Россия президенти Владимир Путиннинг қудратли иттифоқчиси, Рус православ черкови патриархи Кирилл ўрта асрлардаги салиб юришлари риторикасидан фойдаланган ҳолда Москванинг Украина шарқидаги босқинини қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
Москванинг Украина шарқидаги ҳужумида диндорларни россияпараст «биродарларни» қўллаб-қувватлашга чақирган Кирилл сентябр ойидаги ваъзида Украинадаги ўлим «барча гуноҳларни ювишини» айтди.
Россиянинг Украинадаги аянчли ҳарбий муваффақиятсизликлари сони кўпайиб борар экан, Москва расмийлари бу кампанияни диний истилоҳлар билан тасвирлашга мойил бўлиб бормоқда.
Жамоатчилик ишончини қозонишга уринаётган Путин Янги йил кечасидаги мурожаатида «ахлоқий, тарихий ҳаққоният биз тарафда», деб айтган.
У дастлаб православ насроний қардош мамлакат «демилитаризация» ва «денацификация қилиниши» кераклигини таъкидлаган эди.
Аммо Москва ҳужумидан кейин 10 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, Россия ҳукумати, ҳарбий қўмондонлар ва ташвиқотчилар бу можарони чириётган Ғарбга қарши кураш сифатида тасвирлашга уринмоқда.
Ноябр ойи бошида собиқ президент Дмитрий Медведев Россия экзистенциал таҳдидга дуч келганини ва «муқаддас мақсад» – иблисона Ғарбга қарши кураш эканлигини айтган эди.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимида ишлаётган Медведев Телеграмда «Биз Яратганнинг сўзларини қалбимиз билан тинглаймиз ва уларга бўйсунамиз», деб ёзган.
«Мақсад дўзахнинг етакчиси, у қандай ном билан аталмасин – Шайтон, Люцифер ёки Иблисни тўхтатишдир.»
Россия қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун фронтга ўнлаб православ руҳонийлари жўнатилган.
Кучайиб бораётган ихтилоф
Ҳужум рус ва украин православ черковлари ўртасидаги ихтилофни янада кучайтирган. Аммо Россиядаги ҳар бир руҳоний ҳам Москва патриархиясининг риторикасини қўллаб-қувватламайди.
Бу сўзлар бевосита Ўрта асрларга оид, дейди Испаниянинг Мадрид шаҳрида яшовчи православ руҳонийси Андрей Кордочкин.
«Биз ўрта асрларни қўмсашимиз мумкин, лекин у ёққа қайтишнинг иложи йўқ», деб қўшимча қилди у. «Уруш қотилликнинг бир тури сифатида ҳеч қандай маънавий қийматга эга эмас.»
Кордочкин – расмийларни Украинадаги «биродаркушлик урушини» тугатишга чақирувчи очиқ мактубни имзолаган 300 га яқин Рус православ черкови руҳонийларидан бири.
«Яна кўпчилик» мактубда битилган сўзларга розилик билдирса-да, турли сабабларга кўра уни имзолай олмади, дейди у.
«Россия ва Украинадаги фарзандларимиз ва невараларимиз яна бир-бири билан дўст бўлиши, бир-бирини ҳурмат қилиши ва яхши кўриши учун енгиб ўтиши керак бўлган жарлик бизни қаттиқ ўйга солади», дейилади петицияда.
Хатни имзолаган бир неча кишига патриархиянинг ижозати берилган, дейди очиқ гапириш учун исми сир қолишини сўраган руҳонийлардан бири.
Руҳонийларнинг бир қисми бошқа черковларга кўчирилиб, уларнинг ўрнига Кремлга содиқ руҳонийлар тайинланган, деди у.
«Ўз черковида 30 йил хизмат қилган бир руҳоний бошқа жойга хизматга ўтказилди», деб қўшимча қилди у Россия ҳужумини «фалокат» деб атаб.