистон халқаро форумининг сессиясида иштирок этаётган делегатлар . [Рустам Темиров/Карвонсарой]

18 май куни Тошкентда камбағалликни камайтириш бўйича иккинчи Ўзбекистон халқаро форумининг сессиясида иштирок этаётган делегатлар . [Рустам Темиров/Карвонсарой]

Халқаро валюта жамғармасининг 30 ноябрдаги ҳисоботига кўра, Украинадаги урушнинг инфляция ва пул ўтказмаларига таъсири туфайли Кавказ ва Марказий Осиё бўйлаб қашшоқлик даражаси тахминан 1 фоизга ошиши мумкин.

Октябр ойи ҳолатига кўра, урушнинг иқтисодий оқибатлари Марказий Осиё ва Шарқий Европада тўрт миллион болани қашшоқликка дучор қилган – бу ўтган йилга нисбатан 19 фоизга кўп, дейилади ЮНИСЕФ баёнотида.

Озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминланмагани Россиянинг Украинага босқини туфайли Ўзбекистонни ҳам ташвишга солмоқда – мамлакат озиқ-овқатнинг 32 фоизини Россия ва Украинадан импорт қилади.

Январ ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси ўтган йилги 17 фоиздан 14 фоизга тушгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистонда 2,3 миллионга яқин аҳолига ижтимоий нафақа тўланмоқда, деб айтган Мирзиёев май ойида бўлиб ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида.

«Бироқ, ижтимоий тўловлар камбағаллик муаммосини ҳал эта олмайди», деди Қўчқоров форумда ва «инсон капитали»ни ривожлантириш Ўзбекистон учун устувор мақсадлардан бири эканини айтди.

«Қишлоқ жойларда қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда», деди Қўчқоров форумда. «Илк бор президент ташаббуси билан ерни 30 йилга ижарага бериш йўлга қўйилди.»

Янги фермерлар қаторида жиззахлик Акмал Аҳмедов ҳам бўлиб, унинг аёли ва бир фарзанди бор. Акмал ўтган йили банкдан олинган кам фоизли кредит эвазига товуқ ва курка боқишни йўлга қўйган. Ҳозирда у ойига 500-600 доллар (5 миллиондан 6 миллион сўмгача) пул топмоқда. Бир ярим йил олдин у кунлик ишчи сифатида ойига тахминан 1,5-2 миллион сўм (150-200 доллар) маош олар ва камбағал ҳисобланар эди.

Ҳозирги кунда Аҳмедов паррандаларига озуқа етиштириш учун қўшимча ер олишга ариза топширмоқда.

Камбағалликка қарши курашнинг бошқа йўналишлари қаторида товарлар етказиб беришни тезлаштириш, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш учун инфратузилмани ривожлантириш ҳам бор.

Урбанизация – ушбу ташаббуснинг алоҳида таркибий қисмидир, зеро ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг ярми қишлоқларда истиқомат қилади.

Тизимли ёндашув

Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ёндашувни қўлламоқда, ҳукуматнинг таъкидлашича, унинг ёрдамида 2022 йил бошидан буён бир миллиондан ортиқ аҳоли камбағалликдан чиқарилган.

Жорий йил бошида барча туманлар беш тоифага бўлиниб, уларга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларидан келиб чиққан ҳолда табақалашган енгилликлар берилди, бу камбағалликни камайтиришга ёрдам берди, деди Мирзиёев май ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида.

Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм (1,13 миллиард доллар) кредит ва 1,5 триллион сўм (130 миллион доллар) субсидиялар ажратилади, деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистонда қашшоқлик чегараси бир киши учун ойига 498 минг сўмни (50 доллардан камроқ) ташкил этади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси бир киши учун 2,1 миллион сўмдан ортиқни (тахминан 200 доллар) ташкил этди.

Ҳисоб-китобда фойдаланиладиган истеъмол савати ўртача меҳнатга лаёқатли одам томонидан бир ойда сотиб олинган товарлар ва хизматлар рўйхатига асосланади.

Унга нон, ёрма ва дуккакли маҳсулотлар, гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда сут маҳсулотларининг нархи киради, дейди иқтисодчи Нодира Зикриллаева Карвонсарой нашрига.

Шунингдек, саватга дори-дармонлар, косметика ва уй-рўзғор буюмлари каби ноозиқ-овқат маҳсулотлар, коммунал ва транспорт каби хизматлар, касб-ҳунарга ўргатиш курслари нархи ҳам киради, деди Зикриллаева.

«Истеъмол савати одатда аҳолининг учта ижтимоий қатлами учун йиғилади: меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар», деди у.

Янги стратегия

Ўзбекистон қашшоқликка қарши курашда тўғри йўлдан кетмоқда, дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамадзода Карвонсарой нашрига.

«Қашшоқликни камайтириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилди, бандлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича стратегиялар ҳам мавжуд», деди Мамадзода.

«Ушбу уч стратегиянинг бир-бири билан ўзаро таъсири жуда муҳим, чунки натижаларга эришишнинг ягона йўли – уларнинг бирлаштириш», деб қўшимча қилди у.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аҳолининг учдан бир қисмини болалар ва 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этувчи мамлакатда болалар қашшоқлигини бартараф этиш бўйича иш олиб боради.

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари кўп ўлчамли қашшоқликка қарши курашиш ва барча болаларнинг озиқ-овқат, таълим ва тиббий ёрдамдан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.

Иш излаб мамлакатни тарк этган мигрантларнинг фарзандлари алоҳида тоифа ҳисобланади.

«Ўзбекистонда болалар қашшоқлиги тушунчаси глобал таърифга мос келади», деди Мамадзода.

«Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, бу кўрсаткич [болалар қашшоқлиги] катталарникидан 25 фоизга юқори.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ўзбекистоннинг қашшоқликка қарши қандай курашаётгани ҳақидаги мақолани ўқиб чиқиб, шуни айтмоқчиманки, бу қойилмақом! Бир йил ичида қашшоқлик даражасини 17 фоиздан 14 фоизга тушириш – бу прогресс. Ўзбекистон ижтимоий нафақалар билан шу ерда ва ҳозир одамларга ёрдам берибгина қолмай, балки кредит олиб, даромадини уч баравар оширган Акмал Аҳмедов каби инсон капиталини ривожлантиришни ҳам ўйлаётгани менга ёқди. Ажойиб! Менга Ўзбекистоннинг барча жабҳаларда ҳаракат қилаётгани маъқул келди: мамлакат қишлоқ хўжалигини ва бизнесни ривожлантирмоқда, инфратузилмани, сув ва электр энергияси таъминотини яхшиламоқда. Ерни ҳам 30 йилга ижарага беришар экан; бу одамлар учун имконият ва келажакка умид бахш этади. Умуман олганда, Ўзбекистон буюк ишлар қилмоқда, ҳақиқатан ҳам одамларга ёрдам беришга, қашшоқликдан халос бўлишга интилмоқда. Бу кўпчилик учун ўрнак ва менга ҳам маъқул. Баракалла, Ўзбекистон!

Жавоб бериш

Путин жуда қари чол. Унинг калласи ачиб боряпти! ХҲК давлат ташкилотларига алоқадор эмаслиги ҳақида гапиргани ёдидан чиқибди. Ҳозир эса давлат деярли уч миллиард АҚШ доллари билан Вагнерни молиялаштирганлигини ўзи тан олиб турибди )))

Жавоб бериш