Карвонсарой
Хавфсизлик

Россия Украина билан урушга Молдовани ҳам тортмоқчими?

Ольга Чепил

Молдова билан чегарадаги Варница назорат ўткзиш пунктида тан олинмаган Днестрбўйи республикасига кираётган йўловчиларни текшириб, автобусдан тушаётган приднестровьелик ҳарбий хизматчи, 28 апрел. Россия генерали Кремлнинг ҳужуми жанубий Украина орқали Днестрбўйига қуруқлик йўлаги очишга қаратилганини айтгач, минтақадаги беқарорлик хавотири кучайган. [Даниел Михайлеску/AFP]

Молдова билан чегарадаги Варница назорат ўткзиш пунктида тан олинмаган Днестрбўйи республикасига кираётган йўловчиларни текшириб, автобусдан тушаётган приднестровьелик ҳарбий хизматчи, 28 апрел. Россия генерали Кремлнинг ҳужуми жанубий Украина орқали Днестрбўйига қуруқлик йўлаги очишга қаратилганини айтгач, минтақадаги беқарорлик хавотири кучайган. [Даниел Михайлеску/AFP]

КИЕВ – Россия расмийларининг баёнотлари ва ўтган ой Украина жануби-ғарбий чегараси бўйлаб Молдовадаги Россия қўллаб-қувватлайдиган бўлгинчи ҳудуд – Днестрбўйида юз берган портлашлар Москванинг ниятлари борасидаги хавотирларни авж олдирган.

Апрел ойи охирида Днестрбўйи ўз хавфсизлик вазирлиги, ҳарбий қисм ва Россияга қарашли радиоминоранинг портлагани, шунингдек, Россия қурол-яроғ омбори жойлашган қишлоқ ўққа тутилгани ҳақида хабар берган, Москва буни «террорчилик ҳаракати» деб атаган эди.

Украина билан чегарадош тан олинмаган Днестрбўйи республикаси 1992 йилда Кишинёв билан қисқа урушдан сўнг Молдова таркибидан ажралиб чиққан. Ўшандан бери у ерга 1500 га яқин Россия аскари жойлаштирилган.

Бу вазият Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 30 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, советлар белгилаган чегаралар туфайли Қирғизистон ва Тожикистон, Ўзбекистон ва Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон каби қўшни давлатлар ўртасида келишмовчиликлар, баъзан низолар ҳам юз бериб турадиган Марказий Осиё минтақасини эслатади.

28 апрел куни тан олинмаган Днестрбўйи ўлкаси ва Молдованинг қолган қисми ўртасидаги чегарада жойлашган Варница қишлоғида автобус кутаётган маҳаллий аҳоли вакиллари. [Даниел Михайлеску/AFP]

28 апрел куни тан олинмаган Днестрбўйи ўлкаси ва Молдованинг қолган қисми ўртасидаги чегарада жойлашган Варница қишлоғида автобус кутаётган маҳаллий аҳоли вакиллари. [Даниел Михайлеску/AFP]

Украина можаросининг кенгайишига оид хавотирлар россиялик генерал-майор Рустам Миннекаевнинг апрел ойидаги баёноти ортидан кучайган – ҳарбий мулозим Кремлнинг 24 феврал куни бошланган ҳарбий кампанияси Украина жануби орқали Днестрбўйига қуруқлик йўлаги очишга қаратилганини айтган эди.

Киев Россияни ҳарбий босқин учун баҳона яратиш мақсадида минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганликда айбламоқда.

Россия президенти Владимир Путин Днестрбўйи томон қуруқлик йўлаги очиш қарорида қатъий, деб баёнот берди сешанба (10 май) куни АҚШ миллий разведка бошқармаси директори Эврил Хейнс.

«Тахминимизга кўра, президент Путин Украинада узоқ муддатли можарога ҳозирлик кўрмоқда, унинг давомида Донбассдан ташқаридаги мақсадларга эришиш кўзланган», деди Хейнс АҚШ сенатидаги эшитувларда.

Сўнгги ҳафталарда Россия кучлари ўз эътиборини Киевдан Украина жануби-шарқидаги Донбасс ҳудудига қаратди.

«Путин, афтидан, Россия ўз рақибларига қараганда қийинчиликларга бардошлироқ ва тайёрроқ деб ҳисоблаяпти. У озиқ-овқат танқислиги, инфляция ва энергия ташувчилар нархи билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашгани туфайли АҚШ ва Европа Иттифоқининг заифлашувига умид қилмоқда», деди Хейнс Сенатнинг қуролли кучлар қўмитасига.

