КИЕВ – Россия тарафидан Украина жанубидаги Каховка ГЭС вайрон қилинганига бир ойдан ошса ҳамки, бу ҳодиса Украина ва Қора денгиз минтақасига жиддий таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
6 июн куни эрта тонгдаги портлаш Каховка тўғонининг юқори қисмини вайрон қилди, натижада ўнлаб одамлар, жумладан, қутқарувчилар ва фронтга яқин ҳудудда Россиянинг ўққа тутиши натижасида эвакуация қилинганлардан айримлари ҳалок бўлди.
Москва ва Киев фалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган, бироқ тўғон Россия томонидан назорат қилинади ва Украина армиясига кўра, Москванинг мақсади қарши ҳужумни тўхтатиш бўлган.
«Афсуски, бу тўғонни ва бутун Каховка ГЭСни бир йилдан ошибдики, Россия назорат қилиб келмоқда», деди Украина президенти Владимир Зеленский 6 июн кунги чиқишида.
«Ва уни ташқаридан, снарядлар билан портлатиб юбориш жисмонан мумкин эмас», деди у.
«Бу Европада сўнгги ўн йилликлар ичидаги энг йирик техноген экологик ҳалокатдир».
Тўғон вайрон этилгунига қадар Днепр дарёси ва яқин атрофдаги шаҳар ва қишлоқларни босган 18 куб км сувни ушлаб турган эди.
Дарёдаги сув сатҳи икки ҳафта олдин ўз меъёрига қайтган.
Сув чекинган ер энди ўлик ўтлар, вайрон бўлган экинлар ва лойдан иборат тўқ жигарранг балчиққа айланди.
«Бу – одамлар, атроф-муҳит, иқтисод – ҳаммаси учун йирик фалокат», дейди Озод Европа/Озодлик радиосининг Херсонда яшовчи мухбири Иван Антипенко Карвонсаройга.
Кўпчилик бутун умри давомида ишлаб топган барча нарсасидан маҳрум бўлган, кўплаб уйлар таъмирлаб бўлмайдиган ҳолатга келган, деди у.
«У ердаги уйлар чиғаноқтош ёки cомонли лойдан қурилган, лой билан сувалган. Уйларнинг деворлари қийшайиб, томлари қулаб тушган».
«Ҳаммаси бироз қуриса ҳам у ерда энди яшай бўлмайди, чунки ҳамма нарса бўлакларга бўлиниб кетади. Сув уйлардаги бор нарсани бир лаҳзада вайрон қилди», деди Антипенко.
Кўнгиллилар ҳанузгача хавфсиз жойгача етиб бора олмаганларнинг жасадларини топмоқда, кўплаб одамлар бедарак йўқолган.
Айниқса, руслар назорат қилаётган Днепрнинг чап (шарқий) қирғоғидаги вазият мавҳумлигича қолмоқда, дейди кузатувчилар.
«Россиялик босқинчилар 47 киши ҳалок бўлганини айтмоқда, бироқ норасмий рақамлар аслида 500 дан ортиқ, чунки Корсункадан Песчанкагача бўлган тўртта қишлоқда қурбонлар ёки жабрланганлар ҳақида ҳанузгача маълумот йўқ. У ердаги магистрал йўл сув остида қолган», дейди Қора денгиз сиёсий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Владимир Молчанов Карвонсаройга.
Россияликлар одамларни қутқариш учун ҳеч қандай чора кўрмагани ва украиналик кўнгиллиларни киритмагани учун жуда кўп аҳоли ҳалок бўлди, деди у.
Руслар Россия паспортини олишни истмаганларни эвакуация қилишдан бош тортиб, БМТ инсонпарварлик миссиясининг Россия ишғоли остидаги чап соҳилга киришини тақиқлаган.
Улар «бу ер Россия ҳудуди, агар ёрдам бермоқчи бўлсангиз, Россия тарафидан киринглар» деб, маҳаллий ва украиналик қутқарувчиларга қутқарув ишларини олиб боришга рухсат беришмади, дейди Молчанов.
