Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Молдовада Россияпараст мухолифат партияси ноқонуний деб топилди

Карвонсарой ва AFP

Молдова конституциявий суди президенти судьяси Николае Рошка (ўртада) 19 июн куни Кишинёвда «Шор» мухолифат партиясини ноқонуний деб эълон қилиш ҳақидаги суд қарорини ўқиб эшиттирмоқда, чапда эса партия депутати Марина Таубер. [Елена Коваленко/AFP]

Молдова конституциявий суди президенти судьяси Николае Рошка (ўртада) 19 июн куни Кишинёвда «Шор» мухолифат партиясини ноқонуний деб эълон қилиш ҳақидаги суд қарорини ўқиб эшиттирмоқда, чапда эса партия депутати Марина Таубер. [Елена Коваленко/AFP]

КИШИНЕВ – Душанба (19 июн) куни Молдова конституциявий суди қувғиндаги россияпараст олигарх Илан Шорнинг мухолифат партиясини ноқонуний деб топди. Европага мойил ҳукумат уни тўнтариш уринишларида айблаб келади.

Расмий Кишинёв ушбу партия мамлакат миллий манфаатларига зид иш қилмоқда, дея суддан конституциявий қарор чиқаришни сўраганидан сўнг ушбу қарор қабул қилинган.

Сўнгги ойларда «Шор» партияси пойтахт Кишинёв ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳукуматга қарши бир қанча намойишлар ўтказиб, президент Майя Сандуни электр энергияси учун тўловларнинг қимматлигида ва Молдовани Украинадаги урушга тортмоқчи бўлаётганликда айблаган.

Кишинёв ҳукуматига кўра, норозилик намойишлари – амалдаги ҳукуматни ағдариб, ўрнига Кремлга яқинроқ ҳукуматни иқтидорга олиб келишни мақсад қилган Россия режасининг бир қисмидир.

19 июн куни Кишинёвда Молдова конституциявий суди «Шор» мухолифат партиясининг мақоми ҳақида қарор қабул қилар экан, партия тарафдорлари суд биноси олдида намойишга тўпланганлар. [Елена Коваленко/AFP]

19 июн куни Кишинёвда Молдова конституциявий суди «Шор» мухолифат партиясининг мақоми ҳақида қарор қабул қилар экан, партия тарафдорлари суд биноси олдида намойишга тўпланганлар. [Елена Коваленко/AFP]

Молдованинг Днестрбўйи деб номланган бўлгинчи ҳудудига қўшин жойлаштирган Россия 1992 йилдан бери мамлакатни таҳликада ушлаб келади.

Суд душанба кунги қарори билан Кишинёв фойдасига ҳукм чиқарган.

«Шор сиёсий партияси конституцияга зид деб топилди... Ушбу қарор эълон қилинган кундан бошлаб у тарқатиб юборилган деб ҳисобланади», дейилади суд қарорида.

«Шор» партиясининг беш нафар депутати ўз сайловчиларига вакиллик қилишда давом этиши мумкин, аммо 110 ўринли парламентда уларга ўрин берилмайди, деб қўшимча қилди суд.

Партия бу қарорга нисбатан Страсбургда жойлашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида эътироз билдиради, деди журналистларга партия адвокати Аурелиу Коленко.

«Бу ҳақоратли ва жиноий қарор», деди у.

Санду суднинг қарорини олқишлаган.

Демократик интилишлар

«Бу жамоатчилик кутган қарор, зеро молдоваликлар жиноий ташкилотларни ҳимоя қилмайдиган, уларнинг давлатни эгаллашига йўл қўймайдиган демократик давлатни қадрлайдилар ва унда яшашни хоҳлайдилар», деб ёзди Санду Facebook саҳифасида.

Март ойида Шор томонидан ташкиллаштирилган митинг олдидан полиция кичик постсовет давлатидаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Москва томонидан уюштирилганликда гумон қилинган тармоқ аъзоларини ҳибсга олди.

Апрел ойида апелляция суди партия асосчиси Шорни пул ювиш, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишда айблаб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

36 ёшли Шор 2019 йилда Исроилга қочиб кетган ва ўшандан бери Молдова ҳукумати уни экстрадиция қилишга уриниб келмоқда.

Ўтган йилнинг октябр ойида Қўшма Штатлар Шор ва бошқа бир қанча Молдова фуқароларига коррупция ёки Молдова демократиясига путур етказишда Россия билан ҳамкорлик қилиш айблови билан санкциялар жорий қилган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Дунё бўйлаб умумий руслаштиришга қарши ҳаракат олиб борилмоқда.

Жавоб бериш

Баракалла

Жавоб бериш