Россия, жумладан 2014 йилда ишғол қилинган Қрим учун сув ресурсларини таъминлаш мақсадида ҳали ҳам Қора денгиз соҳилидаги ҳудудларни қўлга киритиш ниятида, деб қўшимча қилди у.

«Биз Россия ҳарбийларининг қуруқликдаги йўлакни Днестбўйига қадар узайтирмоқчи эканига ишора қилувчи белгиларни кўряпмиз», дейди Хейнс.

Бироқ, Россиянинг ҳозирги қўшинлари Россия жамиятининг ресурслари ва умумий сафарбарликсиз бу ҳудудни эгаллаб олиш ва ушлаб туришга етадиган даражада кўп ёки кучли эмас, деди у.

Янги жабҳами?

Бундай қадам Украинадаги Одесса денгиз портининг эгаллаб олиниши ва мамлакатнинг денгиздан бутунлай узилиб қолишини англатади.

«Днестрбўйида ҳали ҳам Россиянинг 1500га яқин аскари бор», дейди Киевдаги Сиёсий таълим институтининг амалий сиёсат дастурлари раҳбари Александр Солонтай.

Бўлгинчи минтақадаги ҳарбий хизматчилар сони маҳаллий кучлар, чақирилувчилар ва заҳирадаги аскарларни қўшиб ҳисоблаганда 15 мингга яқин, деб қўшимча қилди у.

Таққослаш учун, Молдованинг кичиккина армиясида 5000 дан сал кўпроқ аскар хизмат қилади.

«Украина ва Днестрбўйи ўртасидаги чегаранинг узунлиги Винница ва Одесса вилоятларида 400 км дан ошади. Назарий жиҳатдан, Россия у ерда Украинага ҳужум қилиш учун янги фронт очиши мумкин», деди у.

Солонтайнинг сўзларига кўра, Днестрбўйининг Рибница туманидаги Колбасна қишлоғида Шарқий Европадаги энг йирик ўқ-дорилар омбори жойлашган.

20 минг тоннага яқин турли ўқ-дорилар сақланадиган омборга бир пайтлар Шарқий Германия, Чехословакия ва Совет Иттифоқининг бошқа мамлакатларидан олиб келинган ҳарбий техника ва қуроллар йиғилган.

Таҳлилчиларнинг аксари Россияга янги жабҳа очиш учун катта ресурслар керак бўлади, деб ҳисобламоқда.

«2014 йилга қадар Днестрбўйида Россиядан келган ҳарбий хизматчилар фаол ротация қилинди. Украина ва Молдова орқали. Ҳозир у ерга қўшин жўнатиш учун Россия Молдова, Руминия ёки Украина орқали учиши керак», дейди Тарас Шевченко номидаги Миллий университетида ишлайдиган киевлик сиёсатшунос Валерий Гончарук.

Бироқ, энди Россия Украинага бостириб киргач, ўша Россия қўшинларини олиб кетаётган самолётлар «ҳамма жойда уриб туширилиши мумкин. Бу Россия учун жуда катта хавф», дейди у.

Май ойида Украина Днестрбўйи пойтахти Тирасполга учиб ўтишга уринган ҳар қандай Россия ҳарбий самолёти уриб туширилишини айтган эди.

«Вазиятга тўлалигича назар солиш лозим. Барча фактлар жамланса, руслар Днестрбўйидан Украинага ҳужум қилишига унчалик ишонмайман», деди Гончарук.

«Биринчидан, кўп сонли Россия ҳарбий хизматчилари уруш бошидаёқ, Киевни эгаллашга уриниш чоғида ҳалок бўлди, Днестрбўйидаги маҳаллий армиянинг жанговар руҳи жуда паст, мотивация йўқ. Аскарларнинг кўпи жанг қилишни истамайдиган маҳаллий аҳоли вакиллари», дейди у.

Провокациялар ва чалғитувчи омиллар

Аксинча, Россиянинг Днестрбўйидаги жанговар фаоллашуви Украина эътиборини шарқий жабҳадан чалғитиш ва Молдовага потенциал таҳдид солишга уриниш бўлиши мумкин, дейди таҳлилчилар.

«Днестрбўйидаги бу провокацияларнинг барчаси кескинликни оширишга қаратилган», дейди Сиёсат тадқиқотлари халқаро марказининг ички сиёсат департаменти директори, киевлик сиёсатшунос Игорь Петренко.

«Улар учун Украина ўз қўшинларини Днестбўйи чегарасида ушлаб туриши, уларни шарқ ва жанубдан олиб чиқиб кетиши жуда муҳим», деди Петренко.