«Улар блокпостлардан ичкарига киритишмади.»
Қора денгиз учун фалокат
Каховка сув тўғонидаги фалокат бутун минтақада акс-садо берди.
Портлашдан сўнг Украинадан Болгария ва Туркия соҳилларига 150 дан ортиқ ўлик делфин оқиб келган, деб ёзади 20 июн куни Зеленскийнинг штаб бошлиғи Андрей Ермак Telegram каналида.
«Оқим жанубий Украинадан бу мамлакатларга кийик, тулки, қуёнларни оқизиб кетиши мумкин. Сув босган ҳудудда 20 мингга яқин ёввойи ҳайвонлар бор эди», деб айтган Ермак.
Айрим турлар буткул йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Майда кемирувчиларнинг учта эндемик тури «умуман йўқолиб кетган» бўлиши мумкин, дейди Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF) таҳлилчиси Наталя Гозак Карвонсаройга.
«Кемчирувчиларнинг 70 фоизи сув босган ҳудудга тўғри келар эди. Агар уларнинг ҳаммаси сув остида қолган бўлса, улар тез орада йўқ бўлиб кетади», дейди Гозак. Минтақада ҳали ҳам балиқлар нобуд бўлмоқда, деб қўшимча қилган у.
Сув тошқини билан боғлиқ ифлосланиш атроф-муҳитга ҳам таъсир қилиши мумкинлиги хавотирга сабаб бўлмоқда.
Украина қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги маълумотларига кўра, тўғон вайрон бўлганлиги сабабли балиқчилик саноати биргина катта балиқларнинг ўлимидан 4 миллиард гривен (108 миллион АҚШ доллар) зарар кўриши мумкин.
«Энг жиддий органик ифлосланиш Қора денгизга йўналган. Келажакда сув ўтлари сабабли унинг яшил рангга айланишини кузатишимиз мумкин, кислород эса камайиб кетади, бу эса Қора денгиздаги балиқ ва бошқа ҳайвонлар турларининг нобуд бўлишига олиб келади», дейди Гозак.
Каховка тўғони портлаганидан бери Қора денгизнинг шимоли-ғарбий қисми бўйлаб оқим чиқинди, машина ва бино бўлакларини оқизиб ўтмоқда.
Чўлга айланади
Тўғоннинг бузилиши сув омбори қуриганини англатади.
Ундан қолган балчиқ эса 20 см қалинликда, бу ер қишлоқ хўжалигида фойдаланишга ярамайди.
Бундан ташқари, портлаш бир миллионга яқин одамни ичимлик сувисиз қолдирган.
6 июн куни Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат сиёсати вазирлиги ўз веб-сайтида тўғоннинг вайрон бўлиши сабабли «жанубий Украинадаги далалар келаси йилдаёқ чўлга айланиши мумкин», деб ёзган.
«Бу инсониятга қарши жиноят. Энди бу очиқ қирғоқлар қурийди. У ерда ўсимликлар йўқ, бироздан кейин у ерлар чўлга айланади», деб айтган WWF ходими Гозак.
«Кейинги мавсумда қишлоқ хўжалигининг бу ҳудудлари сувсизликдан азият чекишига гувоҳ бўламиз. У ердаги аҳоли қандай яшайди?» дейди Гозак.
Экологларнинг таъкидлашича, қудуқларнинг далалардаги нитратлар ва патогенлар билан ифлосланиши жиддий хавф туғдиради.
Маҳаллий аҳолининг тегишли тиббий хизматлар ёки ичимлик сувидан фойдалана олмаслиги А тоифали гепатитнинг авж олишига ва бошқа касалликлар хавфига олиб келди.
«Сувда Вабо вибриони ҳам бор... Унинг ичишга яроқли эмаслиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Зарарланган сувларнинг барчаси қудуқларга боради, улар йўқ бўлиб кетмайди. Улардан умуман фойдаланиб бўлмайди», деб айтган Гозак.
Руслар ўзини террорчидек тутмоқда.
Жавоб беришФикрлар 1