Карвонсарой
Энергия

Ўзбекистон Россияга энергетик қарамликни йўқотишда қўшниларининг ёрдамига кўз тикмоқда

Рустам Темиров

Россияга қарамликдан қочиш ва келажакда ўз энергетика муаммоларини ҳал қилиш учун Ўзбекистон яқин қўшнилари билан энергетик соҳадаги ҳамкорликни кучайтирмоқда. Суратда Ўзбекистон Туркманистондан қанча табиий газ ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистондан қанча кўмир харид қилгани акс этган. [Карвонсарой]

Россияга қарамликдан қочиш ва келажакда ўз энергетика муаммоларини ҳал қилиш учун Ўзбекистон яқин қўшнилари билан энергетик соҳадаги ҳамкорликни кучайтирмоқда. Суратда Ўзбекистон Туркманистондан қанча табиий газ ҳамда Қозоғистон ва Қирғизистондан қанча кўмир харид қилгани акс этган. [Карвонсарой]

ТОШКЕНТ – Россияга қарамликнинг олдини олиш йўлларини излаётган Ўзбекистон энергетик муаммоларини ҳал қилишда қўшниларининг ёрдамига умид қилмоқда.

Бу йил қишда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 20 даража совуқдан пастлар экан, электр таъминотида узилишлар кузатилди.

«Опамнинг оиласи... суткада 20 соат иссиқлик ва электр таъминотисиз қолди», дейди андижонлик журналист Сабоҳат Раҳмонова Карвонсарой нашрига.

«Қиш ва аномал совуқ ҳарорат ўзбек аёллари учун ҳақиқий синов ва қийноққа айланди. Болалар уйда, чунки мактаб ва боғчалар ёпилган», дейди у.

Печкага ўт қалаётган наманганликлардан бири, 16 январ. [Тоҳир Турсунов]

Печкага ўт қалаётган наманганликлардан бири, 16 январ. [Тоҳир Турсунов]

«Ҳамма нарса – ўтин, кўмир ва озиқ-овқат қимматлашди.»

Вилоятлар аҳолиси электр ва газ таъминотидаги узилишларга кўникиб қолган бўлса, пойтахт Тошкент аҳолиси бундай йирик энергетика инқирозидан шокка тушган.

«Тошкент чеккасидаги беш қаватли уйимизда икки кун электр бўлмади... Газ босими бир ҳафтача жуда паст бўлиб турди», дейди тошкентлик Константин Агафонов Карвонсарой нашрига.

«Овқат иситиш ёки пишириш имконсиз эди. Энг совуқ кунларда иситиш тизими ҳам ўчди. Кечаси музлаб қолдик», дейди у.

Совуқ об-ҳаво туфайли мамлакатдаги барча газ қуйиш шохобчалари қисқа муддатга ёпилган, газдан фойдаланадиган ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ўз қувватини пасайтиришга ёки фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.

Ҳозирда Ўзбекистон ўз эҳтиёжининг тахминан 8-10 фоизини ташкил этадиган электр қуввати тақчиллигига дуч келмоқда.

Бироқ, аҳоли ва саноатнинг ўсиши ҳисобга олинса, мамлакатга бундан кўпроқ газ ва электр энергияси керак бўлади.

2023 йилнинг январ ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 36 миллион кишини ташкил этган, бу ўтган йилга нисбатан 753,6 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўп. Агар туғилиш даражаси ҳозиргидек сақланиб қолса, 2035 йилда аҳоли сони 45 миллиондан ошади.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб йилига 6,2 фоиздан 6,5 фоизгача ошиши кутилмоқда.

2030 йилга келиб, ишлаб чиқариш қуввати ҳозиргидан камида 1,8–1,9 баравар юқори бўлиши керак.

Қўшнилардан ёқилғи

Ўзбекистон Россия газини харид қилиш бўйича шартномалар имзолаган бўлса-да, энергетик жиҳатдан Кремлга қарам бўлиш хавфини яхши тушунади.

24 январ куни Ўзбекистон ҳукумати «Марказий Осиё – Марказ» газ қувуридан Қозоғистон орқали Россия газини олиш бўйича шартнома имзолади.

Етказиб бериш 1 мартдан бошланиши режалаштирилган бўлиб, йилига 6-7 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.

Россияга қарамликдан қочиш ва келажакда ўз энергетика муаммоларини ҳал қилиш учун Ўзбекистон яқин қўшнилари билан энергетик соҳадаги ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Мамлакат Туркманистондан кунига қўшимча 20 миллион куб метр газ олиш қишда газ танқислигини қондиришини тахмин қилган ҳолда 2022 йил декабр ойи ўрталарида уч ой муддатга Туркманистондан 1,5 миллиард куб метр газ харид қилиш бўйича шартнома имзолади.