«Руслар ҳақиқатан ҳам... Украина билан урушда пайт пойлаб, Молдовага ҳужум қилиш учун Днестрбўйидан фойдаланиши мумкин», деди у.

«Днестрбўйи руслари Молдовада турли фитналар, можаро ва муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Улар нотинчлик ҳосил қилиши мумкин... Бу Кремлнинг одатий тактикаси», деди Петренко.

«Шундан кейин улар одамларга, «президентларинг эплай олмаяпти, бу ерда ҳам Украинадаги ҳолат бўлишини истамайсизлар-ку, тўғрими? Шунинг учун энди Россия тартиб ўрнатади», дейишади.»

«Москва бу вазиятдан фойда кўради, чунки Молдова устидан назоратни қўлга олади ва европаликларнинг диққатини Украинадан чалғитади», деб айтган у.

Бу вариантни амалга ошириш учун Россия қўшимча ресурслардан фойдаланиши лозим, аммо уларга эга эмас.

«Пойгага НАТО ҳам қўшилди», деб таъкидлади Петренко. «Руминия бундай сценарийларга зудлик билан жавоб бера оладиган тактик қўшинларини жойлаштирди.»

Урушга жалб қилиш

Нима бўлганда ҳам Россиянинг Днестрбўйидаги ҳаракатлари ва фитналари минтақавий хавфсизликка ва Молдованинг иқтисодиётига таъсир қилиб улгурди.

Молдовада йиллик инфляция 22 фоизга етди, мамлакат импорти ҳам қимматлашди, чунки маҳсулотларни энг арзон нархда ташиш имкониятини берган яқин атрофдаги Одесса порти ўз фаолиятини тўхтатган, деди Молдова бош вазири Нику Попеску 29 апрел куни.

«Бутун дунё Россия бошлаган уруш оқибатларини ҳис қилмоқда. Унинг таъсири ҳатто Хитой каби давлатларга ҳам сезилаётган бўлса, кичик давлатларга қандай таъсир қилаётганини тахмин қилиш қийин эмас», дейди Петренко.

«Кремл куч ва қўрқитиш намойиши демакдир, шу сабаб Россиянинг тактикаси қўрқитишдан иборат. Аммо қўрқмасангиз, унинг таъсири бўлмайди», дейди у.

Шундай бўлса-да, кескинлик кучайиб бормоқда.

«Бутун умр Приднестровьеда яшаганмиз. Ҳамма нарса тинч эди. Энди қўрқув пайдо бўлди», дейди кишинёвлик Роман.

«Бу провокациялар, ҳарбий ҳолатга тортиш. Кишинёвда кескинлик муҳити сезилмоқда», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 7

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ҳамма ерга аралашмоқда, шу билан бирга Грузияда сохта референдум ҳам ўтказилмоқда. Ўз амбицияси билан хорижий мамлакатларга суқилишни қачон бас қилишар экан?

Жавоб бериш

Орклар Беларусни жалб қила олишмади. Одамлар орклар сафида жанг қилишдан бош тортмоқдалар.

Жавоб бериш

Аслида Беларус 2020 йилдан бери оккупация қилиб келинади, чунки намойишчиларни қўлга олган полициячиларнинг кўпчилиги Россиядан бўлган эканлиги аниқлашмоқда. Улар беларусликларга ҳам қарши курашиб келишган. Беларусликлар учун саботаж қилиш қулай, у ерда ақли жойида бўлган одамлар борлигидан далолат бу.

Жавоб бериш

Тарих уларнинг қўллари жуда қисқа эканини кўрсатиб турибди. Улар ўз ядровий қуролларини ён-атрофга силкитишдан бошқа нарсага қодир эмаслар; талон-тарож қилинган армия ва ташвиқотдан бошқа фойда йўқ.

Жавоб бериш

Россия армияси Одесса ва Ғарбий Украинани эгаллашдан ташқари Днестрбўйига қуруқликдан йўлак очмоқчими? Молдова ва бошқа давлатларни ҳам босиб оладими? Аммо бу улар учун қийин масала; Бундай нодон ва ночор қўшин билан қандай қилиб нимадир қилиш мумкинлигини тушунмаяпман.

Жавоб бериш

Улар бутун дунёни фақат ўзлари учун керак бўлган бу урушга жалб қилишни истайдилар, мақсад – бутун дунёни учинчи жаҳон урушига тортиш.

Жавоб бериш

Россиянинг бути йиртилиб кетади.

Жавоб бериш