Ўша ойнинг ўзида Остона ва Тошкент Ўзбекистоннинг Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қурилаётган учта янги иссиқлик электр станцияси учун кўмир етказиб беришга оид шартномани имзоладилар.

Қозоғистон Қарағанда вилоятидаги Шубаркўл конидан камида 10 йил давомида тошкўмир етказиб бериши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Қирғизистон ҳам кўмир етказиб беради.

2022 йилнинг 10 ойида Қирғизистон Ўзбекистонга қарийб 431 минг тонна кўмир экспорт қилди, деб ёзган эди Kun.uz декабр ойида.

Қирғизистондан Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш ҳажми келаси икки йил ичида 4 миллион тоннага етиши мумкин, деб хабар берган бир қанча оммавий ахборот воситалари январ ойида.

Ўз навбатида Ўзбекистон газ қазиб олишни кўпайтириб, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантирмоқчи.

24 январ куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг келаси куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ўтказилган йиғилишида 2023 йилда 56,3 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 4,6 миллиард куб метрга кўп.

Қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига йилига 1,6 миллиард куб метр газни тежаш режалаштирилмоқда.

2023 йилда Фарғона водийсида 600 МВт қувватга эга иккита қуёш электр станциясини барпо этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон қуёш панеллари ўрнатиш ва кичик электростанциялар қуриш учун 2 миллиард доллар жалб қилмоқчи. Водийда юзта микроГЭС қурилади.

Минтақавий ҳамкорлик

Марказий Осиё энергетик интеграция учун ўз платформасини яратиши зарур, дейди тошкентлик иқтисодчи Анвар Назиров.

«Россия қўпол равишда Марказий Осиё давлатлари ишига аралашиб, улар орасида муаммолар пайдо қилмоқда. Масалан, Ўзбекистонга газ бермаслик ёки уни Россия компаниялари орқали сотиш учун Туркманистонга босим ўтказмоқда», деди Назиров Карвонсаройга.

Россия газини мамлакатга керакли ҳажмда сотиб олиш катта маблағ талаб қилади.

Бу нохуш факт Ўзбекистон нима учун қайта тикланадиган ва муқобил энергиянинг турли шакллари: биогаз, микроГЭС ва қуёш электростанцияларига эътибор қаратаётганини изоҳлайди.

«21-асрда ҳар қандай давлат ривожланиши учун ўзини-ўзи энергия билан таъминлай олиши муҳим», дейди Ванкувердаги (Канада) Consultations on International Policy and Economy таҳлил маркази президенти Фикрет Шабанов. «Бу миллий хавфсизликнинг стратегик асосидир.»

Ўзбекистон энергия ишлаб чиқариш саноатига сармоя киритиш тўғрисидаги қонунларни келажакда барча ресурсларни ўзига қоладиган қилиб ислоҳ қилиши керак, деди у.

«Энергияга қарам давлат ўз сиёсий мустақиллигининг йўқотилиши билан ҳам муроса қилишга мажбур бўлади», деди Шабанов Карвонсаройга.

«Бу мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини секинлаштиради ва аҳоли турмуш даражасига таъсир қилади, бу эса ўз навбатида ижтимоий фаол, аммо ишсиз ёшларнинг кўпайишига, ижтимоий ва ҳатто ҳарбий-сиёсий таҳдидларга сабаб бўлади», деди у.

Қирғизистон каби қўшнилар билан гидроэнергетикани ривожлантириш, Марказий Осиё мамлакатлари учун ягона электр тизимини яратиш бўйича давлат-хусусий шериклиги Ўзбекистоннинг нафақат энергетик эҳтиёжларини қондириши, балки иқтисодий манфаат келтириши ва минтақадаги сиёсий нуфузини ошириши мумкин, деб қўшимча қилди у.

«Қозоғистон билан дўстона муносабатлар ва ундаги мўл уран заҳиралари инобатга олинса, атом энергетикасини ривожлантириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Лекин технология танлаш ҳам сиёсий, иқтисодий ва технологик қарамликни белгилайди», деди Шабанов.

«Фикримча, мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш сиёсати қайта кўриб чиқилиши керак», дейди журналист Раҳмонова.

«Энг аввало, қўшниларимиз: Қозоғистон ва Туркманистонга эътибор қаратишимиз лозим. Туркманистон гази Россия газидан арзонроқ, шунинг учун бу борада ўйлаб кўришимиз ва ишлашимиз керак».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Раҳмат !!!

Жавоб бериш

Албатта, ишларимизни Россиянинг аралашувисиз ҳал қилишимиз керак.

Жавоб бериш